12:14 / 07.12.2018
7 116

2019 йилда аҳолини иш билан таъминлашга доир муҳим қарор имзоланиш арафасида

2019 йилда аҳолини иш билан таъминлашга доир муҳим қарор имзоланиш арафасида
Номатив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига “2019 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини ташкил этиш Давлат буюртмаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори жойлаштирилди.

Қарорда келтирилишича, янги ташкил этилган барқарор иш ўринлари сонининг меҳнат бозори талабларига мос келмаслиги меҳнат бозорида мувозанатни бузилишига, республиканинг айрим минтақаларида ишсизлик даражасининг ошиб кетишига, ноқонуний меҳнат миграцияси ва норасмий бандликнинг ўсишига олиб келмоқда.

Шунингдек, ташкил этилган иш ўринларининг ҳисобини юритишда ва ҳаққонийлигини таъминлаш масалаларида жойларда маҳаллий ижро ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, таълим муассасалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва кенг жамоатчилик ўртасида ўзаро ҳамкорлик ва жавобгарлик механизмларидан яхши фойдаланилмаяпти.

Қарор билан қуйидагилар 2019 йилда аҳоли бандлигига кўмаклашишнинг асосий йўналишлари этиб белгиланиши кўзда тутилмоқда:

биринчи, саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳасида янги лойиҳаларни амалга ошириш ва ўтган йиллардан ўтиб келаётган лойиҳаларни якунлаш ҳисобига йирик лойиҳалар (хўжалик бошқарув органлари) 55,7 минг ва кичик лойиҳаларда (маҳаллий лойиҳалар, ўз маблағи ҳисобига кредит олмасдан) 81,2 мингдан кам бўлмаган доимий иш ўринларини ташкил этиш;

иккинчи, бўш турган, қурилиши тугалланмаган объектлардан ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларидан самарали фойдаланиш ҳисобига 23,7 минг янги иш ўринларини ташкил этиш;

учинчи, давлат-хусусий шерикчилик асосида ижтимоий соҳа объектларини (таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, жисмоний тарбия, спорт ва бошқалар) ташкил этиш ҳисобига 23,7 минг иш ўринларини ташкил этиш;

тўртинчи, ҳунармандчиликни ривожлантириш ҳисобига 37,3 минг иш ўринларини ташкил этиш;

бешинчи, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аҳолини ўз-ўзини банд қилишни рағбатлантириш, тижорат банклари ва бошқа мақсадли жамғармалар маблағлари ҳисобидан “Ҳар бир оила – тадбиркор” ва бошқа дастурлар доирасида кредитлар бериш орқали 191,5 минг иш ўринлари ташкил этиш;

олтинчи, уй-жой қурилиши, ободонлаштириш, инфратузилма объектлари, мавсумий ва вақтинчалик ишлар, айниқса “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари бўйича амалга оширилаётган ишлар доирасида 63,0 минг аҳолини вақтинчалик ва мавсумий ишларда бандлигини таъминлаш;

еттинчи, 110,2 минг нафар фуқарони мавжуд иш ўринларига, 85,5 минг нафарини квота ва табиий сабаблар билан бўшайдиган иш ўринларига ишга жойлаштириш;

саккизинчи, 30,2 минг нафар ишсизларни Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан касбга тайёрлаш ва қайта ўқитиш бўйича давлат буюртмасини шакллантириш, 49,9 минг нафар ишсизларни Жамоат ишлари жамғармаси ҳисобига ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиш ва 200,4 минг нафар фуқарони хорижий давлатларда ишга жойлаштириш;

тўққизинчи, 273,4 минг норасмий бандларни расмий бандлигини (легаллаштириш) таъминлаш.

