20:45 / 08.04.2019
4 423

Қаровсиз болалар боғчаси, эллик минг сўмлик иш ҳақи, ҳафталаб дарс ўтилмайдиган коллеж

Қаровсиз болалар боғчаси, эллик минг сўмлик иш ҳақи, ҳафталаб дарс ўтилмайдиган коллеж
Хабарингиз бор, яқинда сайтимиз орқали Деҳқонобод туман Тиббиёт бирлашмасига қарашли айрим тиббиёт масканларидаги бир қатор ачинарли ҳолатлар ҳақида танқидий мақола эълон қилинган эди. Орадан бироз фурсат ўтиб, бу борада туман Тиббиёт бирлашмаси раҳбари Фармон Жалилов йўл қўйилган камчиликларнинг бартараф этилгани ҳақида оғзаки маълумот бериб ўтди.

Бугун айтмоқчи бўлганимиз эса таълим ва тарбия масалалари билан узвий боғлиқ жараёнда йўл қўйилган жиддий хато ва камчиликлар ҳақида.

Эътибор қаратинг: Деҳқонобод тумани Оқработ (Охирги работ) қишлоғида жойлашган 7-мактабгача таълим муассасаси ҳақида худди шу фикрларни билдириб ўтиш мумкин. Гап шундаки, тасодифан ушбу боғча болаларининг қаровсиз ва хавфсизлиги таъминланмаган ҳолатдалиги эътиборимизни тортди ва биз муассасани журналистик нуқтаи-назардан ўрганиб чиқишга аҳд қилдик.

Болалар хавфсизлиги қай даражада таъминланган?
Аввало, куннинг анча совуқлигига қарамай, болажонлар ташқарида. Кичкинтойларнинг энг каттаси 3 ёки 4 ёшдалигини инобатга олсак, улардан 5-10 қадам нарида ҳовлидаги (ундан сал нарироқда бошқа итлар ҳам сайр қилиб юрганди) каттагина ит уларнинг ҳаётига хавф туғдирмайди деб ким кафолат бера олади? Эътиборсизлик ҳам эви билан-да. Ўзларини “боғча опалар” деб таништирган аёллар бироздан сўнг эгниларига оқ халат кийиб олишди, аммо фақат баъзилари холос. Чунки, мана шу оқ халат ҳам саноқли бўлиб, ҳамма ходимларда йўқ экан.

Эллик минг сўмлик иш ҳақига талаш
Ичкари хоналарни кузатар эканмиз, қалин кийимларда уйқуга ётқизилган болажонларнинг юзлари совуқда қизарган, бурниларидан сув келиб бизга тикилиб туришарди. Беихтиёр хона ўртасига ўрнатилган маҳаллий печканинг муздеклигидан яна бир бор ҳайратга тушдик.

- Бугун печ ёқувчимиз келмаганди,-дейди биз билан суҳбатда боғча ҳамшираси. Мудирамиз ҳам йўқ, ўқишга кетган. Қайта тайёрлов бўйича ёш кадрлар ўқияпти-ку, шунга бўлса керак.

Қишлоқ шароитида хоналарни иситиш учун маҳаллий печдан фойдаланиш яхши. Аммо, у мунтазам равишда ёқилмаса болалар саломатлигига жиддий путур етади.

Воажаб, бор-йўғи 50 минг сўм маош оладиган ўт ёқувчи бир кун ишга келмаса катта муаммо туғилар экан. Бундай дейишимизга асосли сабабларимиз бор, албатта. Суриштириб билишимизча, мазкур муассасага ўт ёқувчи бўлиб ишга олинган аёл ростдан ҳам 50 минг сўм ойлик иш ҳақи олар экан. Энг қизиғи, буни боғчанинг хўжалик мудири Баҳром Эргашев ҳам тасдиқлади.

