5 833
Талабчан ислоҳотчи: Ўзбекистон учинчи дунё мамлакатидан «осиё аждари»га айланишга тайёргарлик кўрмоқда
Шавкат Мирзиёев салкам бир йилдан буён Ўзбекистоннинг иккинчи Президенти сифатида фаолият юритмоқда.
Бир қарашда, ҳокимиятга «ворислик асосида» эга бўлган давлат раҳбари мамлакатнинг амалдаги режимини асраб-авайлаши ва давом эттириши керакдек туюлади. Аммо унинг дастлабки саъй-ҳаракатлари тарихга ислоҳотчи сифатида кирмоқчи эканидан далолат беради.
«Московский комсомолец» экспертлар билан биргаликда Ислом Каримовнинг вориси Марказий Осиёдаги энг йирик давлат бўлмиш Ўзбекистонни қандай тараққиёт йўлидан бошлаб бораётганини ўрганди.
Банк соҳасидаги ислоҳотлар
Собиқ иттифоқда узоқ йиллар ёпиқ мамлакат, деб ҳисобланган Ўзбекистон банк тизимини деярли ривожлантирмади. Масалан, бир неча йил аввал мамлакатда банк карталари жорий этилди, аммо банкоматлар етарли эмас эди. Янги -Президент фаолият бошлаганидан сўнг вазият ўзгара бошлади. 2017 йил охирига қадар Тошкентнинг ўзида аҳоли банк карталаридан ўз маблағини олиши учун фойдаланадиган мингга яқин банкомат ўрнатилиши керак. Бундай қурилмалар барча банклар ва 50 нафардан ортиқ киши меҳнат қиладиган компанияларда ўрнатилади.
Дарвоқе, Ўзбекистонда банк карталаридан фойдаланиш даражаси кенгайиб бормоқда. Бугунги кунда иккита компания банк карталари чиқармоқда. Дастлабки UzCard компанияси 2004 йилда ўз фаолиятини бошлаган бўлса, GlobUzCard’га республика Марказий банки томонидан 2017 йилнинг 8 апрелида рухсат берилди. Ўзбекистон банк хизматлари соҳасидаги ушбу янги компания операцияларни хорижий валютада амалга ошириш имкониятига эга бўлиш учун халқаро тўлов тизимлари билан алоқани йўлга қўймоқда.
Валюта масаласи Президент тартибга солишни режалаштираётган иккинчи муҳим йўналишдир. Ўзбекистонда доллар асосий хорижий валюта ҳисобланади.
Мамлакатда долларнинг икки хил курси — расмий ва «қора бозор»да алмаштириш учун норасмий курси мавжуд.
Янги ҳокимият вазиятни тузатиш мақсадида долларнинг сўмга нисбатан курсини тартибга солмоқда. Натижада 2017 йил бошидан буён республикада пул бирлиги 15 фоиздан зиёд қадрсизланди. Айни пайтда 1 долларнинг расмий курси 3820 сўмни ташкил этади. Расмий Тошкентнинг маълумотларига кўра, ўтган йилнинг ёзида бу кўрсаткич 2950 сўм бўлган. Шундай бўлса-да, расмий курснинг ўсиши ҳали узоқ вақт давом этади. Негаки, шу йилнинг май ойи охирида «қора бозор»да 1 доллар нархи 8520 сўмни ташкил қилган.
Мамлакат банк тизими олдига валюта бозорини эркинлаштириш вазифаси қўйилган. Хусусан, илгари Ўзбекистон корхоналари валюта тушумининг 50 фоизини ўзида қолдирган бўлса, энди 25 фоизини топшириши керак. Бунда банклар хорижий валютани жалб қилиш бўйича фаол ишларни амалга оширмоқда. Буларнинг барчасидан кўзланган мақсад Ўзбекистон сўмини эркин конвертация қилинадиган валютага айлантиришдир. Авваллари банкдан валюта олиш деярли қийин масала эди. Аҳоли доллар сотиб олиб, фақат «қора бозор»да сотарди. Энди вазият ижобий томонга ўзгаради.
