00:04 / 07.12.2018
4 385

«Сувтекин»​. Сув текин бўлиши керакми?

«Сувтекин»​. Сув текин бўлиши керакми?
Нега бутун дунёда тақчил ресурсга айланиб бораётган, яқин келажакда нефтдан ҳам қимматроққа баҳоланиши башорат этилган неъматнинг қадрига етолмаяпмиз? Сувтекин, дея атрофда кўп учрайдиган, қадри ва қиммати паст ашёларни атаб, сувни ҳам текин қилиб қўйдикми?

«Ўзбекистонда сув кўп. Ариқлардан шалдираб сув оқади. Амударё ва Сирдарё оралиғида жойлашган сўлим, бетакрор маконда яшаймиз»​, деган пафосли гаплар қисман ўтмишда қолиб кетди. Биз ҳақиқий вазиятдан бехабар қолиб кетяпмиз. Сирдарё ва Амударё каби трансчегаравий дарёларнинг Орол денгизига сувни тошқин олиб келмаётганига анча йиллар бўлди. Қорақалпоғистон ва Хоразмда қум бўронлари ҳақида-ку, гапирмаса ҳам бўлади. Чунки, Ўзбекистонда сув арзон, сувчилар меҳнати эса қадрланмайди.

Республика Сув хўжалиги вазирлиги мутахассиси Нодирбек Мадибоевнинг айтишича, Ўзбекистонда ишлатиладиган сув ресурсларининг йиллик умумий миқдори 54 млрд.м3 ни ташкил этади ва 80% (43 млрд.м3) Тожикистон ва Қирғизистонда, атиги 20% (11 млрд.м3) мамлакатимизда ҳудудида шаклланади. Энг кўп улушдаги (49 млрд.м3) сув қишлоқ хўжалигига йўналтирилади, иккинчи ўринда коммунал хўжалигига 2.4 млрд.м3 (4.4%) сув етказиб берилади. Кейинги ўринларда саноат, балиқчилик соҳалари туради.

Аҳолининг қанча қисми тоза ичимлик суви билан таъминланганлиги, сувни етказиб бериш тизими ва ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳам алоҳида масала. Бу борада Уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Алипоша Ахмедовнинг изоҳ беришича, Ўзбекистон аҳолисининг 65%и марказлаштирилган ичимлик сув таъминоти билан қамраб олинган.

«Чучук сувнинг 33 фоизи сув ҳавзалари ҳисобидан, қолгани ерости сувларидан йиғиб олинади ва сув иншоотларида тозаланиб, сўнг аҳолига қувурлар орқали етказилади. Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керакки, бир суткада Ўзбекистон аҳолига 6 млн. 226 минг м3 сув етказиб берилади. Республика бўйлаб жами 65.8 минг километр сув тармоқлари ўтказилган. 10 мингдан ортиқ сув ва оқова иншоотлари мавжуд»​, - дейди у.

Шу билан бир қаторда, сув қувурларининг ҳолати борасида ҳам қизиқиб кўрдик. Маълум бўлишича, қувур орқали сувни аҳоли хонадонига етказишда умумий сувнинг 30-40 фоизи йўқотилади. Хориж мамлакатлар тажрибасида бу кўрсаткич 10 фоизни ташкил этади. Кўп миқдордаги сув йўқотилишига асосий сабаб қувурларнинг маънан эскирганлиги, яроқлилик муддати аллақачон ўтиб кетганидир. Муаммони бартараф этиш учун амалий ҳаракатлар қилиняптими? Қайд этилишича, жорий йилнинг ўзида ичимлик суви таъминотига давлат бюджети ҳисобидан 800 млрд. сўм ажратилди, 2019 йилда эса 1.1 трлн.сўм халқаро молиявий кредитлар ва давлат бюджетидан айнан шунга сарфланиши кўзда тутилган.

Андижон шаҳрида сув қувурлари ёрилиши оқибатида тоза ичимлик сувининг оқиб кетаётгани ва аҳолининг бир неча маротаба бу ҳақида мутасаддиларга мурожаат қилганлигига қарамасдан муаммо ҳал бўлмаётганлигидан норози бўлган тадбиркор Салоҳиддин Ибрагимов ​Президентга очиқ хат йўллади. Видеохабарда объектлардаги реал ҳолатлар аниқ ифодаланган. Шундан сўнг вазир ўз муносабатини билдириб, муаммони бартараф этди. Шу каби вазиятлар республиканинг кўплаб нуқталарида ҳам мавжудлиги аниқланди.

