date
views 10 056

2019 йил Ўзбекистонда тиббиётни ривожлантириш йили бўлади

2019 йил Ўзбекистонда тиббиётни ривожлантириш йили бўлади
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 9 ноябрь куни соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, ҳудудлар аҳолисини сифатли тиббий хизмат билан қамраб олиш, тиббиёт муассасалари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш борасидаги ислоҳотлар натижаларини таҳлил қилиш ва истиқболдаги устувор вазифаларни белгилашга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилгани, унда, жумладан, тиббий суғурта масаласига ҳам тўхталиб ўтилгани ҳақида хабар берган эдик.

“Халқ тиббиёт соҳасига қанчалик ишонса, давлатга ҳам шунчалик ишонади. Халқ кўрсатилаётган тиббий хизматлардан рози бўлса — давлатдан, бугунги юритилаётган сиёсатдан ҳам рози бўлади”, деган президент Ш.Мирзиёев.

KUN.UZʼнинг манбасига кўра президент Ш.Мирзиёев видеоселектор йиғилишида 2019 йилни Ўзбекистонда тиббиётни ривожлантириш йили бўлади, деган.

“Биз барча соҳалардан ҳам тиббиёт соҳасига алоҳида эътибор кўрсатдик. Чунки бош мақсадимиз — халқ саломатлигини сақлаш, соғлиғини янада мустаҳкамлаш”, — деган Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда сўнгги икки йилда президентнинг соҳага оид 50 та фармон, қарор ва фармойишлари, ҳукуматнинг 70 дан зиёд қарор ва фармойишлари қабул қилинганига алоҳида урғу берилган.

“Давлат тиббиёт муассасалари ва соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ходимларини моддий рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори ҳам мазкур соҳадаги яна бир ижобий янгилик бўлди. Унга мувофиқ, тиббиёт ходимларининг ойлик маоши 2018 йил 1 декабрдан — 20 фоизга, 2019 йил 1 апрелдан яна 15 фоизга оширилади.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, видеоселекторда тиббиёт соҳасини ўрта ва узоқ муддатли истиқболда ривожлантириш йўналишлари муҳокама қилинган. Президент Ш.Мирзиёев Ўзбекистонда 2025 йилгача соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш бўйича концепция лойиҳасини пухта ишлаб чиқиш юзасидан кўрсатмалар берган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » 2019 йил Ўзбекистонда тиббиётни ривожлантириш йили бўлади