00:13 / 05.05.2018
5 154

Президент ҳузурида Маслаҳат кенгаши тузилди

Президент ҳузурида Маслаҳат кенгаши тузилди
Фото: «President.uz»
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 4 май куни «Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади.

Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши ташкил этилди.

Маслаҳат кенгашининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

— давлатнинг ва фуқаролик жамияти институтларининг мамлакатни янада жадал ва ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини бирлаштирувчи замонавий, демократик ҳамда очиқ-ошкора майдон сифатида уларнинг юқори даражадаги тизимли ва самарали мулоқотини йўлга қўйиш;

— ўрта муддатли ва узоқ муддатли истиқболда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг стратегик йўналишларини аниқлаш ва миллий моделини шакллантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

— фуқаролик жамиятини ва кенг жамоатчиликни ташвишлантираётган долзарб масалаларни муҳокама қилиш, шунингдек, мазкур секторнинг ҳолати ва ривожланиш тенденцияси ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президентини мунтазам равишда хабардор қилиш;

— давлат органларининг фуқаролик жамияти институтлари билан самарали ҳамкорлигининг замонавий механизмларини, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш чораларини жорий қилиш бўйича таклифлар тайёрлаш;

— илмий ва экспертлар гуруҳлари иштирокида фуқаролик жамиятини ривожлантириш соҳасида фундаментал ва амалий тадқиқотларни ташкил этиш юзасидан ташаббус кўрсатиш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасидаги давлат сиёсати ва унинг амалий натижалари ҳақидаги жамоатчилик фикрини тизимли равишда ўрганиш, умумлаштириш ва таҳлил қилишни ташкил этиш;

— фуқаролик жамияти институтлари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий ва иқтисодий асосларини такомиллаштириш, ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш, мазкур институтларнинг жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш учун қулай шароитлар яратиш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентига таклифлар киритиш;

— фуқаролик жамиятининг ривожланишини, фуқаролик жамияти институтларининг давлат органлари билан ҳамкорлиги даражасини, шунингдек, уларнинг мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қўшаётган ҳиссасини баҳоловчи кўрсаткичларни ишлаб чиқиш, бу кўрсаткичлар асосида даврий ва махсус, шу жумладан муқобил маърузалар тайёрланишини ташкил этиш;

— фуқаролик жамияти институтларига уларнинг халқаро ҳамкорлигини ривожлантиришда, илғор халқаро тажрибани ўрганишда ва ушбу тажрибани Ўзбекистон шароитида жорий этишда кўмаклашиш.

Маслаҳат кенгаши фаолияти бевосита Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан мувофиқлаштирилади, фаолиятини ташкилий жиҳатдан таъминлаш Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти томонидан амалга оширилади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Президент ҳузурида Маслаҳат кенгаши тузилди