10:38 / 22.06.2019
4 145

“Тошкент” автовокзалига 68 та YUTONG автобуси олиб келинди (фото)

“Тошкент” автовокзалига 68 та YUTONG автобуси олиб келинди (фото)
“Тошкент” автовокзалига Хитойнинг “Zhengzhou Yutong Bus Co. Ltd.” компаниясида ишлаб чиқарилган 68 та YUTONG автобуси олиб келинди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали маросимда сўзга чиққан Транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Маҳкамов, ХХРнинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Цзян Янь ва бошқалар Ўзбекистонда аҳолига сифатли транспорт хизмати кўрсатиш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Тошкент” автовокзали тубдан реконструкция қилиниб, илғор технологиялар билан жиҳозланди. Меҳмонхона, она ва бола, тиббиёт хоналари, савдо дўконлари, аёллар ва эркаклар учун алоҳида намозхоналар ташкил этилди. 31 перрон ва 80 автобус учун жой мавжуд. Вокзалда бир вақтнинг ўзида 2 мингдан зиёд йўловчига хизмат кўрсатиш имконияти яратилди. Маҳаллий ва халқаро йўналишларда қатновлар йўлга қўйилди.

– Маҳаллий фуқароларимиз ва хорижлик сайёҳларга замонавий хизмат кўрсатиш, уларни манзилига хавфсиз ва қулай шароитларда етказишга алоҳида эътибор қаратаяпмиз, – деди “Uzautotrans Service” компанияси бош директори Саидраҳим Икромов.

– Шу мақсадда Хитойнинг “Zhengzhou Yutong Bus Co. Ltd.” компаниясида ишлаб чиқарилган 100 та автобус олиб келган эдик. Бугун улар қаторига яна 68 та қўшилди. 51 йўловчига мўлжалланган бу автобусларда йўловчилар учун барча қулайликлар бор. Юмшоқ ўриндиқлар тепасида ҳаво дефлектори, индивидуал ёритиш чироқлари, кондиционер, карнай жойлашган, телефонни қувватлаш қурилмаси мавжуд. Бу йўловчиларга жуда қўл келади. Уларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун кузатув камералари ўрнатилган.

Таъкидланишича, ҳозирда “Тошкент” автовокзалидан Самарқанд, Бухоро, Янгиер, Зомин, Жиззах, Қарши, Қоракўл, Гагарин, Термиз, Урганч, Денов каби 11 шаҳарлараро ва Қозоғистоннинг Тараз, Туркистон, Ушкунур, Олмаота шаҳарларига халқаро йўналишларда мунтазам автобус қатновларини амалга оширмоқда.

Тез кунларда Қирғизистон, Тожикистон, Россия ва Қозоғистоннинг яна бошқа шаҳарларига халқаро автобус қатновларини йўлга қўйиш режалаштирган.

Тадбирда “Uzautotrans Service” МЧЖ корхонаси ва Хитойнинг “Zhengzhou Yutong Bus Co. Ltd.” компанияси ўртасида ҳайдовчи ҳамда техник ходимларнинг малакасини ошириш борасида илмий-техник ҳамкорлик қилиш бўйича меморандум имзоланди.
Хуршид ҚОДИРОВ, Аъло АБДУЛЛАЕВ (сурат)

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » “Тошкент” автовокзалига 68 та YUTONG автобуси олиб келинди (фото)