Шу билан бирга, мамлакатда паспорт тизими ҳам ислоҳ этилмоқда. Жумладан, биометрик паспорт ва виза бериш учун электрон навбат йўлга қўйилмоқда. Эҳтимол, келажакда ўзбекистонликлар хорижий паспортга эга бўлиши, хорижий давлатларга чиқиш стикерлари бекор қилиниши мумкин. Бу ислоҳотлар муваффақиятли амалга оширилса, мамлакат аҳолисининг фаоллиги ва бизнес рақобатдошлигини ошириш имконияти пайдо бўлади.
Янги ишлаб чиқариш йўналишлари
Пахта Ўзбекистоннинг «ташриф қоғоз»ларидан бири ҳисобланади. Шу билан бирга, пахта мамлакат обрўсини туширмоқда. Чунки етиштирилган ҳосил ҳали ҳам қўлда териб олинмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев бундай ҳолатга чек қўйишга қарор қилган. Республикада қўл теримига барҳам бериш учун йилига 1500 тагача пахта териш машинаси ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Шу йил охиригача 600 дан зиёд шундай техника конвейердан чиқади. «Ўзагротехсаноатхолдинг» раҳбари Нодир Отажоновнинг сўзларига кўра, пахтани машина ёрдамида териб олишга тўлиқ ўтиш учун қарийб 10 мингта комбайн керак бўлади. Ҳозирча далаларда қарийб 2 мингта пахта териш машинаси ишламоқда.
Аммо бу яна бир неча йил қўл теримидан фойдаланилади, дегани эмас. 2016 йил сентябрь ойи охирида давлат раҳбари вазифасини вақтинча бажарган Шавкат Мирзиёев Халқаро меҳнат ташкилоти тавсияларига мос келадиган янги таҳрирдаги «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонунни имзолади. Шу тариқа хотин-қизлар, вояга етмаган болалар, пенсия ёшидаги меҳнат лаёқати чекланган кишилар меҳнатини муҳофаза қилиш масаласига аниқликлар киритилди.
Шавкат Мирзиёев унумдорлиги паст ерларда пахта экиладиган майдонларни қисқартириш ҳаракатини бошлади. Энди бу ерларда мева ва сабзавотлар етиштирилади. 2017 йилдан 2020 йилгача ана шундай майдонларда пахта бошқа экинларга алмаштирилиши лозим.
Ўзбекистон раҳбарияти бир пайтнинг ўзида доривор ўсимликлар етиштирадиган ва қайта ишланадиган еттита эркин иқтисодий зонани ривожлантиришга қарор қилди. Бу ҳудудларда жойлаштириладиган корхоналар кўплаб солиқлардан озод этилиб, айрим божхона имтиёзларига эга бўлади. Бу миллий фармацевтика саноатини қайта тиклаш имконини бериши кутилмоқда.
Айни пайтда Ўзбекистон 6,3 минг номдаги дори-дармонларни сотиб олмоқда. Мамлакатда 2 минг номдаги турли дори препаратлари ишлаб чиқарилмоқда.
Ташқи сиёсат
Шавкат Мирзиёев мамлакатни бошқараётган деярли бир йил давомида айнан ташқи сиёсат унинг фаолиятида энг муваффақиятли йўналишлардан бирига айланди. У нафақат қўшни давлатлар билан янги иқтисодий шартномалар тузиш, балки чегараларни делимитация қилиш тўғрисидаги музокараларни қайта тиклади. Бу борадаги баҳс-мунозаралар СССР парчалангандан буён минтақани ташвишга солиб келаётган эди. Мирзиёев мамлакат Президенти лавозимига киришгандан сўнг Туркманистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Хитой ва АҚШ раҳбарлари билан музокаралар ўтказди.
Туркманистон раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедов Ўзбекистоннинг Туркманистон бандаргоҳлари орқали Каспий денгизига чиқишига розилик берди, 2020 йилгача иқтисодий ва маданий ҳамкорлик тўғрисида қатор шартномалар имзолади. ХХР Раиси Си Цзиньпин ва Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг турли соҳалари — маданий-гуманитар соҳалардан бошлаб энергетика тармоғигача инвестиция киритишга тааллуқли 100 га яқин шартнома имзоладилар. Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев ҳам ишбилармонлик соҳасида фаоллик ортиб бораётганини таъкидлади. Унинг маълумотларига кўра, шу йилнинг биринчи чорагида Қозоғистон билан Ўзбекистон ўртасидаги савдо айланмаси 37 фоизга ўсган. Бундай кўрсаткичга икки давлатнинг вазирликлар ва ҳудудлар раҳбарлари даражасидаги вакилларининг мунтазам учрашувлари натижаси ўлароқ эришилди. Қирғизистон билан ҳам ҳар ойда чегараларни делимитация қилиш тўғрисида музокаралар олиб борилмоқда. Тошкент ва Бишкекдан маълум қилишларича, ушбу музокаралар ҳар гал муваффақиятли якунланмоқда.