Ҳолат юзасидан Уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигидан изоҳ сўралганда, қувурларнинг эскирганлиги, аҳоли мумкин бўлмаган ҳудудларда қурилиш ишлари олиб борилганлиги ҳисобидан жойларда авария содир бўлиши важ қилиб келтирилди. Энг катта муаммо шундаки, сув оқова ташкилотлари ҳисобида қувурни таъмирлаш ёки тизимни бутунлай янгилаш учун етарли маблағ мавжуд эмас, чунки биз, одамлар, вақтида тўловларни амалга оширишга оғринамиз. Қарс икки қўлдан чиқишини унутиб қўйганмиз.

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти доценти Равшан Боировнинг мутахассис сифатидаги фикрлари ва келтирган фактлари ҳам мулоҳазага чорлайди:​

«Сув таъминоти бўйича энг яхши ҳудуд – Тошкент шаҳридаги ҳолатни айтадиган бўлсам, аҳолининг 98% қисми тўлиқ сув таъминоти билан қамраб олинган. Шаҳарда бир кишига, суткасига ҳисоблагич бўлмаганда, 330 литр сув берилади. Бир ойда эса бу деярли 10 минг литрни ташкил қилади. Ойлик тўлов эса сўнгги тарифга биноан 8500 сўмга тенг. Таққослаш учун айтаман: дўкондан қадоқланган 1 литр сувни 2000 сўмга харид қиласиз. Жўмракдан оқаётган 1 литр сувнинг баҳоси 0.85 сўм (ҳаттоки 1 сўм эмас). Жуда катта тафовут, шундай эмасми? Елим идишдаги сув кучли фильтрдан ўтган бўлади, шунинг учун нархига яраша қиммат, бу кўриниб турган ҳолат-ку, дейишингиз табиий.
Тўғри, бу сув кучли технология асосида тозаланади. Водопровод сувининг Давлат стандартига кўра 950:2011ни ташкил қилади. Ўз-ўзидан маълумки, қадоқланган сувники бундан 2000 марта кўпроқ бўлиши керак. Аслида, ундай эмас-ку. Қиммат бўлса ҳам сувни сотиб оламиз. Жўмракдан оқаётган сув ўта арзон бўлганидан уни қадрига етолмаймиз. Инсон психологияси шундай шаклланган: қиммат нарса ҳар доим қадрланади.

Сувни қадрлаш учун унинг баҳосини ошириш лозим. Prepaid (олдиндан тўлов) тизими жорий этилса, сувдан фойдаланишнинг махсус лимитлари доимий амал қиладиган бўлса, ўз-ўзидан сув сарфи камайган бўларди. Аҳолининг сувга бўлган муносабатини ўзгартириш даркор. Бунинг учун нима қилиниши лозим? Фарзандга тарбия бераётганда, сувнинг олтинга тенг неъмат эканлигини ҳам уқтириш керак. Хизмат сафари юзасидан бир неча маротаба хориж мамлакатларида бўлганман.

Сингапурда одамлар чучук сувни юқори даражада ҳурмат қилишлари менда жуда катта таассурот қолдирган. Сув иншоотларида махсус «Information centre»​ (маълумот маркази) бўлиб, марказ ходимлари бинога ташриф буюрган меҳмонларга сувни тозалаш жараёни ҳақида батафсил маълумот беради. Бу худди музейга экскурсияга боргандек гап. Таълимда ҳам сувни эъзозлаш бўйича алоҳида дарслар ўтилади. Устозлар ўқувчилар билан сув иншоотларига тез-тез саёҳат уюштираркан. Бу, болалар онгида жўмракдан оқаётган сув қанча машаққатлар эвазига пайдо бўлиши ҳақида тасаввурни уйғотади. Ҳадеб дилбандингизга сувни қадрлаш ҳақида маъруза ўқиш даври аллақачон ўтиб бўлди. Эндиги навбат уларга борини кўрсатиш қолди. Ҳолат қандай бўлса, шундайлигича кўрсатилса, унинг ўзи хулоса қилиб олади»​, - дейди у.

Сув ҳақидаги эҳтиросли, жимжимадор сўзлардан иборат кўрсатувлар, ижтимоий роликлар орқали телевизорда қайта-қайта кўравериб ўрганиб қолганмиз, дийда қотди. Панд-насиҳат руҳидаги дастурларнинг таъсирчанлиги йўқолгандек, гўё. Узоққа бориш шартмас: узоқ Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманига, Хоразмнинг энг чекка қишлоқларига бориб аҳолининг яшаш тарзини бир ўрганинг. Улар қандай яшамоқда. Сув танқислиги қандай таъсир кўрсатяпти уларнинг ҳаётига? Одамларнинг бир кунлик ҳаётини қандай бўлса шундайлигича беришнинг ўзи ижтимоий фикр шаклланишига туртки бўлолмайдими?

Сув – тириклигимиз кафолати. Уни беҳуда сарфлаш келажакка қилинган хиёнат билан баробар.
Муҳаббат Маъмирова

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » «Сувтекин»​. Сув текин бўлиши керакми?