18:16 / 08.04.2019
4 420

Вазирлар Маҳкамасининг ДХХга алоқадор янги қарори қабул қилинди

Вазирлар Маҳкамасининг ДХХга алоқадор янги қарори қабул қилинди
Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати органлари ва бўлинмаларида шахсий таркибнинг овқатланишини ташкил этиш бўйича аутсорсинг хизматларини кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ҳарбий хизматчиларининг овқатланишини ташкил этиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 26 апрелдаги 302-сон қарорида Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати бўлинмалари шахсий таркибининг овқатланишини аутсорсинг шартларида ташкил этиш соҳасида давлат-хусусий шериклик механизмларини босқичма-босқич жорий этиш назарда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати органлари ва бўлинмалари шахсий таркибининг овқатланишини ташкил этиш бўйича аутсорсинг хизматларини кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раисига қуйидаги ҳуқуқлар берилди:

озиқ-овқат маҳсулотларининг зарур бўлган захираларини сақлаш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати органлари ва бўлинмалари шахсий таркибининг овқатланишини таъминлаш учун аутсорсерларга ҳақиқий харид нархларида транспорт харажатларини қоплашни ҳисобга олган ҳолда, янгилаш тартибида реализация қилиш;

шахсий таркибнинг узлуксиз овқатланишини (жумладан, доимий жойлашув пунктида, дала шароитида, табиий ва бошқа характердаги фавқулодда ҳолатлар юзага келганда, шунингдек, бошқа ҳолатларда) ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати органлари ва бўлинмалари штатида тегишли лавозимларни сақлаб туриш;

фавқулодда ва бошқа вазиятларда Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати органлари ва бўлинмалари шахсий таркибини овқатланишини ташкил этиш учун муқобил штат лавозимларини назарда тутиш ва Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати бўлинмалари ва органлари штатига киритиш;

шахсий таркибни иссиқ овқат таъминотига киритган ҳолда, унинг овқатланишини ташкил этадиган аутсорсерлар томонидан савдо устамасининг юқори - 20 фоиз даражасига риоя қилиш шарти билан улар учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган шартлар асосида Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг тоифаланган ҳарбий объектлари ҳудудида шахсий таркибни иссиқ овқат таъминотига киритмаган ҳолда, шахсий таркибнинг овқатланишини ташкил қиладиган тадбиркорлик субъектларига ошхона учун бино ва ускуналарни тақдим этиш, шунингдек, уларнинг коммунал тўловлар бўйича харажатларини тўлаб бериш;

Давлат хавфсизлик хизматининг шахсий таркиб овқатланишини аутсорсинг шартларида ташкил этиш тизимига ўтадиган органлари ва бўлинмаларини белгилаш.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига:

аутсорсерлар танловини ўтказишни, бунда умумий овқатланиш соҳасида катга тажрибага, етарли молиявий, моддий-техника ва логистика базасига эга, ўз ташаббуси билан ошхоналар шароитини яхшилашга тайёр бўлган талабгорларга устунлик бериш;

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг органлари ва бўлинмаларига белгиланган тартибда шартномалар тузиш учун аутсорсерларни танлаш бўйича баённома қарорларини ўз вақтида тақдим этишни;

аутсорсерларга озиқ-овқат маҳсулотларини фермер хўжаликларидан ва бошқа улгуржи савдо вакилларидан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича сотиб олишда ҳар томонлама кўмаклашишни таъминлайди.

Аутсорсерлар танловини сифатли ўтказиш бўйича жавобгарлик Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари зиммасига юкланди.

«Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмаси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат захираларини бошқариш қўмитасига ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати буюртманомаларига мувофиқ асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, сабзавотлар ва бошқа озиқ овқат маҳсулотлари турларини тайёрлашда Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати органлари ва бўлинмалари эҳтиёжини ҳисобга олади ва уларни аутсорсерларга иссиқ овқат таъминотида бўлган шахсий таркибнинг овқатланишини ташкил этиш учун реализация қилади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати органлари ва бўлинмалари шахсий таркибининг овқатланишини ташкил этиш бўйича аутсорсинг хизматларини кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, хизмат органлари ва бўлинмалари шахсий таркибини озиқ-овқат таъминоти озиқ-овқат йўналиши томонидан аутсорсинг шартларида ташқи умумий овқатланиш корхоналарини жалб этиш орқали таъминланади.

Аутсорсерларни жалб этиш орқали Хизмат органлари ва бўлинмалари шахсий таркибининг овқатланишини ташкил этиш учун пул маблағларига бўлган эҳтиёжни аниқлаш ва талаб қилиш режалаштирилган йилда овқатланувчилар сони, меъёрлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархидан келиб чиққан ҳолда тузиладиган ҳисоб-китоблар асосида амалга оширилади.

Аутсорсерлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан талабгорларни ўрганиш ҳамда энг яхши таклифларни танлаш орқали танлаб олинади. Бунда умумий овқатланиш соҳасида катга иш тажрибасига, тегишли молиявий, моддий-техника ва логистика базасига эга, ошхоналарнинг ҳолатини яхшилашга тайёр бўлган талабгорларга устунлик берилади.

Аутсорсерларни танлаб олиш натижалари баённома шаклида расмийлаштирилади ва шахсий таркибнинг овқатланишини ташкил этиш бўйича аутсорсинг хизматларини кўрсатиш юзасидан Хизмат органлари ва бўлинмалари билан келтирилган намунавий шакл бўйича белгиланган тартибда шартнома тузиш учун бир кун муддатда Хизмат органлари ва бўлинмаларига юборилади.

Аутсорсерларни жалб этган ҳолда, шахсий таркибнинг стационар ва дала шароитларида овқатланишини ташкил этиш бўйича шартномалар бир календарь йил учун тузилади.

Шахсий таркибнинг овқатланишини ташкил этиш бўйича ҳисоб-китоблар шартнома шартларига мувофиқ амалда кўрсатилган хизматлар ва таомнома бўйича тайёрланган таомлар асосида амалга оширилади.

Тегишли ой учун умумий сумманинг 15 фоизи миқдоридаги олдиндан тўлов бошланган ойнинг дастлабки 10 банк куни давомида хизматлар кўрсатиш жадвалига мувофиқ амалга оширилади. Сумманинг қолган қисми амалда кўрсатилган хизматлар асосида шартнома шартларига кўра тўланади.

Шартнома суммаси тузиладиган шартноманинг ажралмас қисми бўлган умумқўшин паёгининг ҳисоб-китобига асосан аниқланади ва унда умумий овқатланувчилар сони, озиқ-овқат паёкларининг нормаси, бир овқатланувчи учун озиқ-овқат нархи ва умумий қиймат ойларга бўлинган ҳолда кўрсатилади.

Озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг бозордаги ўртача кўрсаткичлари тегишли ҳудудда юзага келган нархлар даражасини ҳар ой ўрганиш орқали Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланади.

Озиқ-овқат маҳсулотларининг Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари баённомаларида белгиланган нархлари улар тасдиқлангандан кейинги кундан эътиборан кучга киради.

Агар озиқ-овқат маҳсулотларининг амалдаги бозор нархлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг баённома қарорида белгиланган нархлардан баланд бўлса, Хизматнинг органи ёки бўлинмаси раҳбари аутсорсер билан биргаликда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш учун тегишли ҳудуддаги амалдаги нархларни ўрганиб чиқиш далолатномаси илова қилинган таклифларни белгиланган тартибда юборади.

Баённома қарорларнинг тўғри тузилиши учун жавобгарлик Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига юкланади.

Хизмат шахсий таркибининг овқатланишини ташкил этишда аутсорсерларга давлат стратегик захирасидан олинган озиқ-овқат маҳсулотларини ҳамда Хизмат органлари ва бўлинмаларининг ёрдамчи хўжаликларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш асосида беришга ёки реализация қилишга рухсат берилади.

Аутсорсерларга бериладиган ёки реализация қилинадиган озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нархи транспорт харажатларини қоплашни ҳисобга олган ҳолда амалда сотиб олинган нарх асосида белгиланади.

Аутсорсер ҳар ойнинг 5-санасига қадар Хизмат органига (бўлимига) ўтган ойда амалда кўрсатилган хизматлар бўйича ҳисоб-фактурани ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун тақдим этади. Кўрсатилган хизматлар нархи озиқ-овқат маҳсулотларининг амалдаги харид нархидан келиб чиққан ҳолда (бўлинмалар жойлашган жойдаги ўртача бозор нархидан юқори бўлмаган даражада) ва аутсорсернинг барча харажатларини, шу жумладан ходимлар иш ҳақи, солиқлар, транспорт харажатлари ва бошқаларни ўз ичига олган 20 фоизгача устама ҳақи ҳисобга олинган равишда белгиланади.

Хизмат органлари ва бўлинмалари шахсий таркибининг овқатланишини ташкил этиш учун аутсорсерларни танлаш ва аутсорсер ҳамда Хизмат органи (бўлинмаси) ўртасидаги ҳисоб-китоблар мувофиқ схемалар бўйича амалга оширилади.

Шахсий таркибнинг овқатланиш режимини ишлаб чиқиш аутсорсерлар билан келишилган ҳолда Хизмат органи ва бўлинмаси бошлиғига, унинг тегишли ўринбосарига, Хизмат органи ва бўлинмаси тиббиёт ва озиқ-овқат йўналишлари бошлиқларига юкланади.

Таомлар тарқатилишидан олдин Хизмат органи ва бўлинмаси врачи (фельдшер) орган ва бўлинма навбатчиси билан биргаликда таомлар сифатини татиб кўриш орқали текширадилар, шунингдек, ошхона хоналари, ошхона идиш-товоқлари, инвентарларнинг санитар ҳолатини назорат қиладилар.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Вазирлар Маҳкамасининг ДХХга алоқадор янги қарори қабул қилинди