Ички сиёсат
Ўзбекистоннинг ички сиёсатида ҳам муаммолар тўпланиб қолган. Масалан, Шавкат Мирзиёев ўз чиқишларидан бирида милиционерлар жамоатчилик манфаатига эмас, балки кўпроқ ўз манфаатига хизмат қилаётганини очиқ-ошкора танқид қилди. Вазиятни ўнглаш учун у прокурорлар ва ИИБ бошлиқларига маҳаллий телевидение орқали ўз фаолияти натижалари ҳақида мунтазам ҳисобот беришни топширган. Бундан буён ишда йўл қўйилган хато учун нафақат оддий ходимлар, балки ўз қўл остидагилар иши сифатини оширишга масъул бўлган раҳбарлар ҳам жавоб беради.
2016 йил охирига қадар Ўзбекистонда милиция фаолиятини тартибга соладиган қонун йўқ эди. Ўтган йилнинг сентябрь ойида шундай қонун қабул қилинди.
2017 йилнинг охиригача сўроқ ўтказиладиган барча хоналарга аудио ва видеокузатув тизимлари ўрнатилади. Шу билан бирга, суриштирув ишларини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш бўлимлари ташкил этилиб, уларда ҳуқуқ соҳасида олий маълумотга эга бўлган мутахассислар ишлайди. 1 майдан мамлакатда «Ишонч телефонлари» ишга туширилди. Ушбу телефонлар орқали ҳар бир ўзбекистонлик ички ишлар органларининг у ёки бу ходими ўз хизмат ваколатидан четга чиқиш ҳолатлари ҳақида хабар бериши мумкин.
Мамлакат соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, соғлиқни сақлаш тизимида тамагирлик, коррупция ҳолатлари авж олган эди. Президент бу борада, айниқса, туғуруқхоналарда ишлайдиган аксарият акушерлар фаолиятини кескин танқид қилиб, бундай порахўрни ишдан олиб, уларнинг ўрнига ёш мутахассисларни ишга қўйиш бўйича топшириқлар берди.
Ўзбекистонда СССР парчаланганидан кейин тугатилган педиатр ва ўсмирлар гинекологлари лавозимини қайта тиклашга қарор қилинди.
Шунингдек, қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятини ҳам янгича асосда такомиллаштириш ишлари бошланди. Бундан ташқари, Ўзбекистон раҳбари мамлакатда хусусий соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришнинг таркибий қисми бўладиган тиббий суғурта тизимини жорий этиш масаласини ўртага қўйди. Унинг сўзларига кўра, бу борадаги тегишли қонун шу йилнинг октябрь ойида эълон қилиниши зарур. Ушбу ҳужжатда Ўзбекистон аҳолиси ўз суғурта гувоҳномаси бўйича тўлайдиган бадаллар миқдори белгилаб қўйилади.
Ислоҳотларнинг узвий давоми сифатида 2017 йилнинг бошидан Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида Халқ қабулхоналари ташкил этилиб, уларга мамлакат аҳолиси ҳокимият вакилларига ўз шикоят ва мурожаатларини йўлламоқда. Норасмий статистика маълумотларига кўра, илгари ушбу мурожаатларнинг қарийб 80 фоизи кўриб чиқилмас эди. Агар олдин бундай ҳолатлар эътиборсиз қолдирилган бўлса, апрель ойининг ўзида ҳудудларда фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқишни рад этган бир неча ўнлаб амалдорлар эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Президент Мирзиёевга бундай кенг кўламли ислоҳотлар ўтказиш нима учун зарур бўлгани ва улар қандай натижа бериши ҳақида эксперт «Московский комсомолец»га қуйидаги фикр-мулоҳазаларни билдирди:
Рафаэль САТАРОВ, Жорж Вашингтон университети Эллиот халқаро муносабатлар мактабининг таклиф этилган тадқиқотчиси:
— Ўйлайманки, Мирзиёев давлат раҳбари сифатида кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишни астойдил истайди. Бироқ ҳукмрон элита аъзолари бунга тайёр эмас.
