00:00 / 22.06.2018
6 708

Шавкат Мирзиёев инвестиция масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди

Шавкат Мирзиёев инвестиция масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 21 июнь куни тармоқлар ва ҳудудларда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳолати, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ва ўзлаштириш натижалари таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Мамлакатимизда инвестиция муҳити яхшилангани натижасида иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларга тўғридан-тўғри сармоялар фаол кириб келмоқда. Хусусан, 2018 йилнинг беш ойида 776 та янги қўшма ва хорижий корхона рўйхатдан ўтказилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 496 тага кўпдир. Шунингдек, жорий йилда хорижий инвестициялар иштирокида 377 та ҳудудий ва 148 та тармоқ лойиҳалари бажарилиши белгиланган.

Давлатимиз раҳбари лойиҳаларни амалга ошириш жараёнларини енгиллаштириш долзарб масала эканини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 20 июнь куни қабул қилинган «Инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини жадал амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ана шу мақсадга қаратилган. Мазкур қарорга кўра, бундан буён Президент ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари асосида амалга ошириладиган инфратузилма лойиҳалари бўйича лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларини экспертиза қилишда тўлов олинмайди.

Шунингдек, давлат бюджети ва бюджетдан ташқари жамғармалар, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари, ҳукумат кафолатлаган кредитлар ҳисобидан товарларни давлат учун харид қилиш бўйича тендер ҳужжатлари ва импорт шартномаларини экспертиза қилишда ҳам ҳақ тўланмайди. Дастлабки ва якуний техник-иқтисодий асосларни комплекс экспертиза қилиш учун тўланадиган тўлов миқдори 4 баробаргача қисқартирилди.

Бундан ташқари, халқаро молия институтларининг кредитлари ҳисобига амалга ошириладиган ёки бир босқичли лойиҳалар бўйича молиявий-иқтисодий ҳисобот ишлаб чиқиш талаби бекор қилинди.

Президентимиз қарорда белгиланган чора-тадбирларни изчил амалга ошириш, инвестиция ва инфратузилма лойиҳалари бўйича ҳужжатлар тайёрлаш, экспертиза қилиш ҳамда тасдиқлашнинг янги, янада соддалаштирилган тартибини ишлаб чиқиш бўйича топшириқлар берди.

Жорий йил учун тасдиқланган инвестиция ва инфратузилма лойиҳалари рўйхатига киритилган, бажарилишида сусткашликка йўл қўйилган ҳар бир лойиҳани жадаллаштириш зарурлиги таъкидланди. Қишлоқ ва шаҳарларда арзон уй-жойлар, ичимлик суви тармоқлари ва бошқа ижтимоий объектлар қуриш ишларини молиялаштириш ҳамда ўз вақтида фойдаланишга топшириш бўйича аниқ вазифалар қўйилди.

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларга ташрифлар якунларига кўра ишлаб чиқилган 2018-2019 йилларда ушбу ҳудудларни комплекс ривожлантириш дастурлари доирасида 6 минг 317 та лойиҳани амалга ошириш белгиланган. Бунинг натижасида жами 219 мингдан ортиқ иш ўрни яратиш режалаштирилган. Муҳим ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бу лойиҳалар учун жой ажратиш, инфратузилма тармоқларига улаш ишларини ўз вақтида ҳал қилиш зарурлиги қайд этилди.

Йиғилишда инвестицияларни, энг аввало, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ва самарали ўзлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Хорижий давлатларга ташрифлар ва мулоқотлар натижасида қиймати 17 миллиард доллар бўлган 182 та истиқболли лойиҳани амалга ошириш тўғрисида бирламчи келишувга эришилгани қайд этилди. Бу инвестицияларни ўзлаштириш бизнес-режа ва техник-иқтисодий асосларни тайёрлаш билан боғлиқ. Шу боис бу борадаги ишларни жадаллаштириш, хорижий инвестицияларни истиқболли лойиҳаларга йўналтириш ва юқори самарадорликка эришиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Кенг имкониятлари бўлишига қарамай, Бухоро вилоятида хорижий инвестициялар иштирокида 10 та лойиҳа, Навоий вилоятида 9 та лойиҳа, Қашқадарёда атиги 1 та лойиҳа амалга оширилаётгани қайд этилди. Қашқадарёда 13 та туманда, Фарғонада 11 та, Сурхондарёда 10 та, Тошкент, Бухоро, Жиззах вилоятларида 8 тадан, Хоразм, Навоий вилоятларида 7 тадан, Қорақалпоғистон ва Самарқандда 6 тадан, Андижон ва Сирдарёда 5 тадан, Наманганда 4 та туманда хорижий инвестиция иштирокида бирорта ҳам лойиҳа режалаштирилмагани танқид остига олинди.

Фото: Президент матбуот хизмати
— Шунинг учун бу ишларни кескин фаоллаштириш керак. Инвестиция қўмитасининг вилоят, шаҳар ва туман бўлимлари хорижий инвестицияларни олиб келиши ва хорижий инвесторларга барча масалалар бўйича амалий кўмак бериши керак. Шунингдек, туман ва шаҳар ҳокимлари, секторлар раҳбарларининг ҳар бири ўз ҳудудига тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб этишга ҳисса қўшиши зарур, деди Шавкат Мирзиёев.

Лойиҳаларни амалга оширишнинг барча жараёнларини тўлиқ қамраб оладиган, уни тайёрлашдан ишга туширишгача бўлган даврни мониторинг қилиш имконини берадиган ягона электрон ахборот тизимини жорий этиш бўйича топшириқ берилди.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар бўйича мутасадди раҳбарларнинг ҳисоботлари тингланди. Инвестиция таклифларини шакллантириш, инвесторлар топиш, лойиҳалар ишлаб чиқиш, экспертиза қилиш, молиялаштириш ва амалга ошириш бўйича қатор топшириқлар берилди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Шавкат Мирзиёев инвестиция масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди