15:53 / 05.05.2019
3 261

Ўзбекистон сўз эркинлиги рейтингида юқорилади — лекин цензурадан халос бўлиш учун кўп иш қилиш керак

Ўзбекистон сўз эркинлиги рейтингида юқорилади — лекин цензурадан халос бўлиш учун кўп иш қилиш керак
«Чегара билмас мухбирлар» ноҳукумат ташкилоти жаҳонда сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият тўғрисидаги йиллик ҳисоботини эълон қилди.
Матбуот эркинлиги рейтинги «маҳаллий журналистларнинг эркинлик даражаси»га кўра сараланган 180та давлат рўйхатидан иборат.

У турли давлатлардаги журналистлар, юристлар ва социологларнинг махсус анкетасига берилган жавобларига кўра тузилади. Анкета саволлари журналистлар иши билан боғлиқ кенг доирали мавзуларни қамраб олади — қонунчилик, ўзини ўзи цензура қилиш, медианинг эркинлиги, фикрлар плюрализми, турли институтлар ва идораларнинг журналистлар билан ишлашга тайёрлиги ва ҳоказо.

Бундан ташқари, баҳолашда ўлдирилган, қамоққа ташланган журналистлар сони, шунингдек жиноий таъқиб қилинаётган блогерлар ва журналистлар ассистентлари каби айрим қўшимча мезонлар ҳам ҳисобга олинади.

Ташкилот рейтингида дастлабки учликни Норвегия, Финляндия ва Нидерландия эгаллади.
МДҲ давлатлари орасида Арманистон сезиларли ўсишга эришди. Бу давлат 19 поғона юқорилаб, 61-ўриндан жой олди.

Қирғизистон 15 поғона кўтарилиб, 81-ўринга жойлашган, Украина 101-ўринга тушган бўлса, Молдова 10 поғона пастлаб, 91-ўринни эгаллаган.
Россия ҳам ўтган йилга нисбатан бир поғона пастга, 149-ўринга тушиб қолди. Беларусь 2 поғона кўтарилиб, 153-ўриндан жой олди.

Қайд этиш керакки, Ўзбекистон ҳам рейтингда юқорилади ва 53,52 кўрсаткич билан 160-ўринга лойиқ кўрилди ва харитада аввалгидек қора эмас, қизил рангда белгиланди.

Таққослаш учун, 2018 йилги кўрсаткич 165-ўрин бўлганди, 2017 йилда эса 169-ўрин.

«Айрим нашрлар оғриқли мавзуларда ёза бошлади. Аммо мамлакатда узоқ вақт ҳукмронлик қилган цензура ва ўз-ўзини цензура қилишдан халос бўлиш учун ҳали кўп иш қилиш керак», дейилади ҳисоботда.

Тожикистон ва Озарбойжон мос равишда 161- ва 166-ўринларда жойлашди. Туркманистон 85,44 кўрсаткичи билан энг охирги - 180-ўринга лойиқ кўрилди.

Маълумот учун, «Чегара билмас мухбирлар» халқаро ноҳукумат ташкилоти 1985 йили Франциянинг Монпелье шаҳрида ташкил этилган. Ташкилотнинг асосий мақсади бутун дунёдаги матбуот соҳасида фаолият юритаётган ташкилотлар ва инсонлар манфаатини ҳимоя қилиш ҳисобланади. Бош офиси Парижда жойлашган бу ташкилотнинг шиори «Эркин матбуотсиз бирор тўқнашув ва кураш ҳақида ҳеч қачон билиб бўлмайди».

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистон сўз эркинлиги рейтингида юқорилади — лекин цензурадан халос бўлиш учун кўп иш қилиш керак