20:48 / 13.03.2019
4 363

Ўзбекистон аэропортлари Boeing 737 Max самолётлари учун ёпилмоқда

Ўзбекистон аэропортлари Boeing 737 Max самолётлари учун ёпилмоқда
13 март кунидан Ўзбекистон ҳудудидаги аэропортлар Boeing 737 Max 8 ва 737 Max 9 типидаги ҳаво лайнерларини қабул қилмайди. Бу ҳақида телеграмдаги AviaSpotter канали хабар берди.

Ўзбекистон Республикаси парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш Давлат инспекцияси маълумотига кўра, Boeing 737 Max 8 ва 9 русумидаги самолётларнинг Ўзбекистон ҳудудидаги парвозлари вақтинча тўхтатилган. Ушбу русумдаги самолётларнинг Ўзбекистон бўйлаб парвозлари бутунлай тўхтатилиши бўйича узил-кесил қарор қабул қилиш борасида таҳлил ва текширув жараёни кетмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 10 март куни Эфиопияда Boeing 737 Max 8 самолёти ҳалокатидан сўнг ўнта мамлакатдаги авиакомпаниялар ушбу турдаги самолётлар хизматидан воз кечди. Хусусан, Бразилия, Аргентина, Хитой, Сингапур ва Жанубий Кореяда Boeing 737 Max 8’дан фойдаланиш тўхтатилди.

Кўп ўтмасдан, Европа Иттифоқининг Авиация хавфсизлиги бўйича агентлиги (EASA), Ҳиндистон ва Россиянинг S7 авиакомпанияси ҳам Boeing 737 Max самолётлари парвозларини тўхтатди.

Бир неча соат олдин FlyDubai авиакомпанияси ҳам Тошкент-Дубай, Дубай-Тошкент йўналишларидаги парвозларда ушбу русумдаги самолётлардан фойдаланишни тўхтатгани тўғрисида хабар берилганди.

Дунё бўйича АҚШнинг American Airlines, Southwest Airlines ва Канаданинг Air Canada, WestJet авиакомпаниялари Boeing 737 Max самолётларидан фойдаланишда давом этмоқда.

АҚШ Федерал авиация бошқармасининг (FAA) маълум қилишича, сенаторлар ва касаба уюшмалари томонидан ортиб бораётган эътирозга қарамай Boeing 737 Max авиалайнерлари парвози давом этади.

Маълумот учун, дунё бўйлаб Boeing 737 Max оиласига мансуб самолётлар парвози тўхтатилиши ва қабул қилинмаётганига ушбу русумдаги самолётлар иштирокида кетма-кет ҳалокатлар рўй бергани сабаб бўлди.

10 март куни Ethiopian Airlines авиакомпаниясининг Эфиопия пойтахти Аддис-Абебадан Кения пойтахти Найроби томон учган Boeing 737 Max 8 самолёти Эфиопия пойтахтидан 60 км шарқда ҳалокатга учради. Авиаҳалокатда 35 давлатнинг 157 фуқароси ҳалок бўлган.

2018 йилнинг 29 октябрь куни Lion Air компаниясига тегишли Boeing 737 Max 8 самолёти Жакартадан парвоз қилиб, Ява денгизига қулаганди. Бунинг оқибатида бортдаги 189 киши ҳалок бўлганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистон аэропортлари Boeing 737 Max самолётлари учун ёпилмоқда