- Тўғри, боғчамиз кичкина, бунинг устига яқинда давлат дастури асосида янги жойда қурилиш-таъмирлаш ишлари бошланади. Шу боисдан балки, ходимларимиз бироз эътиборсизлик қилишгандир. Ҳақиқатдан ҳам ўт ёқувчимиз бугун ишга келмаган, натижада куннинг совуғига қарамай печ ёнмай қолган. Униям тушуниш керак, уйи боғчадан бир қишлоқ нарида. Оилавий шароити ҳам ҳаминқадар. Очиғи, жамоадаги тарбиячи-ю, ошпаз аёллар шунга берадиган маошни ўзимизга берсангиз, ўзимиз печни ёқамиз, деб ҳар доим тортишиб туришади. Буларни муросага келтира олмай ҳалакмиз ўзимиз ҳам.

Кимдан жавоб оламиз?
Муаммо бор. Бўлганда ҳам, бола тарбияси билан боғлиқ. Боғча мудираси қайта тайёрловда бўлса, туман мактабгача таълим бўлим мудири муассаса учун масъул шахсни бириктирмайдими?
Бу борада Деҳқонобод туман Мактабгача таълим бўлими мудирининг фикри билан қизиқдик. Афсуски, Музаффар Раҳматов саволларимизни кулибгина тинглади-ю, аммо аниқлик киритиб бермади.

Яна бир эътиборсизлик…
Боғча ва коллеж ўртасида ката фарқ бор. Аммо ҳар иккисида ҳам таълим-тарбия жараёнлари олиб борилади. Бола тарбиясига ҳам, ўсмир тарбиясига ҳам совуққонлик билан қараб бўлмайди. Деҳқонободдаги таълим-тарбия муассасаларидаги бу каби ҳолат одатий ҳол бўлса керак. Йўқса, Бойқўрғон ҳудудида жойлашган “Саноат” касб-хунар коллежи мутасаддилари ўз ишларига масъулиятсиз ёндошишмаган бўлар эди. Мамлакатимизда коллежлар тизимида ўзгаришлар бор, аммо бу дегани дарс жараёнлари тўхтатилди дегани эмас. Тугади дегани эмас.

Ҳафталаб дарс ўтилмайди (ми?)
“Саноат” касб-хунар коллежининг синф хоналарининг дарс вақтида бўм-бўшлиги, ўқув парталарининг бир неча кунлик чанги, синф доскасидаги бир ҳафта аввал ёзилган санасини кўриб сизда ҳам шундай савол туғилади. Афсуски, коллеж директори Абдураим Юсупов йўқлиги боис бизда туғилган саволларга директорнинг ўқув тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари Чори Абраев жавоб берди:
- Бугун дарс бўлди. Ўқувчилар тўлиқ бўлмаса ҳам келишганди, охирги даср инглиз тили бўлиши керак. Лекин, бизда уч йилдирки, мутахассис йўқлиги боис ушбу дарс ўтилмайди. Шу сабабдан ўқувчиларга жавоб бериб юбордик.

Норози коллеж директори
Коллеж директорининг ишда эмаслиги ва бунга маълум сабаб борлигини ўринбосарлар билдириб ўтишди. Аммо, ҳудудни ўрганиб ортимизга қайтар чоғимиз бизга пўписа билан қўнғироқ қилган директор Абдураим Юсуповнинг ҳатти-ҳаракатларини очиғи, тушунмадик. Вазиятни тўлиқ ўрганмай туриб унга баҳо бериш қанчалик тўғри бўлади, билмадик. Ҳар ҳолда мавжуд камчиликлар ўз ўрнида барҳам топса нур устига аъло нур бўлар эди.

P/S: Деҳқонободда муаммолар кўп. Аммо, ижобий ишлар ҳам йўқ эмас. Биз бугун жойлардаги айрим ташкилот ва муассасаларни танқид қилишни мақсад қилмаганмиз. Бироқ кўрганларимиз ҳақида ўз нуқтаи-назаримизни билдириб ўтишга ҳақлимиз.
Кузатувларимиз давом этади…
Дилшод НАБИЕВ,
Муқаддас ИСМОИЛОВА.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Қаровсиз болалар боғчаси, эллик минг сўмлик иш ҳақи, ҳафталаб дарс ўтилмайдиган коллеж