Президентнинг Миллий гвардия бўйича фармони қабул қилинади

  • 16 апрель 2019, 10:37
  • 1 316
  • Ўзбекистон
  • Президентнинг Миллий гвардия бўйича фармони қабул қилинади
    Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ходимлари билан ишлаш ва уларнинг хизмат ўташини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармони лойиҳаси жойлаштирилди.

    Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясига ходимларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, кадрлар захирасини шакллантириш, шунингдек ходимларнинг хизмат ўташини ташкил этишда қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмаларининг асосий вазифалари деб ҳисобланиши мумкин:

    бўш лавозимларни ўз касбий фазилатлари, хулқ-атвори ва маданият даражаси билан намуна бўлган истиқболли кадрлар билан жамлаш механизмини жорий этиш;

    иш тажрибасининг ворисийлигини, ёш ходимларнинг хизматга амалий мослашишини, касбий шаклланиш жараёнини тезлаштириш ҳамда уларда хизмат вазифаси бўйича зиммасига юклатилган вазифаларни мустақил бажариш қобилиятини ривожлантиришни таъминловчи самарали устоз-шогирд тизимини жорий этиш;

    ходимлар ўртасида барқарор профессионал кадрлар таркибини шакллантириш, ходимларнинг узоқ муддатли хизматини рағбатлантириш, шунингдек кадрларнинг профессионал ва шахсий фазилатлари ҳамда қобилиятларини инобатга олган ҳолда лавозимларга оптимал тақсимлаш;

    ижро интизомини, жумладан бошқарув қарорлари ҳар бир бевосита ижрочига ўз вақтида етказилиши ва бажарилишини тизимли узлуксиз назорат қилинишнинг замонавий ахборот-коммуникацион технологияларини кенг жорий этиш орқали таъминлаш механизмини қайта кўриб чиқиш.

    Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонининг ўринбосарлари ва бошқарма бошлиқлари:

    а) ҳар чоракда жойларга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қўриқлаш бош бошқармасининг бўлинмалари, хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналарини қўриқлашни таъминлаш бўйича алоҳида батальони, ўқув марказлари (Фарғона ва Жиззах вилоятлари), назорат-рухсат бериш фаолияти бўлинмалари раҳбарларининг аниқ эришилган натижаларини кўрсатган ҳолда бошқарув қарорлари ижросининг амалга оширилиши ҳақидаги шахсий ҳисоботларини кенгайтирилган мажлисларда тинглайди;

    б) ҳар ярим йил якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳайъатида хизмат ва ижро интизомини мустаҳкамлаш, шунингдек хизмат ўташни, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар талабларни инобатга олган ҳолда қилинган ишлар юзасидан шахсан ҳисобот беради. Бунда қуйидагилар бўйича аниқ чоралар кўрилиши назарда тутилади:

    ташаббус кўрсатмайдиган ва масъулиятсиз раҳбарларга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш;

    Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмаларининг ижобий иш тажрибасини татбиқ этиш ва қўллаш.

    Белгилаб қўйилишича:

    пенсия олиш ҳуқуқини берадиган хизмат муддати календарь ҳисобида йигирма йилни ташкил қилади, улардан имтиёзли ҳисобланадиган даври ходимларга пенсия миқдори ҳисобланаётган вақтдагина инобатга олинади;

    Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан таъминланувчи Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ходимларига ўрнатилган пул таъминотининг меъёрлари жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар кўрсатиш бўйича тузилган шартномалар асосида фаолият юритувчи Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тизимларининг ходимларига ҳам татбиқ этилади;

    кўрсатилган учун келиб тушган маблағлар ҳисобидан фаолият юритувчи Миллий гвардия тизимидаги муассасаларда хизмат қилаётган ходимларга санаторий-курорт муассасаларига йўлланмалар бериш ушбу муассасаларнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

    Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ходимлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги олий таълим муассасалари кундузги, сиртқи таълим шаклида, касбий тайёргарлик факультетида, раҳбар кадрларни тайёрлаш факультети (олий курслар)да Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардия қўмондони ва Ички ишлар вазири томонидан белгиланган тартибда тайёрланади, қайта тайёрланади ва малакасини оширади;

    ходимларнинг болалари давлат мактабгача таълим муассасаларига яшаш ёки хизмат ўташ жойи бўйича навбатдан ташқари қабул қилинади.

    Қуйидаги тартиб ўрнатилиши мумкин:

    Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясида устозлар мутахассислик бўйича камида беш йил хизмат қилган, юксак касбий фазилатларга, хизматда самарали кўрсаткичларга ва тарбиявий йўналишда кўникмаларга эга бўлган энг тажрибали ходимлар орасидан танлаб олинади;

    устозларга, қоида тариқасида, кўпи билан бир нафар офицерлар таркибидан бўлган ходим, уч нафаргача сержантлар таркибидан бўлган ходимлар, беш нафаргача сафдорлар таркибидан бўлган ходимлар бириктирилади;

    устозлар ўзларига бириктирилган ходимларнинг таълим-тарбиясига масъулиятсизлик билан ёндашганида, шунингдек ходимлар лавозимга киришиши даврида хизмат интизомини бузган ҳолларда устозлар, айблик даражасидан келиб чиққан ҳолда белгиланган тартибда интизомий жазога тортилади.

    Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг хизмат интизоми ва бенуқсон узлуксиз хизмати учун ташаббускор ва виждонли ходимларни тақдирлаш мақсадида “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг фахрий ходими” идоравий кўкрак нишони таъсис этиш ҳақидаги таклифи маъқулланиши мумкин.

    » » Президентнинг Миллий гвардия бўйича фармони қабул қилинади