18:48 / 28.01.2020
3 095

«Мевадан қандайдир вирус юқиши ҳолати ҳали кузатилмаган» — Вазирлик яна бир бор коронавирус ҳақидаги миш-мишларни рад этди

«Мевадан қандайдир вирус юқиши ҳолати ҳали кузатилмаган» — Вазирлик яна бир бор коронавирус ҳақидаги миш-мишларни рад этди
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонга коронавирус инфекцияси кириб келгани тўғрисида тарқалган хабарларга муносабат билдириб, бундай хабарлар ёлғонлигини маълум қилди.

«Ижтимоий тармоқларда тарқалган коронавирус инфекциясининг юртимизга кириб келганлиги, жумладан, Жиззах ва Бухоро вилоятларида тарқалганлиги ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга мутлақо зид. Бу тўғрисида «Жиззахда коронавирус инфекцияси тарқалганлиги ҳақидаги хабарлар асоссиз» сарлавҳали хабарда ҳам батафсил тўхталиб ўтилган эди.

Шу ўринда мева-сабзавотлар, жумладан, банандан ушбу вирус юқиши мумкинлиги ҳақидаги чиқишларга ҳам ойдинлик киритиб ўтсак.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпедимиологик осойишталик агентлиги мутахассиси Қамариддин Боқиевнинг таъкидлашича, мамлакатимизга хориждан кириб келган мева-сабзавотлар, хусусан, бананлар Вазирлар Маҳкамасининг сертификатлаштириш тартибига оид 318-сонли қарорига асосан текширувдан ўтказилади. Биринчи навбатда, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини инспекцияси томонидан фитосанитария хулосаси берилади. Кейин Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги таркибидаги Санитар-эпедимиологик хулосалар бериш бўлимларида хавфсизлик кўрсаткичлари бўйича текширилиб, санитар-эпедимиологик хулоса тақдим этилади. Шундан сўнг «Ўзстандарт» агентлигидан мувофиқлик сертификати олингач, хориждан келтирилган мева-сабзавотлар сотувига рухсат берилади», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Вазирлик мутахассиси мева-сабзавотлардан коронавирус юқиши ҳақидаги хабарлар юзасидан ҳам изоҳ берган.

«Хитойдаги хавотирли эпедимик вазиятдан келиб чиққан ҳолда, қатор озиқ-овқатлар, жумладан, мева-сабзавотлар бўйича ҳам турли текширувлар олиб бориляпти. Лекин бу илмий жиҳатдан ҳали исботланмаган.

Айни пайтда коронавирус юқишига турли ҳайвонлар ва денгиз маҳсулотлари сабаб бўлаётгани тахмин қилинмоқда. Аммо айнан қайси биридан юқиши мумкинлиги ҳақида ҳам аниқ тўхтамга келингани йўқ. Умуман олганда, мева-сабзавотларни ювмасдан ейиш қайсидир касалликлар келиб чиқишига сабаб бўлиши эҳтимоли бор. Бироқ айнан мева-сабзавотлар истеъмоли сабаб қандайдир вирус юқтириш ҳолатлари ҳали кузатилмаган», – дейди Қамриддин Боқиев.

Вазирлик коронавирус Ўзбекистон ҳудудига кириб келишининг олдини олиш бўйича барча зарур-чоралар кўрилганини билдирган.

«Алоҳида таъкидлаш лозимки, ушбу коронавирус инфекциясига қарши юртимизда керакли барча чоралар кўрилмоқда. Хусусан, мамлакатимиз ҳудудига коронавирус инфекциясининг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш борасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа тегишли ташкилотлар томонидан барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Яна бир бор эслатиб ўтамиз, коронавирус инфекцияси ва у билан боғлиқ вазият юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг (71) 276-46-65, (71) 276-49-66 телефон рақамларига мурожаат қилишингиз мумкин», дейилади вазирлик хабарида.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » «Мевадан қандайдир вирус юқиши ҳолати ҳали кузатилмаган» — Вазирлик яна бир бор коронавирус ҳақидаги миш-мишларни рад этди