2019 йилда янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича Давлат буюртмасининг мақсадли параметрлари;

2019 йилда вазирлик, идора, хўжалик бошқаруви органлари томонидан амалга ошириладиган лойиҳалар ҳисобига ташкил этиладиган янги иш ўринларининг мақсадли параметрлари, ҳамда йирик лойиҳаларнинг манзилли рўйхати;

2019 йилда фаолият кўрсатмаётган, самарасиз фойдаланилаётган бинолар ва қурилиши тугалланмаган объектлар негизида ташкил этиладиган иш ўринларининг мақсадли параметрлари;

2019 йилда давлат-хусусий шерикчилик асосида ишга тушадиган ижтимоий ва бошқа объектлар ҳисобига ташкил этиладиган иш ўринларининг мақсадли параметрлари;

2019 йилда ҳунармандчиликни ривожлантириш ҳисобига ташкил этиладиган иш ўринларининг мақсадли параметрлари;

2019 йилда тижорат банклари маблағлари ҳисобидан кредит бериш ҳисобига ташкил этиладиган иш ўринларининг мақсадли параметрлари;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 6 майдаги “Аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар натижадорлиги ва самарадорлигини оширишда маҳаллий ижро ҳокимияти ва иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2960-сонли қарори талабларига мувофиқ 2019 йилда банд аҳоли сони ўсиши прогноз параметрлари тасдиқланади.

2019 йилда Бандлик дастури ижросининг мониторинги ва таҳлили асосида умумлашган таҳлилий ахборот ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиб борилсин, унда мавжуд муаммо ва камчиликлар Вазирлар Маҳкамасининг махсус йиғилишларида комплекс раҳбарлари, масъул вазирлик ва идоралар, хўжалик бошқаруви органлари, ҳокимликлар ва йирик корхоналар раҳбарлари иштирокида муҳокама қилиб борилади.

Қарор лойиҳасида “Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда масъул вазирлик, идора, хўжалик бошқаруви органлари ва ҳокимликлар томонидан тақдим этилган ташкил этилган иш ўринлари тўғрисидаги маълумотларнинг ҳаққонийлиги жойларга чиқиб ўргансин ҳамда натижаси бўйича таҳлилий маълумотларни ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин”, деб алоҳида қайд этилган.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда ўз-ўзини банд қилиш учун вақтинчалик меҳнат патентини киритиш, бунда патент эгаларига рағбатлантирувчи имтиёзларни жорий этиш тартиб юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиши керак. Тартибда:

ўз-ўзини банд қилган фуқароларни вақтинчалик меҳнат патенти учун тўловни амалга оширган даври меҳнат стажига киритиш;

вақтинчалик меҳнат патенти орқали ўз-ўзини банд қилган фуқаролар пенсия олиш ҳуқуқи пайдо бўлганидан сўнг уларга пенсия тайинлаш ҳуқуқларини бериш;

Бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан имтиёзли кредит ажратиш;

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфидаги касб-ҳунар коллежлари, “Ишга мархамат” маркази, касбга ўқитиш (KOICA) марказларида тадбиркорлик ва касбга ўқитиш курсларида бепул ўқитиш;

ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиш ва меҳнат қуролларини ижарага беришни назарда тутади.

2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тадбиркорлик фаолиятини бошлашни хоҳловчи ишсиз шахсларга фаолиятини давлат рўйхатидан ўтказиш учун, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламларига мансуб шахсларни ишга қабул қилган ташкилотларга, аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларининг йўлланмаси бўйича ишга қабул қилинган шахсларни касбга қайта ўқитиш ва уларнинг малакасини оширишга сарфланадиган харажатларни молиялаштириш учун бир марталик субсидиялар берилиши ҳамда ишсиз шахсларни, айниқса, кам таъминланган оилаларда яшовчи хотин-қизларни касбга қайта ўқитишга сарфланадиган харажатларни молиялаштириш учун касб-ҳунар таълими муассасаларига грантлар ажратилишининг мақсадли параметрлари тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан, “Микрокредитбанк” АТБ, “Агробанк” АТБ ва Халқ банки АТБ томонидан республика туманлари ва шаҳарларида янги иш ўринлари ташкил этишни назарда тутувчи кичик ва мини-лойиҳаларни амалга ошириш учун микрокредитлар ажратиш мақсадли параметрлари тасдиқланиши кўзда тутилмоқда.

Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Молия вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Ш.Д. Кудбиев зиммасига юкланади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » 2019 йилда аҳолини иш билан таъминлашга доир муҳим қарор имзоланиш арафасида