Ўзбекистонда энди тергов ҳаракатлари видеоконференцалоқа режимида ҳам ўтказилади

  • 24 май 2019, 15:00
  • 431
  • Ўзбекистон
  • Ўзбекистонда энди тергов ҳаракатлари видеоконференцалоқа режимида ҳам ўтказилади
    Ўзбекистон Республикаси президенти “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жиноят процесси иштирокчиларининг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш билан боғлиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.

    Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2013–ХII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига қуйидаги қўшимча ва ўзгартишлар киритилди:

    қуйидаги мазмундаги 91-1–91-4-моддалар билан тўлдирилди:

    «91-1-модда. Тергов ҳаракатларини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш

    Гувоҳлар, жабрланувчилар, гумон қилинувчилар ва айбланувчилар иштирокидаги тергов ҳаракатлари (сўроқ, шахсларни ва нарсаларни таниб олиш, юзлаштириш) мазкур шахсларни улар турган жойдаги ёки яшаш жойидаги вилоятнинг ёки туманнинг ёхуд шаҳарнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органига ёки судига чақирган, техник воситалардан фойдаланган ҳолда видеоконференцалоқа режимида ўтказилиши мумкин. Видеоконференцалоқа жараёнида тергов ҳаракати иштирокчилари тергов ҳаракати жараёни ва натижаларини тўғридан-тўғри трансляция орқали бевосита кузатиб боради.

    Тергов ҳаракатларини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш тўғрисидаги қарор суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд томонидан ўз ташаббуси билан ёхуд жиноят процесси иштирокчиларининг илтимосномасига кўра қабул қилинади.

    Тергов ҳаракатларини видеоконференцалоқа режимида ўтказишда фойдаланиладиган техник воситалар ва ускуналар қуйидаги минимал талабларга жавоб бериши зарур:

    тасвир сифати бўйича – ўлчами 1920×1080, секундига 50 та кадр;
    овоз сифати бўйича – частота диапазони 100-12 000 Гц;
    ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича – VPN ҳимояланган алоқа каналидан фойдаланган ҳолда.

    91-2-модда. Тергов ҳаракатларини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш асослари

    Тергов ҳаракатлари қуйидаги ҳолларда видеоконференцалоқа режимида ўтказилади:

    1) шахснинг жиноят ишини тергов қилаётган органга ёки тергов ҳаракати ўтказилаётган жойга соғлиғининг ҳолатига ёки бошқа узрли сабабларга кўра бевосита келиш имконияти бўлмаганда;
    2) жиноят процесси иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш зарурати туғилганда;
    3) кечиктириб бўлмайдиган тергов ҳаракатлари ўтказилганда;
    4) тергов ҳаракатини ўтказиш қийинлашиши ёки ортиқча харажатлар келтириб чиқариши мумкинлиги ҳақида асосли сабаблар мавжуд бўлганда.

    Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган асослар мавжуд бўлганда суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд тегишли қарор чиқаради.

    91-3-модда. Тергов ҳаракатларини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш шартлари ва тартиби

    Муайян тергов ҳаракатини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш ҳақида қарор қабул қилинган тақдирда суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд жиноят процессининг муайян иштирокчисини чақиртиришни ва тергов ҳаракатини видеоконференцалоқа режимида ўтказишни ташкил этишни сўраб тегишли органга ушбу Кодекс талабларига мувофиқ топшириқ юборади.

    Суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг ёки суднинг топшириғини бажарувчи мансабдор шахс чақиртирилган жиноят процесси иштирокчисининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини текшириши, унинг ушбу Кодексда назарда тутилган ҳуқуқларини таъминлаши ва тергов ҳаракати тугаллангунига қадар унинг ёнида бўлиши керак.

    Тергов ҳаракатини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш учун мутахассислар жалб қилиниши мумкин.

    Видеоконференцалоқа режимида сўроқ, шахсларни ёки нарсаларни таниб олиш ёхуд юзлаштириш ушбу Кодекснинг 96–108, 112–131-моддалари талабларига риоя этган ҳолда амалга оширилади. Тергов ҳаракати иштирокчиларига видеоконференцалоқада иштирок этаётган шахсларга саволлар бериш ва улардан жавоблар олиш, ушбу Кодексда назарда тутилган процессуал ҳуқуқлар ва мажбуриятларни амалга ошириш имконияти таъминланиши керак.

    91-4-модда. Видеоконференцалоқа режимида ўтказилган тергов ҳаракати жараёни ва натижаларини қайд қилиш

    Видеоконференцалоқа режимида ўтказилган тергов ҳаракати жараёни ва натижалари электрон маълумотларни ташувчи тегишли воситаларга баённома тузилган ҳолда ёзилади ва қайд этилади.

    Тергов ҳаракатининг баённомаси суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд ва топшириқни бажарувчи мансабдор шахс томонидан тузилади. Видеоконференцалоқа материаллари баённомага қўшиб қўйилади.

    Тергов ҳаракатининг баённомаси ушбу Кодексда назарда тутилган умумий қоидаларга риоя қилинган ҳолда тузилади ва унда жиноят процесси иштирокчилари кўрсатувларининг моҳияти акс эттирилади.

    Видеоконференцалоқа ёзувининг вақти ўтказилган тергов ҳаракатининг аниқ вақтига мос келиши керак. Видеоконференцалоқа жараёнидаги танаффуслар юзасидан изоҳ берилиши ҳамда улар видеоёзувда ва баённомада акс эттирилиши керак.

    Видеоконференцалоқа режимида ўтказилган тергов ҳаракати баённомаси суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд, топшириқни бажараётган мансабдор шахс ҳамда тергов ҳаракатининг бошқа иштирокчилари томонидан имзоланади. Топшириқни бажараётган мансабдор шахс томонидан тузилган баённома суриштирувчига, терговчига, прокурорга ёки судга юборилади».

    Фикрлар

    » » Ўзбекистонда энди тергов ҳаракатлари видеоконференцалоқа режимида ҳам ўтказилади