Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 22 февраль куни видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда хорижий туристлар оқимини кўпайтириш ва ички туризмни янада ривожлантириш, сайёҳлик хизматларини яхшилаш ва турларини кенгайтириш бўйича кўрилаётган чоралар натижадорлиги танқидий таҳлил қилинди, деб хабар беради Президент матбуот хизмати.
Йиғилишда электрон виза тизимини белгиланган муддатда тўлиқ ишга тушириш, жаҳон тажрибасини ўрганган ҳолда бу тизимни янада соддалаштириш ва хорижий туристлар келиши тартибини мунтазам енгиллаштириб бориш бўйича топшириқлар берилди.
Туристлар мамлакатга келгандан сўнг яшаш жойи бўйича 3 кун ичида рўйхатдан ўтиши зарурлиги уларга ноқулайлик туғдираётгани қайд этилди. Сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг вазифаси бўлиши кераклиги таъкидланди.
«Турист саёҳат қилиши, ички ишлар идораларида сарсон бўлмаслиги керак. Агар биз туризм ҳисобига иш ўринлари очамиз десак, туристга шарт қўйиш эмас, балки шароит яратишимиз зарур», — деди Шавкат Мирзиёев.
Шу боис рўйхатга олиш тизимини тўлиқ электрон шаклга ўтказиш, бу масалани ички ишлар идоралари, меҳмонхоналар, даволаш муассасалари, хусусий уйлар ва шу каби жойлаштирувчи жисмоний ва юридик шахсларнинг мажбурияти сифатида белгилаш, туристларни бундай ташвишдан холи қилиш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Йиғилишда 2017 йилда Ўзбекистонга қарийб 2 миллион 700 минг турист ташриф буюргани айтилди. Бу кўрсаткич сифат жиҳатидан таҳлил қилиниб, қариндошларини кўриш, даволаниш, ўқиш ёки тижорат каби мақсадларда келаётганлар кўпчиликни ташкил этиши таъкидланди.
Туризм салоҳиятини оширишда авиақатновларнинг тутган ўрнига алоҳида эътибор қаратилди.
Йиғилишда қайд этилганидек, 30 кунгача виза олиш бекор қилинганидан кейин икки кун ичида Исроилдан Ўзбекистонга келиш учун июнь ойигача бўлган авиачипталар сотиб бўлинган. Шу боис виза режими бекор бўлган давлатлардан қатновлар сони оширилади, Тошкент шаҳридан ташқари Бухоро, Самарқанд, Урганч, Навоий ва Қарши шаҳарларига ҳам тўғридан-тўғри рейслар очилади.
Президент сайёҳларнинг кайфиятига таъсир қиладиган энг кичик жиҳатларгача эътибор қаратди. Аэропортлар залларидаги чироқлар хиралиги, паспорт назорати кабиналари тўлиқ ишламаслиги, узундан-узоқ сунъий навбатлар, такси хизмати кўрсатувчи хусусий автомобиль эгаларининг тартибсизлиги каби ҳолатларни яхшилаш бўйича ҳам топшириқлар берилди.
Йиғилишда янги хизмат ва савдолар ташкил этиш орқали валюта тушумини кўпайтириш масаласига алоҳида аҳамият қаратилди. Хусусан, сувенирлар ишлаб чиқариш ва уларни махсус киоскларда сотиш, аэропортларда фаолият юритадиган «Дюти фри», «Такс фри» тизимидаги савдо шаҳобчаларини туристик шаҳарларда ҳам очиш, тадбиркорлик субъектларини жалб қилган ҳолда автомобиль ижараси марказлари ва Wi-Fi зоналар ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.
Қадимий шаҳарларда туну кун ишлайдиган сайёҳлик ҳудудлари, «Қадимий Бухоро» ва «Самарқанд сити» туристик зоналари ташкил этиш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан мутасаддиларнинг ҳисоботи тингланди.
Видеоселектор йиғилишида ички туризмни ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Ўзбекистон туризм брендини хорижда тарғиб қилиш масаласи ҳам таҳлил қилинди.
Инвестиция, савдо ва туризм салоҳиятини ўзаро мувофиқлаштириб, ягона бренд остида реклама қилиш зарурлиги таъкидланди. Миллий телерадиокомпания ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги зиммасига Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини кеча-кундуз тарғиб қилувчи, саёҳатга оид турли қизиқарли кўрсатувлар намойиш этиб борувчи халқаро телеканал ташкил этиш вазифаси юкланди.
Соҳа мутасаддилари, мамлакатнинг хорижий давлатлардаги элчилари ва жойлардаги раҳбарларнинг ҳисоботлари тингланди. “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
Ижтимоий тармоқлар даврида руҳий саломатликни қандай сақлаш мумкин?
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин