08:20 / 21.12.2018
4 610

Президент: «2020 йилда 1 кило ҳам пахтани четга сотмаймиз»

Президент: «2020 йилда 1 кило ҳам пахтани четга сотмаймиз»
20 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида янги қабул қилинган солиқ сиёсати концепциясини амалиётга тўлиқ татбиқ қилиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

«Катта қийинчиликлар билан, чет эллик экспертларни олиб келиб солиқ концепциясини қабул қилдик. Энди бу концепцияни ҳаётга татбиқ этишимиз керак. Лекин ушбу концепцияни амалиётга жорий этишда юзага келиши мумкин бўлган муаммолар бор. Менда бу концепцияни ҳамма ҳам тўғри тушунадими, деган хавотир бор. Шунинг учун, бир неча марта қайта муҳокама қилдик. Бу жараён 6 ойдан буён давом этмоқда», дея Шавкат Мирзиёевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz нашри.

Йиғилишда президент томонидан маълум қилинишича, 2019 йил учун 19 миллиард долларлик экспорт мажбурияти қўйилган.

«Келгуси йил учун катта марралар олинган. Ҳеч қачон 19 миллиардлик экспорт мажбурияти қўйилмаганди. Ўртоқ, Отажонов, тўғрими? Кеча қўл қўйдим. Бу электр экспортидан ташқари», дея бош вазир ўринбосари, ташқи иқтисодий фаолият, экспорт салоҳияти, машинасозлик, автомобиль ва электротехника саноатини ривожлантириш, маҳсулотларни стандартлаштириш масалалари комплекси раҳбари Нодир Отажоновга юзланган президент.

Маълумот учун, Ўзбекистон экспорти ҳажми 2016 йилда 11,1 миллиард долларни, 2017 йилда эса 13,9 миллиард долларни ташкил этганди. Прогнозларга кўра, 2018 йилги экспорт ҳажми 13 млрд доллар атрофида бўлади.

Президент Ўзбекистон 2020 йилгача пахта хомашёсини хорижга сотишни тўхтатишини яна бир бор таъкидлаб ўтди.

«Келгуси йил тўқимачилик саноати 1,9 млрд долларлик экспорт қилиши керак. 2020 йилга бориб биз бир тонна ҳам, бир кило ҳам пахта сотмаймиз. Ўзимизда қайта ишлаймиз. Бу қўшимча қиймат дегани», деган президент «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси раҳбари Илҳом Ҳайдаровга мурожаат қилар экан.

«Ўзтўқимачиликсаноат»нинг 2018 йилдаги экспорти ҳажми 1,5 миллиард долларни ташкил этган.

«Қўшимча қиймат дегани, қўшимча даромад дегани. Бюджетга 9,1 трлн сўмдан зиёд қўшимча маблағ тушади. Шундан 5 трлн сўми маҳаллий бюджетга қолади», дея давом қўшимча қилган президент.

Қайд этиш керакки, президент бундан аввал ҳам пахта хомашёси хорижга сотилишини тўхтатиш кераклиги ҳақида гапирганди. Шу ойда Қашқадарё вилоятига ташриф чоғида ўтказилган йиғилишда президент пахта етиштириш билан шуғулланмайдиган Бангладеш давлати пахта хомашёсини хориждан сотиб олиб, қайта ишлаш эвазига йилига 37 миллиард долларлик экспорт қилишини мисол сифатида келтириб ўтганди.

Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 21 декабрдаги «2017-2019 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида»ги қарорида ҳам 2020 йилга қадар юртимизда етиштирилган пахта толасини тўлиқ қайта ишлаш, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини 2,7 баробардан кўпроққа ошириш ҳамда ички ва ташқи бозорга етказиб бериш назарда тутилганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Президент: «2020 йилда 1 кило ҳам пахтани четга сотмаймиз»