07:40 / 16.09.2017
6 000

«Қора олтин» васвасаси-2. Нега вилоятларда ёқилғи муаммо?

«Қора олтин» васвасаси-2. Нега вилоятларда ёқилғи муаммо?
Kun.uz сайтида 14 сентябрь куни Навоий вилояти божхона бошқармаси ахборот хизматининг «Қора олтин» васвасаси сарлавҳали мақоласи нашр қилингач, ўқувчилардан эътирозли муносабатлар кела бошлади. Мақолада нефть ва ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари мамлакат ҳудудида ноқонуний айланиши бўйича учраётган ҳолатлар аниқлангани келтирилиб, бундай ҳолатларга қарши курашиш тарғиб қилинганди.

Деярли ҳар куни марказий телеканалларда пойтахтдан вилоятларга бензин олиб кетаётган ҳайдовчилар қонун бузувчилар сифатида сазойи қилинади, божхоначиларимиз республика ичида ноқонуний айланаётган нефть маҳсулотлари қўлга олингани ҳақида шараф билан хабар беришдан чарчамайдилар, вилоятлардаги кўчалар бўйида елим идишларда ёқилғи сотаётганлар бир қарашда бировнинг ҳожатини чиқаришаётган бўлишса ҳам ҳамманинг кўзига балодай кўринади.

Албатта, нефть маҳсулотлари белгиланган тартибда ташилиши, қатъий нархларда қонуний сотилиши шарт, буни ҳеч ким инкор этмайди. Лекин шунча чекловларга қарамай ноқонуний йўлларни тутаётганлар нега камаймаётгани тўғрисида бир ўйлаб кўриш, ҳаммасини рўй-рост айтиш фурсати келмадимикан?

Агар ошкоралик тамойилига амал қиладиган ва барча билиб турган гапни айтадиган бўлсак, ҳамма мазмун бир жумлага жойланади: пойтахтдаги АЁҚШларда бензин бор, эмин эркин сотилмоқда, вилоятлар эса бундай неъматдан маҳрум. Тамом!

Айни шунинг учун ҳам ҳар қанча чекланса ҳам, тутиб жазоланса ҳам, мусодара қилинса ҳам бензин ташиш давом этаверади. Модомики, вилоятлардаги ҳайдовчилар қонуний харид қилиш имкониятига эга бўлмас эканлар, ноқонуний савдо авж олаверади. Чунки айрим ҳудудларимизда ёқилғини қонуний харид қилишнинг мутлақо имкони йўқ.

Келинг, оддий мисолларга мурожаат қиламиз. Интернетни титкиласангиз, АЁҚШларда пайдо бўлаётган ва километрлаб чўзилаётган автомобиллардан иборат навбатлар видеоси талайгина. Бир фойдаланувчи эринмай 3 километрга чўзилган навбатни суратга олгани ҳам бор гап. Ҳайдовчилар бензин кутиб тушгача умрлари ўтаётгани, шунча кутиб ҳам кўп ҳолларда ёқилғи қуя олмаётганлари, охир-оқибат «қўл»дан тўрт-беш мингдан сотиб олаётганларини айтиб нолишади. Хўш, оддий савол, бундай инсонлар нима қилишлари керак? Сотилиши лозим бўлган жойда сотилмаса, тўрт ғилдирак айланиб туриши шарт бўлса? Оғизда бўлса ҳам бутун тизимнинг пўстагини яхшилаб қоққанларича икки баробар нархда бўлса ҳам сотиб оладиларда.

