15:22 / 27.03.2018
4 079

Ўзбекистон Афғонистон масаласида расмий позициясини маълум қилди

Ўзбекистон Афғонистон масаласида расмий позициясини маълум қилди
Ўзбекистон Афғонистон ҳукумати билан «Толибон» ҳаракатининг «олдиндан шарт қўймаслик ва куч ишлатиш билан таҳдид қилмаслик» асосида тўғридан-тўғри музокаралар ўтказишни бошлаш ҳақидаги қарорини қўллаб қувватлайди. Бу ҳақда Kun.uz президент Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига таянган ҳолда хабар берди.

«Аммо тинчлик сари ҳаракатнинг энг асосий шарти, бизнингча, аввало минтақа ва глобал даражада келишилган, Афғонистон учун ягона кенг қамровли тинчлик дастурини ишлаб чиқиш ва амалга оширишдан иборатдир», дейди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон етакчиси афғон муаммосини тинч йўл билан ҳал этишнинг асосий тамойилларини ишлаб чиқиш ва улар бўйича кенг ва қатъий халқаро консенсус - муросага келиш борасида фикр билдирди.

«Афғонистон ҳукумати ва қуролли мухолифат ўртасида музокараларни бошлаш механизмини ишлаб чиқиш ва миллий келишув жараёнига халқаро ҳамжамият томонидан кўмак бериш бўйича »йўл харитаси«ни ишлаб чиқиш лозим», дейди давлат раҳбари.

Афғонистондаги низолар ғоят мураккаб ва қарама-қарши хусусиятга эга эканини, уларга турли кучлар жалб этилганини эътиборга олган ҳолда, шунингдек, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг тегишли резолюциясидан келиб чиқиб, анжуманда кенг қамровли тинчлик жараёнини учта ўзаро боғлиқ даражада амалга ошириш таклиф этилди.

«Марказий ҳукумат ва қуролли мухолифатнинг асосий кучлари, биринчи навбатда, »Толибон” ҳаракати ўртасида олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан, тўғридан-тўғри мулоқотни бошлашни таъминлаш зарур.

Томонларнинг бир-бирига нисбатан саволлари ва талаби бўлажак музокараларда муҳокама қилиниши мумкин.

Тинчлик жараёнининг муваффақиятли бўлишини таъминлаш учун афғонистонликларнинг ўзларига ташаббус кўрсатиш, музокаралар қандай форматда, қачон ва қаерда олиб борилиши бўйича танлаш имконини бериш керак”, деб фикр билдирди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон етакчисининг айтишича, қуролли мухолифат вакиллари, жумладан толиблар ҳам афғон жамиятининг бир қисми ва Афғонистон фуқаролари сифатида ўз мамлакати келажагини белгилаш учун овоз бериш ҳуқуқига эга.

«Бу борада парламент ва президентлик сайловларигача бўлган даврда афғонлар ўртасида ўзаро мулоқотни бошлаш ва шу тариқа жамиятнинг барча қатламлари, жумладан, мухолифатдаги кучлар ҳам янги Афғонистон давлатини қуришда тўлақонли иштирок этиши учун кенг имкониятлар яратиш ғоят муҳимдир», деб таъкидлади президент.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистон Афғонистон масаласида расмий позициясини маълум қилди