Ўтган ҳафта интернет нашрларда суратлари чоп этилган ўн олти талабанинг аянчли ҳолати кўз ўнгимдан кетмаётир. Аҳвол-руҳияти енгилтабиат аёлларни, истиҳолага не ҳожат, фоҳишаларни эслатади. Суратларда уларнинг қабоқларига ҳам қалин қора чизиқ тортилган. Таниш қийин. Қўлга тушган фоҳишалар жон ҳолатда яланғоч сийналарини чойшаб билан ёпишга уринса, ҳожатбарор йигитлар ерга қараган. Шалвираган. Фарқи – талабалар кийимда. Ҳатто айримлари ҳарбий формада. Лекин нафси, наҳси, фаҳши - ўхшаш. Бирлари танасини, бошқалари билимини ҳаром-ҳариш йўллар билан сотади. Моҳиятан - зино!
Воқеа жойи – Тошкент ахборот технологиялари университетининг (ТАТУ) махсус факультети. Вақти - абитуриентлар тест топширган кун – 2017 йилнинг 5 июли. Иловадаги бошқа суратда эса қарийб бир қоп қўл телефони. Катта-кичик, оқ-қора, эски-янги. Минг хил.
Ўн олти навқирон йигит. Оми десангиз – бировнинг ўрнига имтиҳон топширмоқчи бўлишган. Демак, хат-саводи бор. Нодон десангиз – ўйлаб топган «ҳунари қирқ эшакка юк» бўлади. Балки бу ҳунари ортидан илгари ҳам мазахўрак бўлишгандир. Яхши стипендия олишса, бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатилса, ҳатто мажлисларда адл-у инсоф, юксак маънавиятдан маърузалар қилишса, эҳтимол. Балки ўзларини имон аҳлидан деб ҳам билишар. Уларни ёллаган танбал абитуриентларнинг пул топиб, калла топмаган ота-оналари эса ваъдани қуюқ қилгани аниқ. Эҳтимол дурустгина ширинкома ҳам беришгандир. Ҳали касб-корининг тайини бўлмаган танбал ўғлида бунча маблағ –50-60 миллион не қилсин.
Бу пойтахтимиздаги нуфузли дорулфунуннинг битта (яна ҳарбийлашган!) факультетида юз берган воқеа. Фожиа! Қўлга тушгани ўн олти қаллоб. Тушмагани-чи? Аслида ҳайрон қоларлик жойи борми? Бу мамлакатимиз олий таълим муассасаларига хос кўргилик-ку! Миллий фожиа. Имтиҳонга бировнинг ўрнига бошқа бировнинг кириши, «ректорнинг рўйхати», «бункер», тест саволларини шпаргалька ёки телефондан фойдаланиб ечиш... Ишонмасангиз, биринчи август куни истаган олий ўқув юртининг дарвозаси олдига бориб туринг. Томоша қилинг. Талабаликка даъвогарлардан олиб қўйилган қоп-қоп телефон, ғарам-ғарам шпаргалька, китоб, ясамасоч - парикни кўриб, тавбалар қиласиз. Гўё айрим абитуриентларнинг бутун кучи, салоҳияти, иқтидори ўқиш, билим олишга эмас, имкони борича илму маърифатдан йироқроқ юришга, ҳамманинг кўзини шамғалат қилишга йўналтирилган. Фирибгарликнинг миллион хилини ўйлаб топишаётирки, кўриб, қилни қирқ ёрган қамоқхона нозирлари ҳам тилини тишлаши аниқ. Дарвоқе, шу кеча-кундузда энг бозори чаққон товар нима, биласизми? Уламасоч!
«Атайлаб учта телефон олдим. Бирини чўнтагимга, иккинчисини пайпоғимга яширдим, - дейди бир «уддабурон». – Учинчиси бошимда - парик тагида эди. Топишолмади! Ҳозир давлат грантига ўқияпман!».
Талант эмасми!
