АҚШда 70 ёшли маҳкумнинг қатл жараёни бир соатдан ошди: у оғриқдан дод солди

АҚШнинг Техас штатида 70 ёшли маҳкум Рейнальдо Деннесни ўлим жазосига ҳукм қилиш жараёни бир соатдан кўпроқ вақт давом этди. Тиббиёт ходимлари унга ўлимга олиб келувчи препаратни юбориш учун мос вена томирини топишда қийналган. Инъекция бошланганидан кейин эса маҳкум қарийб уч дақиқа давомида оғриқдан нолиб, Худодан азобини тўхтатишини сўраган. Бу ҳақда Associated Press хабар берди.
Маълум қилинишича, Деннес 1996 йил январь ойида Хьюстон шаҳрида заргарлик буюмлари савдоси билан шуғулланган Янош Сючнинг ўлдирилиши ва босқинчилик билан боғлиқ жиноят учун ўлим жазосига ҳукм қилинган. У 1997 йилда айбдор деб топилган.
Қатл 19 ноябрь куни Хантсвилл шаҳридаги қамоқхонада амалга оширилган. Жараён бошида ходимлар маҳкумга ўлимга олиб келувчи пентобарбитал препаратини юбориш учун вена томирини топишга бир неча бор уринган. Охир-оқибат, игналар унинг чап оёғи ва бўйнининг чап томонига ўрнатилган.
Препарат юборила бошлагач, Деннес оғриқдан инграшни бошлаган. У Худодан азобини тўхтатишини сўраб, «Бу нормал ҳолат эмас», дея бир неча бор такрорлаган. Шунингдек, ўнг оёғида кучли оғриқ борлигини айтган.
Қатл жараёнига гувоҳ бўлган Associated Press мухбири Майкл Грацик бу ҳолат ўзи фаолияти давомида гувоҳ бўлган юзлаб ҳукм ижроларидан кескин фарқ қилганини билдирган. Унинг айтишича, маҳкум қарийб уч дақиқа давомида оғриқдан нолиган.
Қамоқхона маъмурияти вакили Аманда Эрнандес барча жараёнлар белгиланган тартибда ўтказилганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, маҳкум препарат юборилишидан олдин ҳам оғриқдан шикоят қилган ва инъекция қилинмаган жойлари оғриётганини айтган. Шу сабабли вакил Деннес оғриқни бўрттирган ёки атайлаб ўзини қийналаётгандек кўрсатган бўлиши мумкинлигини тахмин қилган.
Маҳкум уни замбилга боғлаш бошланганидан 63 дақиқа ўтиб, соат 19:08 да вафот этган деб эълон қилинган. Қатл жараёнида юз берган ҳолатлар АҚШда ўлим жазосини ижро этиш усуллари ва уларнинг инсон саломатлигига таъсири юзасидан баҳсларни яна кучайтирди.
Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар
































Изоҳлар0
…