Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари делегациясини қабул қилди

  • 11 апрель 2019, 17:59
  • 468
  • Ўзбекистон
  • Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари делегациясини қабул қилди
    Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 11 апрель куни Бирлашган Араб Амирликларининг Ҳукумат ва келажак ишлари бўйича вазири Муҳаммад бин Абдуллоҳ ал-Қарқовий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

    Президент матбуот хизмати хабарига кўра, давлат раҳбари мамлакатда бўлиб турган нуфузли делегацияни самимий қутлаб, Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги кўп қиррали муносабатларнинг изчил ривожланиб бораётганига юксак баҳо берган.

    Жорий йилнинг март ойида Абу-Даби ва Дубай шаҳарларида бўлиб ўтган олий даражадаги сермаҳсул учрашувлар икки давлат ўртасидаги шерикликни мустаҳкамлаш ва амалий ҳамкорликни кенгайтиришда янги босқични бошлаб бергани қайд этилди.

    Ташриф якунида муҳим келишувларга эришилди, жумладан, иқтисодиётнинг турли тармоқларида умумий қиймати 10 миллиард доллардан зиёд истиқболли инвестиция лойиҳалари бўйича салмоқли икки томонлама ҳужжатлар тўплами имзоланди. Уларни тўлиқ амалга ошириш мақсадида мамлакатимизда тегишли “Йўл харитаси” қабул қилинди.

    Бугунги суҳбат давомида давлат ташкилотлари, илмий марказлар, етакчи компания ва корхоналар, банк-молия институтлари даражасида фаол мулоқот ва алмашинувларни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.

    Бирлашган Араб Амирликларининг давлат бошқаруви ва инновацион ривожланиш соҳасидаги илғор тажрибани жорий этишда ўзаро ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

    Мамлакатларимиз экспертлари ҳамкорлигида устувор йўналишларда ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича аниқ таклифлар тайёрлаш юзасидан келишувга эришилди.

    Вазир самимий қабул учун давлат раҳбарига миннатдорлик билдирди ҳамда БАА президенти Шайх Халифа бин Зоид Ол Наҳаён, Абу-Даби Амирлиги валиаҳди, БАА Қуролли Кучлари Олий бош қўмондони ўринбосари Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён ва БАА Вице-президенти, Бош вазири, Дубай амирлиги ҳокими Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактумнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

    Муҳаммад ал-Қарқовий Ўзбекистонда давлат ва жамият қурилиши соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли янгиланишлар, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни юксак баҳолаб, Бирлашган Араб Амирликлари раҳбариятининг мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва шериклик муносабатларини изчил ривожлантириш борасидаги интилиши қатъий эканини билдирди, дейилади хабарда.

    » » Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари делегациясини қабул қилди