Эгаси минг пойлайди, ўғри - бир. Бундай уддабуронлар шу куч-ғайрати, маҳорати ва санъатини ўқишга, билим олишга сарфлаганида эди! Кадрлар танқислиги деган ўткир муаммо бу мамлакатнинг, бу жамиятнинг тушига ҳам кирмас эди. Жаҳоннинг энг мутараққий давлатлар Ўзбекистонга ҳавас билан қарар эди. Аслида, халқаро тажрибадан ўтган тест деб аталмиш замонавий синов усулини жорий этишдан мақсад йигит-қизларнинг билимига холисона баҳо беришдан, тамагирликка чек қўйишдан иборат эмасмиди!? Замонавий техникани, технологияларни алдаш йўлларини, усулларини «кашф» қилишди. Бундай «кашфиётлар» бераётган «юксак самаралар»ни эса ҳар қадамда кўриб, азобини тортиб турибмиз. Қайси соҳани олманг, димломли мутахассис тиқилиб ётибди. Лекин пичоққа илинадигани қанча?!
Кимни алдаяпмиз? Қачонгача ўз кўзимизга чўп суқамиз?
Ушбу сатрларни ёзаяпману хаёлимда қишлоқдошим Биноқул бот-бот гавдаланмоқда. Сочлари жингалакликка мойил, қорувли йигит. Оиланинг кўзга суртган фарзанди.
«Биноқулжон юридикага киради, - дерди отаси. – Пиркурар бўлади!»
Ота нега айнан «пиркурарлик»ни танлаган? Билмайман. Балки каттакон корхонанинг бухгалтери сифатида ички ишлар, прокуратура, суд сингари мўътабар идораларга тез-тез иши тушиб тургани учундир. Балки ўзининг ушалмаган орзу-армонлари бўлгандир.
Биноқул дорулфунунга кирди.
«Икки мошиннинг пули кетди!– дерди қувониб ота лотереясига ўнта машина ютгандай. – Майли, одам бўлса, юз баравар қилиб топади!»
Ўғил ора-сира қишлоққа келганида ҳаммани оғзига қаратгиси келарди: «Фалон министрнинг ўғли билан ўқийман. Фалон генералнинг қизи - курсдошим!»
Ота эса қишин-ёзин – йўлда. Қўлида – қоп, қони сириқиб турган бир гавда гўшт: «Биноқулжоннинг сессияси яқинлашиб қолди. Маллимларига ҳорманглашиб келай...»
Биноқулжон университетни тугатгач, бир муддат туман прокуратурасида, сўнг қайсидир судда, кейинроқ нотариал идораларда ишлаган бўлди. Бироқ қайси кўчага бош суқмасин, йўли қамоқхонага бориб туташаверди. Табиий. Дорилфунунга кириши, киргандан кейин – ўқиши, сўнгра иш топиши ўз-ўзидан бўлмаган. Чекилган харажатни фойдаси билан чиқариб олиши шарт. Ишлаш учун эса калла керак.
Бўш қоп тик турганини ким кўрган?
Баъзи идораларга зарур юмуш билан борсангиз, стол ортида ўтирган ходимнинг тап тортмасдан қўлингизга қараши шундан. Ишнинг ривожини эмас, ўзининг буромади-ю даромадини ўйлаши шундан!..
Беш йил деганда ота куя-куя адо бўлди. Қариндош-уруғи Биноқулни қутқара-қутқара бор-будидан жудо бўлди. Йигитнинг ўзи хафахонга чалиниб, оғзи қийшайиб қолди.
Биноқуллар – жамиятнинг оёғига боғланган тош! Биноқуллик бор экан, мамлакат ўнгланмайди. Хомтама бўлманг!
«Биноқулбойнинг ишлари энди-энди юриша бошлади, - дейишади бугун ҳамқишлоқларимиз. – Бир сурув эчкиси бор. Эчкибоқар!»
Худойим асли эчкибоқар қилиб яратган касни бандаси прокурор қила олмайди. Уриниб ўтирманг! Бировнинг асбоби бировнинг кунига ярамайди!
Жонқобил Жума
Манба: Kun.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»