14:55 / 26 августа 2019
1 278

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига ўзгартиш киритилади

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига ўзгартиш киритилади
«Ер ва сув ресурсларидан самарасиз фойдаланганлиги учун жавобгарлик чораларини оширилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган ЎРҚ-2012-ХII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилади:

229-1-модда (Ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш):
- биринчи қисми санкциясидаги «энг кам иш ҳақининг» деган сўзлар «базавий ҳисоблаш миқдорининг» деган сўзлар билан алмаштирилади;

қуйидаги мазмундаги иккинчи ва учинчи қисмлар билан тўлдирилади:

«Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, —
базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Биринчи марта жиноят содир этган шахс, агар у ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасининг қайтарилишини таъминласа ҳамда ўзбошимчалик билан эгаллаб олишнинг оқибатлари бартараф этилган тақдирда, озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди».

229-4-модда (Ер бериш тартибини бузиш) қуйидаги таҳрирда баён этилади:

«229-4-модда. Ер бериш ва (ёки) ерларни олиб қўйиш тартибини бузиш
Ер бериш ва (ёки) ерларни олиб қўйиш тартибини бузиш, шундай ҳаракат учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, —
базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракат:
а) такроран содир этилган бўлса;
б) суғориладиган ерларни қишлоқ хўжалиги юритиш билан боғлиқ бўлмаган мақсадларда бериш тартибини бузилишига ёки ерларнинг қишлоқ хўжалиги оборотидан чиқишига сабаб бўлса;
в) фойдаланишга киритилган ва (ёки) янгидан ўзлаштирилган ерларни асоссиз олиб қўйилишига сабаб бўлса, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади».
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)