Бир воқеага эътибор беринг. Тошкентдан вилоятга йўлга чиққан ҳайдовчилардан бири у томонларда ёқилғи тақчиллигини ҳисобга олган ҳолда иккита идишда 50 литр захира қилиб йўлга тушади. Машинани тўхтатган ЙПХ ходимлари бунга эътироз билдиришади ва бензин мусодара қилинишини айтишади. Ҳайдовчи бу бензин қайтиш учунлиги, борган жойидан сотиб ололмаслигини билдирганида «Майли, 30 литр қайтишингиз учун етарли, қолгани ноқонуний» дея баҳолашади. Шу ўринда савол туғилади: автомобилда қўшимча ёқилғи олиб юришнинг аниқ меъёри борми? Нега уни вазиятга қараб ҳар ким ўзича талқин қилади? Умуман олиб юриш мумкин бўлмаса, айни мана шундай ҳолларда қандай йўл тутиш мумкин?

Бу муаммо аввал ҳам кўтарилган. Қисман расмий жавоблардан бири «Ўзнефтмаҳсулот» масъул ходимининг телефон орқали «Кун сайин автомобиллар кўпаймоқда, ёқилғи танқис бўлиши табиий» деган қисқа жавоби бўлганди. Лекин шундай бўлсада бу борада ҳам (кўплаб бошқа соҳалар каби) пойтахтнинг омади чопган (пойтахтда автомобиллар сони кўпаймаяпти шекиллида).

Вилоятдан қатнаётган машиналар эса одам ташишдан ҳам кўра ёқилғи ташишга кўпроқ ишқибоз. Улар олиб бориб кимгадир сотишади, ўша кимдир ўз устамасини қўяди ва инсофли бўлса, шундоқ сотади. Агар виждони ҳам ҳаминқадар бўлса, аввал литридан уради, кейин ҳар хил нарса аралаштиради. Бора-бора бечора ҳайдовчи икки карра қимматлиги камлик қилгандай сифати ҳам шубҳа остида бўлган ёқилғини сотиб олишга мажбур.

Соҳани тушунган инсонлар турлича сабабларни билдиришади. Ўзбекистоннинг нефть захиралари ўз эҳтиёжларини қондира олмаслиги, ёки бензин ўрнига метан ёқилғисига ўтишни тезлаштириш учун атайлаб танқислик юзага келтирилиши каби тахминларни илгари суришади.

Мутасаддиларга бу борада савол берилганида «Биз барча ҳудудларга керакли миқдорда ёқилғи тарқатмоқдамиз. Айрим инсофсиз сотувчилар нефть маҳсулотлари қўлга чиқиб кетишига сабабчи бўлмоқдалар. Биз уларга қарши курашаяпмиз. Агар шундай ҳолатга дуч келсангиз, фалончи ишонч телефонимизга қўнғироқ қилинг» деган жавобдан нарига ўтишмайди.

Бироқ ёқилғининг ноқонуний савдоси қаердан пайдо бўлаётгани тўғрисида гапирмасликни афзал кўришади. Ахир АЁҚШларда ўз пулингизга, белгиланган нархларда, хоҳлаган пайтингизда сифатли ёқилғи харид қила олсангиз, «қўл»дан сотиб олишга на ҳожат? Кирачиларга пойтахтдан бензин ташишдан нима наф?

Бу қизиқ:
Россия президенти Владимир Путиннинг ОАВ билан тўғридан-тўғри мулоқоти чоғида шундай савол беришганди: “Нима учун бундан бир неча йил олдин буғдой ва нефть деярли бир хил нархда эди, бугунги кунда буғдой эски нархда турибди, нефть эса уч баробар ошди. Наҳотки бензин нондан муҳимроқ бўлса?”.

Бу фикрда жон бор. Ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари биринчи навбатдаги ҳаётий эҳтиёжлар қаторида туради. Шундай экан, уларнинг таъминотини ҳам тўғри йўлга қўймоқ лозим. Мамлакатимизда кўплаб соҳаларда ислоҳотлар ўтказилмоқда. Балки тез орада нефть маҳсулотлари таъминоти масаласи ҳам ўз ечимини топса ажаб эмас.


Аброр Зоҳидов

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » «Қора олтин» васвасаси-2. Нега вилоятларда ёқилғи муаммо?