21:53 / 22.01.2020
3 521

«Свет» ўчиши ва хиралигидан азият чеккан аҳоли муаммоларини ҳал қилишни мутасаддилар пайсалга солмоқда

«Свет» ўчиши ва хиралигидан азият чеккан аҳоли муаммоларини ҳал қилишни мутасаддилар пайсалга солмоқда
Қашқадарё вилояти Қарши тумани «Хонобод» қишлоғи Эъзоз кўчасида истиқомат қилувчи аҳолини 2 йилдан бери электр токи билан боғлиқ муаммо қийнайди. Чироқ ёнса, хиралашиб кетади, ўчса ёниши қийин бўлади.
2016 йил қурилган намунали уйларга кўчиб кирган фуқароларнинг газ билан ҳам боғлиқ муаммолари бор. Табиий газ қувурлари уйларнинг ёнидан ўтган, аммо янги хонадонларга ўрнатилмаган. Бундан келиб чиқиб хонадон эгаларига суюлтирилган газ ҳам етказиб берилмайди.

“Nasafnews”га мурожаат қилган фуқароларнинг шикоятларини ўрганар эканмиз, улар электр токи билан боғлиқ муаммо юзасидан бир неча ташкилотлар эшигида сарғайганини ҳам айтади.

- Мана кўринг, ҳисоблагичдан ўлчаб кўрсатаман, электр токининг жони йўқ. Жуда хиралашиб, ўчиб қолади, - дейди 17-уйда истиқомат қилган Хондамир Аҳмедов. Бизда истиш энг катта муаммо. Шу туфайли совуқ кунларда иситиш печларидан фойдаланишга мажбурмиз. Лекин иситиш печлари паст қувватли электр токи билан ишламайди.

Мазкур кўчада истиқомат қилувчи аҳоли электр токининг қувватсиз экани туфайли меъёрлагич (стабилизатор) сотиб олган. Аммо ҳамма хонадоннинг ҳам уйини иситиш учун салкам 2 млн сўмга бу қурилмани сотиб олишга қурби етмайди.

- Хона иситгичларини стабилизатор орқали ишга туширамиз, – дейди 18-уйда истиқомат қилувчи Эъзоза Холлиева. Лекин ҳамма ҳам бундай кучайтиргичларни сотиб олишга қурби етмайди. Ночор оилаларимиз ҳам бор.

Қишнинг совуқ кунларидан ташвишга тушган айрим хонадон эгалари шаҳар марказидан кўп қаватли уй-жойларни ижарага олиб кўчиб чиқиб кетишга ҳам мажбур бўлган.

- Ёш болам борлиги учун ўз уйимдан чиқиб, шаҳар марказидаги кўп қаватли уй-жойлардан бирини ижарага олдим. Чунки печка ёқсангиз, баъзан катта хонадонларни иситиб бўлмайди. Электр токи ҳар доим ёниб турса-ку, хира бўлса ҳам стабилизаторлардан фойдалансак бўларди. Лекин ишдан қайтишимиз билан 2 ёки 3 соатлаб ток ўчиб қолади.

Муаммога ечим излаб дастлаб фуқаролар Қарши туман электр таъминоти корхонасига мурожаат этган. Улардан аниқ жавоб олмагач, вилоят ҳокимлигига ҳам муаммосини айтган.

- 2019 йилнинг 21 ноябрь куни мурожаат этганимизда, 3 кунда ҳал этилади деб айтишган эди. Лекин 2 ой бўлди муаммо ечилмади. Натижа бўлавермагач, «Узбекэнерго»АЖ ишонч телефонларига ҳам қўнғироқ қилдик. Улардан ҳам бир садо чиқмади,- дейди Эъзоза Холлиева.

Аҳоли электр токининг қуввати пастлигига маҳаллада ўрнатилган трансформатор эскиргани сабаб қилиб кўрсатмоқда.

- Мутасаддиларга мурожаат қилганимизда трансформатор эскирганини айтишди, - дейди Хондамир Аҳмедов. Биз бу бўйича улардан амалий ёрдам сўрадик. Лекин улар трансформатор ўрнатиш ишлари бирданига бўлмаслигини, қиш фасли тугагунча кутишимни тушунтиришди. Совуқ кунлар ўтгандан кейин бизга трансформатор нега керак? Ҳозир совуқда бир чора кўришни ўрнига, кейин қиламиз деганларини қандай тушунайлик?

Маҳаллада истиқомат қилувчи фуқаролар агарда электр таъминоти корхонасининг трансформатор олиб беришга кучи етмаса, ўзлари пул йиғишиб сотиб олишларини ҳам таъкидлади.

- Кўчамизда яшовчи 11 та хонадон пул йиғишиб бўлса ҳам трансформатор сотиб олмоқчимиз, - дейди Хондамир Аҳмедов. Шу билан муаммо ечилса, электр токи қуввати нормал ҳолатга қайтса биз бунга розимиз. Менинг ташаббусини қолган хонадонлар ҳам қўллаб-қувватлайди.
Лекин электр таъминоти корхонаси мутасаддилари трансформаторни ўрнатиб бера олишадими? Уларга бу борада берган саволларимиз очиқ қолмоқда.

“Nasafnews” мухбири аҳолининг бу борадаги таклифи юзасидан “Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг масъулларига боғланди. Улар даслаб муаммо билан танишиб чиқиб, қуйидагича маълумот берди.

- Трансформаторни электр тармоғига улашнинг тартиби бор, дастлаб лойиҳа қилинади, қатор ҳужжатлар тайёрланади, тегишли ташкилотларнинг хулосалари олинади. Бунинг учун эса вақт керак. Бутун бошли тармоққа улаш осон иш эмас.
Юқоридагиларни инобатга олиб, 2020 йилнинг 2-чорагида маҳаллий бюджетдан ажратилган маблағ эвазига трансформатор ўрнатиб беришимиз мумкин. Унгача аниқ бир маълумот айтолмайман,- дейди “Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари” АЖ масъули.

Шу ўринда ҳақли савол? Муаммо маблағга бориб тақалса, аҳолининг ўзи трансформатор сотиб олишга рози. Лекин “Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари” АЖ шунда ҳам бунинг чорасини кўра олмайдими? Ёки биз тушунмаган яна бирор жиҳат борми?

Эъзоз кўчасида истиқомат қилувчи аҳоли мурожаатларини ўрганиб, ортга қайтар эканмиз яна маҳаллада «свет» ўчди. Шундоққина марказий йўл четида жойлашган қишлоқ зулмат ичида қолди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » «Свет» ўчиши ва хиралигидан азият чеккан аҳоли муаммоларини ҳал қилишни мутасаддилар пайсалга солмоқда