23:20 / 28.10.2018
3 566

Ўзбекистон-Россия ёшлари форуми бошланди (фото)

Ўзбекистон-Россия ёшлари форуми бошланди (фото)
Тадбиркорлик соҳалари, оммавий ахборот воситалари ҳамда туризм индустрияси ҳозирги кунда ёшларни қизиқтирган йўналишлардан ҳисобланади.

Туризм, хусусан, ички туризм юртимиз иқтисодиётининг муҳим тармоғидир. Мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудуди ўзига хос туристик жозибага эга. Шу боис туризм, оммавий ахборот воситалари ва тадбиркорлик соҳаларини уйғунлаштирган ҳолда ривожлантириш ҳисобидан минглаб янги иш ўринлари яратиш мумкин. Айниқса, бу борада ички туризм имкониятларидан тўлақонли фойдаланиш, ёшлар туризмини оммалаштириш муҳим аҳамият касб этади.

Айни шу мақсадда икки давлатнинг халқаро алоқаларини янада мустаҳкамланишига хизмат қилувчи Ўзбекистон-Россия ёшларининг "Ҳамкорлик, ташаббус ва инновация» форуми ташкил этилди.

Мазкур форум жорий йилнинг 28 октябридан 1 ноябригача Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида бўлиб ўтади.

28 октябрь куни Россия давлати делегатлари Ўзбекистонда илиқ кутиб олиниб, Тошкентнинг диққатга сазовор жойларига ёмғир остидаги саёҳат уюштирилди. Меҳмонлар Темурийлар тарихи давлат музейи, Ҳазрати Имом мажмуасига ташриф буюришди. Саёҳат давомида Темурийлар тарихи даври, Темурийлар давлат бошқаруви, сулолаларнинг узоқ йиллик тахт бошқаруви ҳақида атрофлича маълумотларга эга бўлишди. Ҳазрати Имом мажмуасида эса ислом дини тарихи ҳақида тушунча ҳосил қилишди.

«82 нафардан иборат делегациянинг ташрифи турли соҳаларда ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, ўзаро мулоқот, тажриба алмашиш муҳитини яратиш, тадбиркорлик, туризм соҳаларини ривожлантириш, ёшлар масалалари бўйича ҳамкорликни кучайтиришга оид муҳокамаларга бағишланган. Мазкур форум Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан Россия ёшлар иттифоқи ўртасида имзоланган ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандумига мувофиқ ўтказилмоқда», — дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши Халқаро бўлим бош мутахассиси Муниса Нурматова.

Делегатларда Ўзбекистонга бўлган қизиқиш, ёшлар масалалари бўйича олиб борилаётган изчил ислоҳотлар катта қизиқиш уйғотиб, уларнинг таассуротларини эзгу фикрлар билан бойитди. Икки мамлакат ёшлари туризм, оммавий ахборот воситалари ҳамда тадбиркорлик туризм соҳаларини ривожлантириш истиқболлари, ёшлар ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинади.

«Ўзбекистонга биринчи марта келишим. Ижтимоий тармоқларда ёзганимдек, бу мамлакатни биринчи нафасимдаёқ ёқтирдим. Бу ерда ҳаммаси ажойиб. Фестивалнинг энг катта истиқболи, албатта, икки давлатнинг иштирокчилари ўртасида мустаҳкам алоқаларнинг ўрнатилишидир. Умид қиламанки, фестиваль нафақат дўстона муносабатларни ривожлантиришга, балки Тадбиркорлик соҳасидаги алоқаларни ривожлантиришга ҳам ёрдам беради. Янги лойиҳалар, амалга оширилиши режалаштирилаётган ғоялар мамлакатларимиз ўртасидаги узоқ йиллик ҳамкорликка йўл очади», – дейди «Invest Konsulting Realty» МЧЖ бош директорининг ўринбосари, бизнес-психологи Елена Неверт.

Беш кун давом этадиган фестивалнинг дастлабки кунида Тошкент шаҳри бўйлаб саёҳат, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи раҳбарияти билан учрашув, фестивалнинг расмий очилиш маросими ва турли маданий тадбирлар ўтказилади.



arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистон-Россия ёшлари форуми бошланди (фото)