13:19 / 01.07.2017
7 720

Президент фармони: Ўзбекистонда Инновация маркази ташкил этилади

Президент фармони: Ўзбекистонда Инновация маркази ташкил этилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 30 июнь куни "Республикада ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш учун шарт-шароитларни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонга имзо чекди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Кейинги йилларда ахборот-коммуникация технологияларини (кейинги ўринларда АКТ деб аталади) давлат бошқаруви ва давлат хизматлари кўрсатишнинг барча соҳаларига жорий этиш бўйича босқичма-босқич ўтказилаётган ислоҳотлар ахборот хизматларини илгари суриш, «электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш ва амалга ошириш, халқ билан мулоқот қилиш ва аҳолининг кундалик муаммоларини жойларда ўз вақтида ҳал қилишнинг самарали механизмларини яратиш имконини берди.

Бу борада эришилган натижаларга қарамасдан, ахборот технологиялари ривожланиши ва уларни иқтисодиёт соҳаларига жорий этишнинг ҳозирги ҳолати, шунингдек маҳаллий дастурий маҳсулотларнинг экспорт даражаси ҳали ҳам пастлигича қолмоқда. Ахборот технологияларининг рақобатдош ва юқори унумдорликка эга тармоғини шакллантириш учун мамлакатнинг фан ва таълим соҳасидаги салоҳиятидан етарлича фойдаланилмаяпти.

Республикада амал қилаётган ташкилий-иқтисодий шароит АКТ соҳасида тез ўсишни намойиш этаётган хорижий мамлакатларда яратилган шароитларга нисбатан мамлакатнинг рақобатдошлиги пастлигини ҳисобга олган ҳолда ушбу соҳанинг янада ривожланишига етарли даражада ёрдам бермаяпти.

АКТнинг жадал ривожланиши янги имкониятларни очиб берар экан, давлат томонидан кенг кўламли қўллаб-қувватлашни ҳамда республиканинг халқаро АКТ бозоридаги ўрнини кучайтиришни талаб қилади.

АКТдан фойдаланишга асосланган иқтисодиётнинг юқори технологик тармоқларини шакллантириш ва фаол ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш, ахборот технологиялари маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ва буюртмачиларига қўшимча имтиёзлар ва преференциялар бериш ҳисобига ушбу тармоқда илм-фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг интеграциялашувини янада чуқурлаштириш, АКТ маҳсулотлари экспортини кўпайтириш, шунингдек маҳаллий ва хорижий инвестициялар жалб этилишини рағбатлантириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ва "Ўзбектелеком" АКнинг Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича "Mirzo Ulugbek Innovation Center" инновация марказини (кейинги ўринларда Инновация маркази деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.

2. Белгилаб қўйилсинки, Инновация маркази ахборот технологиялари маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун энг қулай шароитларни яратиш мақсадида бутун республика ҳудудида Инновация маркази резидентларини жойлаштирган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳудуди доирасида экстерриториаллик принципи асосида ташкил қилинади.

3. Қуйидагилар Инновация маркази фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

хўжалик юритувчи субъектлар ва олий таълим муассасаларининг ахборот технологиялари маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда ички ва ташқи бозорларда сотишга қаратилган ўзаро ҳамкорлигини кенгайтириш учун зарур ташкилий-техник ва молиявий-иқтисодий шарт-шароитлар яратиш;

АКТ соҳасида рақобатдош лойиҳаларни ички ва ташқи бозорларда сотиш учун хорижий инвестицияларни жалб этишда Инновация маркази резидентларига кўмаклашиш;

олий таълим муассасалари ва касб-ҳунар коллежларининг "ахборот технологиялари" мутахассислиги бўйича битирувчиларининг ишга жойлаштирилишини таъминлашда, шу жумладан иқтидорли ёшлар томонидан "старт-ап" лойиҳаларини амалга оширишда уларни қўллаб-қувватлаш йўли билан иштирок этиш;

қисқа муддатли ва ўрта муддатли ихтисослаштирилган курсларни ташкил этиш, шу жумладан чет эл мутахассисларини таклиф этиш йўли билан АКТ соҳасидаги кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлашни ташкил қилиш;

ёш тадбиркорлар томонидан ахборот технологиялари маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳасидаги истиқболли йўналишлар бўйича инновация лойиҳалари амалга оширилишини қўллаб-қувватлаш.

4. Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича "Mirzo Ulugbek Innovation Center" инновация марказининг Мувофиқлаштирувчи кенгаши (кейинги ўринларда Мувофиқлаштирувчи кенгаш деб аталади) иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин.

Қуйидагилар Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг асосий функциялари этиб белгилансин:

Инновация марказини ривожлантиришга кўмаклашиш борасида давлат органлари, илмий, таълим муассасалари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш;

республикада ахборот технологиялари соҳасини ривожлантиришда Инновация маркази фаолиятини тизимли мониторинг қилиш ва таҳлил қилиш;

Инновация марказининг фаолиятини такомиллаштириш ва ахборот технологиялари соҳасида хўжалик юритувчи субъектлар учун шарт-шароитларни, шу жумладан илғор чет эл тажрибаси асосида яхшилаш бўйича таклифлар тайёрлаш;

юридик шахсларни Инновация маркази резидентлари сифатида рўйхатга олиш ва уларни резидент мақомидан маҳрум этиш тўғрисидаги қарорларни қабул қилиш;

Инновация маркази резидентларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш.

5. Инновация маркази резидентлари 2028 йил 1 январгача бўлган муддатга:

барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни, шунингдек ягона ижтимоий тўловни тўлашдан;

белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, ўз эҳтиёжлари учун олиб кирилаётган ускуналар, бутловчи қисмлар, деталлар, узеллар, технологик ҳужжатлар, дастурий таъминот воситалари учун божхона тўловлари тўлашдан (божхона йиғимларидан ташқари);

ўзи ишлаб чиқарадиган товарлар (ишлар, хизматлар)ни экспорт қилишдан тушадиган валюта тушумининг бир қисмини мажбурий сотишдан озод этилсин.

6. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ Инновация маркази резидентлари:

ўзи ишлаб чиқарган товарлар (ишлар, хизматлар)ни экспорт қилишдан тушган пул маблағлари доирасида ходимларга иш ҳақи ва дивидендларни халқаро тўлов карталарига ўтказиш йўли билан нақд бўлмаган шаклда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳисоб-китобларни чет эл валютасида амалга ошириш;

экспорт контракти мавжуд бўлмаган ҳолда Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғидаги онлайн дўконлар орқали ишлар ва хизматлар экспортини чет эл валютасида амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлади.

7. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда:

ҳар йили берилган имтиёзлар ва преференцияларнинг АКТ миллий бозорининг ривожланишига таъсири, ички ва ташқи бозорларда дастурий маҳсулотлар ва АКТ хизматларининг рақобатдошлиги даражасини таҳлил қилсин ва таҳлил натижаларини кейинчалик Мувофиқлаштирувчи кенгашга киритсин;

2017 йил 1 ноябргача бўлган муддатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мамлакатимизнинг дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиларини рағбатлантиришни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 2013 йил 20 сентябрдаги ПҚ-2042-сон қарорига мувофиқ яратилган Дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчилари миллий реестрининг келгусида фаолият юритишининг мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги таклифларни Мувофиқлаштирувчи кенгашга киритсин.

8. Инновация маркази резидентлари билан тузилган меҳнат шартномалари бўйича ходимлар томонидан 2028 йил 1 январгача олинган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар:

7,5 фоиз миқдордаги қатъий белгиланган ставка бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига 4,5 фоизли ставка бўйича фуқароларнинг суғурта бадалларига тортилиши;

солиқ солиш мақсадида белгиланадиган жисмоний шахсларнинг умумий йиллик даромадлари ҳажмига киритилмаслиги белгилаб қўйилсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Марказий банк билан биргаликда уч ой муддатда республикада товарлар ва хизматларга ҳақ тўлаш учун халқаро тўлов карталарини қабул қилиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси резидентларининг банк ҳисобрақамларига Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғидаги онлайн дўконлар орқали товарлар ва хизматларни сотишдан олинган валюта тушумини ҳисобга олиш тизимининг мукаммал ишлашига доир зарур чоралар кўрсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги доимий асосда Инновация маркази резидентлари ахборот технологиялари маҳсулотларининг хорижга кириб боришини таъминласин.

11. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Инновация маркази тўғрисидаги низомни тасдиқласин, унда қуйидаги тартиб назарда тутилсин:

Инновация маркази ва Мувофиқлаштирувчи кенгаш фаолиятини ташкил этиш;

юридик шахсларни резидент мақомини олишнинг аниқ мезонларини белгилашни ҳисобга олган ҳолда Инновация маркази резидентлари сифатида рўйхатга олиш;

Инновация маркази резидентлари учун махсус валюта режимини қўллаш.

12. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Инновация маркази фаолиятининг оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини ташкил қилсин.

13. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси
Президенти Шавкат Мирзиёев

Тошкент шаҳри, 2017 йил 30 июнь

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Президент фармони: Ўзбекистонда Инновация маркази ташкил этилади