17:12 / 18.02.2018
9 355

Президент яна МХХнинг кирдикорлари ҳақида: «Керак бўлса столбани ҳам олиб бориб қамарди»

Президент яна МХХнинг кирдикорлари ҳақида: «Керак бўлса столбани ҳам олиб бориб қамарди»
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 16 февраль куни Бухоро вилоятининг Пешку туманида ўтказилган вилоят фаоллари билан учрашувда ҳам Миллий хавфсизлик хизматини танқид остига олган. Бу ҳақда «Озодлик» радиоси хабарига асосланиб Кун нашри маълум қилмоқда.

Унгача Президент 19 январь куни Қизириқ тумани ҳокимлигида Сурхондарë вилоят фаоллари билан ўтказилган учрашувда МХХ раисининг уч муовини ва ўнлаб зобитлари ишдан олинганини таъкидлаб ўтган эди.

Президентнинг айтишича, МХХнинг Бухоро вилоятидаги ходимлари ҳам кўплаб адолатсизликларга йўл қўйган, гуноҳсиз тадбиркорларни олиб бориб қамаган.

Президент сўзлари ёзилган аудиофайлни ўша мажлисда иштирок этган фаоллардан бири радиога тақдим этган.

Шавкат Мирзиёевнинг мажлисда айтишича, ваколат доирасидан четга чиқиб кетган МХХ ходимларининг фаолияти Бухорода ҳам норозиликлар ошишига сабаб бўлган:

«Барча раҳбарлар хотиржамликка берилмасдан кўзини каттароқ очадиган вақт келди. Айниқса, шу тўртта раҳбар, ҳозир бешинчиси ҳам қўшилган. Бизда битта ташкилот бор: миллий хавфсизлик деган жаноблар бор. Сизлар ҳаммаларинг биляпсизлар, қанақа ўзгаришлар Ўзбекистонда бўляпти. Битта давлатнинг идорасига шунча ваколат бериш, бу умуман давлатга бўлган қип-қизил хиёнатчилик. Шунинг учун Бухорода ҳам норозичилик. Менга келган хатлар (муаллифлари) жуда норози. Тадбиркорларни бошини еган ўша ташкилотлар ҳали ҳам бор», — дейди Президент.

Президентнинг айтишича, унинг қўлида МХХнинг Бухородаги жиноятлари ҳақида етарли далиллар бор:

«Бухородан менда жуда кўп манба бор. Тадбиркорларни айбсиз қамагани, қандай қийнагани, расмлари ҳам бор менда. Ўша ишни қилган терговчиларнинг ҳаммасининг фамилияси бор. Худо хоҳласа, соғ-саломат юрсак, вақт келади, телевизорда кўрасизлар. Уларни ҳам худди шу куйга солдираман. Нима учун, адолат бўлиши керак. Йигирма йил бўлса, йигирма йил қамалади», — дейди Президент.

Шавкат Мирзиёевнинг айтишича, МХХ дастидан жуда кўп тадбиркорлар Бухорони тарк қилишга мажбур бўлган:

«Битта салгина кўкарган одамни тагинг ким — отанг ким, онанг ким, деб текширавериб, ҳаммани ўлдирди. Ҳамма ишбилармон Бухородан кўчиб кетди. Бошқа давлатларда, бошқа юртларда, бошқа шаҳарларда сарсон-саргардон бўлиб юрибди. Бу ҳам ҳақиқат. Шунинг учун бу жанобларни ҳам жойига қўйиб, мана ўтирибди кўпи ерга қараб. Булар бундай мажлисларга келмас эди, булар гўёки ўзлари ў-ў-ў каттакон эди. Буларни худди ота-онасидан қолган бир ваколати бордай, амир Олимхон ҳам туғилганда буларга бунча ваколат бермас эди», — дейди Президент.

МХХга берилган чексиз ваколатни танқид қилган президент, тизим фаолиятини ўтган асрнинг 30-йилларидаги қатағонга солиштирди:

«Буларга ҳеч ким бундай ваколат бермаган, лекин ўзлари олди. Агар адолат керак бўлса, мана шу адолатни, албатта, қонун устивор бўладими, жазо муқаррар бўладими, тартиб бундан ҳам қаттиқ бўлади, лекин адолатли бўлади. Битта погон кийган ноинсофларга бирорта давлатда ундай ваколат берилмайди. 37-йил ҳам бундай бўлмаган. Шунинг учун ҳамма нарса жой-жойига тушади, мен ҳозир айтмоқчи эмасман, уларнинг кўпи қонун олдида жавоб беришни бошлади. Булбулдай сайрайди, булбулчадек. Ҳали кирган йўқ улар, кўп фуқароларни киргизган жойига», — дейди Президент.

Шавкат Мирзиёв МХХни «қутурган ит»га қиёслаб, улар «керак бўлса столбани ҳам қамашини» айтади:

«Мана бир-иккиталари умрбод қамоққа кетди, ҳамма погонини олиб ташладик. Буларни ҳам шундай қиламиз, нега десангиз, энг ёмон иллатли ташкилот Сурхондарё билан Бухорода бўлиб, булар жуда қутурган эди. Кечирасизлар, қўполроқ бўлса ҳам. Ўтирибди, мана, шу ташкилотнинг раҳбарлари. Ҳеч ёққа бормайди булар энди, шундай ишлайдики, ўҳ-ҳў, кўрасиз ҳали. Бухорода бошлаяпмиз тозалашни, Бухорода бу ташкилот қутурган ит эди. Хоҳлаган одамни нима қилса, қиларди. Керак бўлса, “столба”ни ҳам олиб бориб қамарди. Адолатни барибир ўрнатамиз. Мана уч-тўрттасининг жиловини ушлаб ичкарига киргизувдик, ўн кун бўлгани йўқ, ким топшириқ берган, нима қилган, Бухоро тўғрисида, булбулдай сайраяпти», — деди Шавкат Мирзиёев 16 февраль куни Бухоро вилоятининг Пешку туманида вилоят фаоллари билан бўлган учрашувда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Президент яна МХХнинг кирдикорлари ҳақида: «Керак бўлса столбани ҳам олиб бориб қамарди»