12:47 / 06.05.2019
2 256

Жисмоний шахсларнинг хорижда ҳисобварақлар очишдаги чекловлар олиб ташланади

Жисмоний шахсларнинг хорижда ҳисобварақлар очишдаги чекловлар олиб ташланади
Валюта операциялари иштирокчилари ўртасидаги муносабатларнинг норматив-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришга қаратилган “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонунининг нормаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳамда баъзи нормаларни тубдан қайта кўриб чиқиш зарурати мавжуд, дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдуғани Умиров.

Унинг билдиришича, куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари қатори “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси муҳокама қилинди. Мазкур қонун лойиҳаси валюта сиёсатини янада либераллаштириш, барча тадбиркорлик субъектларига ташқи савдо фаолиятини амалга оширишда тенг шароитлар ва адолатли тизим яратишга қаратилгани билан аҳамиятли.

Валютани тартибга солиш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишда иқтисодий чораларнинг устуворлиги, валюта операцияларига давлат органларининг ноқонуний аралашувига йўл қўймаслик, валюта курсини аниқлашда фақатгина бозор механизмларини қўллашга қаратилган нормалар ҳам киритилмоқда.

Хусусан, қонун лойиҳасида халқаро тажрибадан келиб чиқиб, ташқи савдо операциялари бўйича активларни репатриация қилиш тушунчаси, шунингдек, унга бўлган талаблар киритилмоқда. Активлар репатриацияси – бу норезидент мажбуриятларининг бажарилиши ҳисобига активларнинг Ўзбекистон Республикасига келиб тушишини таъминлаш ҳисобланади. Валюта операциялари турларини аниқлаш мақсадида, норезидент мажбурияти юзага келган санадан бошлаб ташқи савдо операциялари бўйича репатриация муддати 180 кундан ошган тақдирда, мазкур операция капитал ҳаракати операцияси сифатида таснифланиши белгиланмоқда.

Шу билан бирга, резидент жисмоний шахсларнинг хорижда ҳисобварақлар очишдаги чекловлар олиб ташланмоқда. Халқаро тажрибага мувофиқ, жисмоний шахсларнинг чет элдаги ҳисобварақларини назорат қилишнинг имкони йўқлигини ва шу сабабли, чекловлар ўрнатилиши мазмунан ҳеч қандай натижа бермаслигини ҳисобга олган ҳолда, ушбу норма киритилмоқда. Норезидентлар жорий халқаро операциялар бўйича чет эл валютасини сотиш ва сотиб олишлари мумкинлиги белгиланмоқда. Норезидентлар томонидан жорий халқаро операциялар учун хорижий валютанинг сотиб олиниши ва сотилиши ХВФ (Халқаро валюта фонди) тавсияларига асосан, алоҳида норма сифатида киритилмоқда. Шу билан бирга, ушбу норма мамлакатда инвестицион муҳитнинг яхшиланишига ва тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқимининг кўпайишига сабаб бўлади, дейди депутат.

Таъкидланишича, валюта операцияларини соддалаштириш мақсадида бир қатор нормалар белгиланмоқда. Жумладан, Марказий банк томонидан резидент жисмоний шахсларга нақд хорижий валютани олиб чиқиб кетишга рухсатнома бериш тартиби бекор қилинмоқда. Лойиҳада билан эндиликда 100 миллион сўм эквивалентидан ортиқ нақд пул маблағларини олиб чиқишда жами олиб чиқилаётган сумма декларация қилиниши белгилаб қўйилмоқда.

Шунингдек, резидентлар ўртасида хорижий валютада операциялар уларнинг фаолияти ва жойлашган жойидан қатъи назар амалга оширилиши мумкин бўлган ҳолатлари белгиланяпти. Амалдаги таҳрирда резидентлар ўртасида фақат Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги валюта операциялари назарда тутилган. Янги таҳрирда эса, ҳудудий жиҳатдан эмас, балки резидентлик мақомидан келиб чиққан ҳолда валюта операциялари амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.

Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши валюта операцияларини амалга оширишда резидентлар ва норезидентларнинг чет эл валютасидаги маблағларини эркин тасарруф этиш ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, барча ташқи савдо қатнашчиларига адолатлилик тамойили асосида тенг шароитлар яратиш имконини беради, дея хулоса қилган депутат.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Жисмоний шахсларнинг хорижда ҳисобварақлар очишдаги чекловлар олиб ташланади