Тадбиркорлар қандай муаммоларга дуч келмоқда?

  • 18 май 2019, 15:15
  • 699
  • Ўзбекистон
  • Тадбиркорлар қандай муаммоларга дуч келмоқда?
    Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлган шахслар асосан мулк ҳуқуқи бўйича муаммоларга дуч келишади. Бу ҳақда «Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони юзасидан ўтказилган Адлия вазирлиги матбуот анжуманида маълум қилинди.

    Анжуманда иштирок этган президент ҳузуридаги бизнес омбудсман етакчи инспектори Жамшид Ҳасановнинг баён қилишича, тадбиркорлар асосан бино қурилиши ва бузилиши, ер участкасини олиш сингари мулк ҳуқуқи билан боғлиқ муаммолар юзасидан мурожаат қилишади. “Шунингдек, лицензия олиш, уни расмийлаштириш билан боғлиқ жараён юзасидан ҳам тадбиркорлар муаммоларга дуч келишмоқда”, ─ дейди инспектор.

    Анжуманда республикада фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари эгалари ҳам иштирок этишди. Улар ўз фаолиятларида рўбарў бўлаётган муаммоларни баён этишди.

    Чингиз Муталов, тадбиркор:
    ─ Давлат ташкилотлари ва тадбиркорлар ўртасида мулоқот яхши йўлга қўйилмаган. Янги қонунлар, фармонлар чиқяпти, лекин ҳали эскилари ҳазм қилингани йўқ. Идораларга бирон муаммо юзасидан мурожаат қилсангиз, у ерда ўтирганлар янги чиққан ҳужжат у ёқда турсин, эскисини ҳали тўлиқ ўрганиб, моҳиятига тушунмаган бўлади.

    Бирданига ҳамма нарсада эркинлик берилгани учун фуқаролар ҳамма нарсага давлат жавобгар, деб ўйламоқда. Давлат эса устма-уст қонун чиқариш билан банд.

    Олмалиқ шаҳар ва Олмалиқ металлургия қўшма корхоналари директор муовини:
    ─ Илгари давлат идораларига бирон масала билан кириш амри маҳол эди. Ҳозир мутасаддиларнинг вакиллари ўз оёқлари билан келиб, муаммоларни ўрганишяпти, давлат хизматлари агентлиги ташкил этилди. Лекин у ерда ўтирган вакиллар тадбиркорлар ва инвесторларнинг саволларига қониқарли жавоб бера олмайди. Сармоя кўтариб келган инвесторнинг жуда кўп саволлари бўлади, лекин у аниқ ва батафсил жавоб ола билмаса, ҳафсаласи пир бўлади.

    Чунки шунақа идораларда ўтирганларнинг аксарияти инвесторга тўғри тушунтириш бера оладиган салоҳиятга, билимга эга эмас. Иқтисодиётни тушунадиган ҳуқуқшунос йўқ ҳисоб. Бирон масала бўйича тугал хулоса айтиб, жавобгарликни ўз бўйнига олишни биронтаси истамайди. Ҳали у вакилнинг, ҳали бу мутахассиснинг эшигини тақиллатавериб овора бўлгач, инвестор қайтиб кетади, уни ҳеч қанақасига ҳам қайтара олмайсиз.

    Шунингдек, тадбиркорлар келаётган инвесторларнинг ҳужжатларни расмийлаштириш билан муаммоларга дуч келиши, киритилаётган сармоя учун банклар кафолатни ўз бўйнига олмаётгани, банклар томонидан ишончсизлик билдирилаётганини таъкидлаб ўтишди.

    Фикрлар

    » » Тадбиркорлар қандай муаммоларга дуч келмоқда?