date
views 5 172

Йилнинг энг яхши ишбилармонларига Президент совғаси топширилди (фото)

Йилнинг энг яхши ишбилармонларига Президент совғаси топширилди (фото)
Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ташкил этилган “Ташаббус-2018“ республика кўрик-танловининг ғолиб ва совриндорларини тантанали тақдирлашга бағишланган тадбир пойтахтимиздаги “Наврўз“ мажмуасида бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Ўзбекистон Республика Савдо-саноат палатаси томонидан ташкил этилган мазкур тадбирга турли вазирлик ва идоралар мутасаддилари, халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус вакиллари, ишбилармону ҳунармандлар, фермерлар таклиф этилди.

Савдо-саноат палатаси раиси А.Икромов, Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Ж.Ортиқхўжаев ва бошқалар юртимизда тадбиркорлик ривожи йўлида кўрсатилаётган тизимли саъй-ҳаракатлар қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга, тадбиркорларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоялашга, уларнинг эркин ва самарали фаолият кўрсатишига имкон яратаётганини таъкидлади.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик янги иш ўринларини ташкил этиш, барқарор даромад манбаларини яратиш, миллий иқтисодиёт ривожига муносиб ҳисса қўшиш, ҳаётимиз фаровонлиги, дастурхонларимиз баракасини таъминлашнинг муҳим омилига айланиб бормоқда. Шу маънода Президентимиз соврини учун “Ташаббус“ кўрик-танлови тадбиркорлик субъектлари ўртасида 23 йилдан буён муваффақиятли ўтказиб келинаётган ягона танлов экани билан ажралиб туради.

Айни пайтда Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Республика “Ҳунарманд“ уюшмаси, Ёшлар иттифоқи, бошқа қатор вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида ўтказилаётган мазкур маърифий лойиҳа кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга, ишбилармон доира вакиллари эришаётган ютуқларни тарғиб этишга, ёшларда мулкдор бўлиш ҳиссини кучайтиришга, тадбиркорларнинг имкониятларини тўлақонли юзага чиқаришга хизмат қилмоқда.

Танловнинг илк босқичида олти мингдан ортиқ иштирокчи қатнашган бўлса, ҳудудий босқичларда 915 нафар тадбиркорлик субъектлари мутасаддилари ўзаро куч синашди. Лойиҳанинг финал босқичгача эса 69 нафар иштирокчи этиб келди.

Жонона Облоқулова ёш бўлишига қарамай, Тошкент вилоятида “Сказочний мир“ хусусий мактабгача таълим масканини очишга муваффақ бўлган. Бу ерда болаларга “Илк қадам“ ўқув-маърифий дастури асосида ўқишга бўлган қизиқишни ошириш билан бирга, йигирмага яқин тўгаракларда машғулотлар ўтилади.

– Бугун астойдил ишлайман, юрт равнақига ҳисса қўшман, деган инсон борки, барининг эзгу орзу-интилишлари рўёбга чиқмоқда, – дейди Ж.Облоқулова. – “Ташаббус“ кўрик-танловида ёш тадбиркорларга ҳам ўз салоҳиятини намойиш этиш учун кенг имкониятлар яратилганидан ғоят мамнунмиз.

Акмал Аҳмедов – Самарқанд вилоятидаги “Sam – Ferre“ масъулияти чекланган жамият раҳбари. 2012 йилда ташкил этилган мазкур корхона ўз фаолиятини дастлаб 15 нафар ишчи билан бошлаган бўлса, бугунги кунда ишчилар сони 82 нафарга етди. Банкдан кредит олмай, ўз маблағи асосида ишни ташкил этган тадбиркорнинг саъй-ҳаракатлари билан эндиликда корхонада 50 га яқин турдаги маҳсулотлар – газ плитаси, темир эшиклар, маиший ва савдо музлаткичлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. А.Аҳмедовнинг айтишича, тадбиркорларга кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик “Ташаббус“ кўрик-танлови мисолида ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда.

Мазкур кўрик-танлов жорий йилда янгича форматда ўтказилгани эътиборга молик. Унинг асосий учта - “Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори“, “Йилнинг энг яхши фермери“, “Йилнинг энг яхши ҳунарманди“ номинациялари қаторига яна иккита янги – “Саноат соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори“, “Хизмат кўрсатиш соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори“ номинациялари ҳам қўшилди. Демакки, асосий номинациялар бешта этиб белгиланди. Бу эса, ўз навбатида, барча тадбиркорлик субъектлари учун янада кенгроқ имкониятларни очиб бериши шубҳасиз.

Тадбирнинг энг ҳаяжонли онлари бошланди. Ҳакамлар ҳайъатининг якдил хулосасига кўра, “Саноат соҳасидаги йилнинг энг яхши тадбиркори“ номинацияси бўйича Наманган вилоятидаги “Namangan momiq sochiqlari“ масъулияти чекланган жамият раҳбари Ғиёсиддин Бобохонов биринчи ўринга муносиб топилди. “Хизмат кўрсатиш соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори“ номинацияси Фарғона вилоятидаги “Fargona tibbiy diagnostika“ масъулияти чекланган жамияти раҳбари Абдумалик Эргашевга насиб этди. “Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори“ номинацияси бўйича биринчи ўринга Тошкент шаҳридаги “Azr-Textile Group“ масъулияти чекланган жамият раҳбари Азизжон Зоиров лойиқ топилди. Самарқандлик ёғоч ўймакорлиги соҳаси бўйича ҳунарманд Мансур Асадов “Йилнинг энг яхши ҳунарманди“ номинациясида ғолибликни қўлга киритди. Хоразмлик “Йўлдош Мажид“ фермер хўжалиги раҳбари Йўлдош Искандаров “Йилнинг энг яхши фермери“ номинацияси бўйича биринчи ўринни эгаллади. Уларга Ўзбекистон Республикаси Президенти совринлари – “Chevrolet-Spark“ автомобиллари, “Ташаббус-2018“ кўрик-танловининг махсус статуэткаси, диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

– Тадбиркору ҳунармандларга бу қадар катта эътибор дунёнинг ҳеч қайси давлатида учрамайди, – дейди “Йилнинг энг яхши ҳунарманди“ номинацияси ғолиби Мансур Асадов. – Президентимизнинг юртимиз уста-ҳунармандларига кўрсатаётган ғамхўрлигини доимий ҳис этиб меҳнат қилмоқдамиз. Бу рағбат янада кўпроқ изланишга, билдирилган юксак ишончга муносиб бўлишга ундайди.

Маросимда шунингдек, асосий номинациялар бўйича иккинчи ва учинчи ўрин соҳиблари, “Энг яхши инновацион лойиҳа“, “Ёшларга энг кўп иш жойи яратган тадбиркор“, “Энг яхши тадбиркор аёл“, “Менинг юртим – менинг ифтихорим“, “Энг яхши оилавий бизнес соҳиби“, “Энг яхши экспортчи“, “Энг масъулиятли ижтимоий шерик“ каби ўнлаб рағбатлантирувчи номинациялар бўйича совриндорлар аниқланди.

Санъат усталари ва ижрочи ёшлар иштирокидаги катта концерт дастури кўрик-танлов тақдирлаш маросимининг кўтаринки руҳда ўтишига хизмат қилди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Йилнинг энг яхши ишбилармонларига Президент совғаси топширилди (фото)