12:32 / 10.03.2019
4 561

Покистон президенти: "Ватандошларим қалбида Ўзбекистонга нисбатан ўзгача ҳурмат ва қизиқиш бор"

Покистон президенти: "Ватандошларим қалбида Ўзбекистонга нисбатан ўзгача ҳурмат ва қизиқиш бор"
Покистон президенти Ариф Алви 4 март куни «Айвани-Садр» қасрида Ўзбекистон элчиси Фурқат Сидиқовни қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Хабар беришларича, Покистон раҳбари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилиги остида олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни ҳамда мамлакатдаги ҳуқуқий ва институционал ўзгаришларни юқори баҳолаган.

Президент Алви Ўзбекистон раҳбариятининг минтақада яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга йўналтирилган ташқи сиёсий ташаббусларини, айниқса унинг Афғонистонда барқарор тинчликка эришиш борасидаги саъй-ҳаракатларини Покистон томони тўлиқ қўллаб-қувватлашини эътироф этган.

Покистон, шунингдек, Ўзбекистоннинг хавфсизлик, халқаро терроризмга қарши курашиш масалалари, минтақавий муштаракликни ривожлантириш, транспорт инфратузилмалари ва энергетик ҳамкорликни кенгайтириш бўйича мавқейига шерик бўлишини ва уларни қўллаб-қувватлашини ҳам тасдиқлаган.

Покистон етакчиси икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмасининг динамик ўсаётганлигини мамнуният билан қайд этиб, 2018 йилда Ўзбекистон Покистоннинг Марказий Осиёдаги етакчи иқтисодий шеригига айланганига эътиборни қаратган. Ўзаро манфаатли ва кўп қиррали икки томонлама алоқаларни янада чуқурлаштиришга томонларда қизиқиш борлиги ўз тасдиғини топган.

Икки мамлакат ҳудудлари, айниқса буюк Бобурийларнинг тарихий мероси бир-бирига боғлаб турувчи Панжоб провинцияси ва Наманган вилояти ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятларига алоҳида қизиқиш билдирилган.

«Бой тарихга эга Ўзбекистон буюк исломий мутафаккирларнинг ватанидир. Шу сабаб менинг ватандошларим қалбида мамлакатингизга нисбатан ўзгача ҳурмат ва қизиқиш бор», — дея таъкидлаган Покистон Президенти.

Бир вақтнинг ўзида Ислом ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) Фан ва технологиялар бўйича қўмитасига раисилик қилаётган президент Ариф Алви мазкур қўмитанинг Ўзбекистон билан фаол ва самарали ҳамкорлик қилишга, аввало 2020 йилда Тошкент шаҳрида Фан ва технологиялар бўйича Иккинчи ИҲТ саммитини ўтказиш доирасида биргаликда ишлашга тайёр эканлигини тасдиқлаган.

«Учрашув якунида Покистон президенти Ўзбекистон Президентига ўзининг самимий ҳурматини етказиб қўйишни сўради ва мамлакатимиз раҳбарига кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишида муваффақият тилади», — дейилади ТИВ ахборотида.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Покистон президенти: "Ватандошларим қалбида Ўзбекистонга нисбатан ўзгача ҳурмат ва қизиқиш бор"