Янги алифбо сабаб паспорт ва гувоҳномаларни алмаштириш керакми?

2 дақиқа ўқиш0
Янги алифбо сабаб паспорт ва гувоҳномаларни алмаштириш керакми?

Ўзбекистонда ўзбек алифбосига киритилган ўзгаришларни ҳаётнинг барча соҳаларига босқичма-босқич жорий этиш режалаштирилмоқда. Шу муносабат билан паспорт, ID-карта, ҳайдовчилик гувоҳномаси ва бошқа расмий ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби ҳам ўзгаради. Бироқ амалдаги ҳужжатларни фақат алифбо янгилангани сабабли алмаштириш талаб этилмайди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги жамоатчилик муҳокамасига қўйган қарор лойиҳасида маълум қилинган.

Янги алифбо қачон кучга киради?

21 октябрь куни президент Шавкат Мирзиёев лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштиришга оид қонунни имзолаган эди. Унга кўра, мураккаб ва ноқулай деб ҳисобланган тўртта ҳарф ўзгартирилади:

  • O‘ ўрнига Ö;

  • G‘ ўрнига Ğ;

  • Sh ўрнига Ş;

  • Ch ўрнига Ç қўлланилади.

Шунингдек, Ng ҳарфлар бирикмаси алифбодан чиқарилади. Янгиланган алифбо 28 та ҳарф ва битта тутуқ белгисидан иборат бўлади. Қонун 2027 йил 22 апрелдан кучга киради.

Паспорт ва бошқа ҳужжатлар алмаштириладими?

Қарор лойиҳасига кўра, фуқароларнинг амалдаги ҳужжатлари ўз юридик кучини сақлаб қолади. Жумладан, шахсий ва мулкий ҳуқуқларни тасдиқловчи ҳужжатларда аввалги алифбо шакллари мавжуд бўлиши уларнинг амал қилишига таъсир кўрсатмайди.

Яъни фуқаролар паспорт, ID-карта, ҳайдовчилик гувоҳномаси ёки кадастр ҳужжатларини фақат алифбо ўзгаргани учун қайта расмийлаштириши шарт эмас.

Бироқ қонун кучга кирганидан кейин янгидан бериладиган ёки белгиланган муддатларда алмаштириладиган қуйидаги ҳужжатлар такомиллаштирилган алифбода расмийлаштирилади:

  • Ўзбекистон фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ID-карталари;

  • хорижга чиқиш биометрик паспортлари;

  • ҳайдовчилик гувоҳномалари;

  • автомобилларнинг техник паспортлари;

  • давлат органлари ва хўжалик бирлашмалари ходимларининг хизмат гувоҳномалари;

  • кадастр ҳужжатлари.

Шу билан бирга, янги алифбода ҳужжатлар тайёрлаш бошланса-да, аввалги алифбода босилган бланкалардан 2028 йил 1 январга қадар фойдаланишга рухсат берилиши кўзда тутилган.

Паспортлардаги исм ва фамилиялар қандай ёзилади?

Қарор лойиҳасида биометрик паспортлар ва ID-карталарнинг визуал маълумотлар зонасида янги ҳарфларни акс эттириш тартибини қайта кўриб чиқиш ҳам назарда тутилган.

2027 йил январга қадар ушбу ҳужжатларда янги алифбо ҳарфларини акс эттиришнинг техник имкониятлари ўрганилади. 2027 йил апрелга қадар эса тегишли техник талабларни ишлаб чиқиш ва ҳужжатларни персоналлаштириш тизимларини мослаштириш бўйича таклифлар тайёрланади.

Бу вазифалар Ички ишлар вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Фанлар академияси зиммасига юклатилган.

Энг муҳими, фуқароларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми аввалги ёки янги алифбода ёзилгани сабабли уларнинг шахсини аниқлаш, давлат хизматларидан фойдаланиш ёки ҳужжатларини қабул қилишни рад этишга йўл қўйилмайди.

Оммавий ахборот воситалари ва жамоат жойларида ҳам ўзгаришлар бўлади

Қонун кучга кирганидан кейин оммавий ахборот воситаларида тарқатиладиган ахборотлар, шунингдек, матбаа ва ноширлик маҳсулотлари такомиллаштирилган алифбода тайёрланиши ва чоп этилиши режалаштирилган.

Давлат органлари, хўжалик бирлашмалари ва бошқа юридик шахслар ҳам расмий ҳужжатлар, ёзишмалар ва ахборотларни янги алифбода расмийлаштиради.

2027 йилдан бошлаб аэропорт, вокзал ва бошқа жамоат жойларидаги пешлавҳалар, ахборот ёзувлари ва кўрсаткичларни босқичма-босқич янгилаш кўзда тутилган. Автобус, метро, темир йўл ва бошқа транспорт воситаларидаги йўналишлар, бекатлар ҳамда хизмат маълумотлари ҳам янги алифбога мослаштирилади. Йўл белгилари ва манзил кўрсаткичларидаги ёзувлар ҳам ўзгартирилади. Рақамли ташқи ахборот воситалари ҳам такомиллаштирилган алифбога ўтказилади.

Давлат органлари, ташкилотлар ва маҳаллий ҳокимликлар бир ой муддатда ўз тизимидаги ўзгаришларни амалга ошириш бўйича йўл хариталарини ишлаб чиқиб, тасдиқлаши керак. Уларда бажариш муддатлари, молиявий манбалар ва масъул ижрочилар аниқ белгиланади. Топшириқлар ижроси эса ҳар ойда камида бир марта муҳокама қилиб борилади.

Қайд этиш жоизки, ҳозирда мазкур ҳужжат Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ҳисобланади. Унинг жамоатчилик муҳокамаси 2026 йил 6 декабрга қадар давом этади.

Мақола сизга ёқдими?

Обуна билан реклама бўлмайди

Zamin Premium — ойига 4 900 сўм

Изоҳлар0

…

  1. Футбол академиялари учун Skaut: тўлов, давомат ва ота-она билан алоқа энди битта тизимда
  2. Тошкентдан Америкага: Нурмухаммад Исмоилов Akinda орқали ҳалол инвестицияни глобал миқёсга олиб чиқмоқда
  3. Автосервисингизни рақамлаштиринг: Bip Business билан мижозларни йўқотманг
  4. Машина ойнасига рақам ёзиш хавфлими? Bip ҳайдовчилар учун янги ечим топди!
  5. 8 та кенг тарқалган молиявий хато: нималардан сақланиш керак?
  6. Playmatch: майдон эгалари ишини анча енгиллаштиради
  7. Playmatch: футбол ўйнаш учун керакли барча хизматлар битта иловада
  8. Кундалик харажатлар учун картани қандай танлаш мумкин?
  9. Элдор Шомуродов футбол академияси ва TBC Bank: болалик орзуларидан катта футболгача
  10. ANORBANK Бўстонлиқдаги 168-сон мактаб-интернат тарбияланувчиларини табриклади
  11. Ҳайдовчилар ва ташувчилар учун ОСГОП суғуртасининг афзалликлари...
  12. Pure Milky’дан навбатдаги креатив: Ҳар қадам — азиз инсонларга меҳр билан!
  13. Кредит олиш имкониятини ошириш учун қаерда ишлаш керак?
  14. Бизнес имкониятингизни кенгайтиринг
  15. Фаннинг ривожланишига барчамиз масъулмиз!
  16. XIV Тошкент халқаро кинофестивали қандай ўтказилмоқда?