Эҳтимол, Мирзиёев Ўзбекистон келажагини демократик эркинликлар мавжуд бўлмаган шароитда иқтисодий фаровонлик таъминланаётган Жанубий Корея ёки Тайваннинг авторитар усулида кўраётгандир.
Шунга қарамай, Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларининг фаолияти эркинлашганини сезмаслик мумкин эмас. Илгари улар вазирларни танқид қилиб, ҳокимият тарафдори бўлмаган сиёсатчиларга сўз бериши каби ҳолатларни тасаввур қилиш қийин эди. Газеталарда «Президент маъмуриятидаги бизнинг манба» деган сўзлар пайдо бўлмоқда.
Мамлакат раҳбариятининг очиқ мулоқотга ёндашуви ҳам ўзгармоқда. Агар Каримов бошқаруви даврида халққа -Президентдан бошқа ҳеч ким мурожаат қилмагани боис Ўзбекистон аҳолиси ўз мамлакати вазирлари ва мансабдор шахсларидан кўра, Россия вазирлари ва губернаторларини яхшироқ таниган бўлса, энди телевидение орқали республика ташқи ишлар вазири давлатнинг ташқи сиёсий йўли ҳақида очиқ гапирмоқда. Мирзиёев, эҳтимол, ўз атрофида ислоҳотчилар жамоасини ташкил этишга интилмоқда.
Станислав ПРИТЧИН, РФА Шарқшунослик институтининг Марказий Осиё, Кавказ ва Урал-Поволжьени ўрганиш маркази илмий ходими:
— Мирзиёев анча йиллар давомида иқтисодиётнинг реал сектори, жумладан, қишлоқ хўжалигини назорат қилди, мамлакатнинг барча ҳудудларида бўлимлари бўлган Либерал-демократик партияга раҳбарлик қилди. Шу муносабат билан у Ўзбекистон халқининг ўртача ёши 27 ёшни, умуман, мамлакат аҳолиси 30 миллиондан ортиқни ташкил қилишини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистоннинг протекционистик чора-тадбирларга таянган ривожланиш моделини янгилаш зарурлигини яхши англайди. Ҳар йили меҳнат бозорига минглаб ёшлар кириб бормоқда ва уларни иш билан таъминлаш долзарб масалага айланмоқда.
Мирзиёев бу муаммони ҳар томонлама тушунган ҳолда Президент вазифасини бажарувчи мақомидаги дастлабки чиқишида янги иш ўринларини ташкил қилиш энг асосий вазифалардан бири экани ҳақида гапирган эди. Бу вазифа ўз вақтида иқтисодиётни эркинлаштириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва бошқа кўпгина масалаларни ҳам назарда тутади.
Боз устига, бу борада Ўзбекистоннинг иккинчи Президентининг шахсий амбициялари ҳам борлигини таъкидлаш лозим. Мирзиёев мамлакатни тизимли асосда қайта ўзгартиришни бошлаганига қараганда, у Каримовнинг муносиб шогирди бўлишга ва тарихдан талабчан ва қатъиятли ислоҳотчи сифатида жой олишга интилмоқда.
Консерватив доира вакиллари анча кучли бўлса-да, Ўзбекистонда ўзгаришлар жадал амалга оширилмоқда. Масалан, энди ҳудудлардаги ҳар қандай амалдор бирон-бир аризачига жавоб бермасдан, уни сарсон-саргардон қилишдан аввал ўн карра ўйлаб кўради.
Айни вақтда Пекин, Остона ва Москва билан тузилган халқаро битимлар якуни бўйича Ўзбекистон умумий қиймати 50 миллиард долларлик лойиҳаларга эга бўлди. Яқин вақт ичида ушбу сармоялар республика иқтисодиётини ривожлантиришда ўз амалий таъсирини кўрсата бошлайди.
Ўз-ўзидан аёнки, ҳар қандай ислоҳотни нафақат қонунчиликда мустаҳкамлаш, балки амалга ошириш учун узоқ вақт -талаб этилади. Шундай бўлса-да, мамлакат раҳбарияти ўзининг асосий йўналишини аниқ белгилаб олган ва ундан четга чиқиш ниятида эмас.
Манба: Kun.uz “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»