08:06 / 29.12.2017
6 814

Кореядан ўзбекистонлик 99 талаба диплом билан қайтмоқда

Кореядан ўзбекистонлик 99 талаба диплом билан қайтмоқда
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг хабар беришича, 27 декабр куни Жанубий Кореянинг Инҳа университети вице-президенти Инкё Чонг бошчилигидаги делегация вазирликка ташриф буюрди, деб ёзади «Terabayt» сайти.

Учрашувда Инкё Чонг Тошкент шаҳридаги Инҳа университети битирувчи курс талабаларининг "3+1" лойиҳаси доирасида Корея Республикасидаги Инҳа университетидаги ўқув курсини муваффақият билан якунлаганликлари мамнуният билан қайд этган.

Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг "Компьютер ва дастурий таъминот инжиниринг" факултетининг 99 нафар талабаси жорий йилнинг июнидан бошлаб таълимни Корея Республикасининг Инчхон шаҳрида жойлашган Инҳа университетида давом эттириб келишаётган эди. "3+1" лойиҳаси ўзбекистонлик талабаларнинг 3 йил Ўзбекистонда ва 1 йил Кореяда таҳсил олишларини кўзлайди. Хориждаги ўқув курсларида ёшларимиз 2 семестр давомида етакчи эксперт ва профессорлардан таълим олишди. 27 декабрда Инчхон шаҳрида Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг илк қалдирғоч-талабаларининг тантанали битирув маросими бўлиб ўтди.

Барча талабалар 2017 йилнинг 22 декабрь куни Ўзбекистонга қайтиб келишди ва эндиликда ўқишларини ҳамда амалиёт дастурини Тошкентда давом эттирадилар.

Мазкур воқеа ҳақида гапирар экан, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ректори Сарвар Бобоходжаев шундай деди: “Биз Жанубий Кореядаги ҳамкорларимиз билан дастурни муваффақиятли амалга оширдик ва талабаларимиз муносиб натижаларга эришишди. Биз Ўзбекистон ёшларининг натижаларидан мамнунмиз. Энди талабалар Тошкентдаги битирувга тайёрланадилар”.

Университетнинг асосий мақсади IТ-саноатининг келажакдаги етакчиларини тайёрлашдир. Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг ёзида Тошкент шаҳридаги Инҳа университети талабаларининг биринчи битируви бўлиб ўтади.

Учрашув давомида самарали амалга оширилаётган иккитомонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш, жумладан бакалавриат йўналишида янги йўналишларни жорий қилиш, шунингдек магистратура бўлимини ташкил қилиш масалалари юзасидан келишувларга эришилди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Кореядан ўзбекистонлик 99 талаба диплом билан қайтмоқда