12:03 / 26.02.2020
3 668

“Ёрқин нур тараладиган диёр”

“Ёрқин нур тараладиган диёр”
Буюк Британиянинг машҳур “Telegraph” газетасида Сара Уилернинг Буюк Ипак йўлида жойлашган кўҳна ва навқирон Самарқанд, Бухоро ҳамда Хива шаҳарлари бўйлаб саёҳати ҳақида мақола чоп этилди. Бу ҳақда "Дунё" АА хабар берди.

Журналист Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ҳақида сўз юритаркан, мамлакатимизни шу кунга қадар етарлича кашф қилинмаган “Ёрқин нур тараладиган диёр” дея таърифлайди.

Муаллифнинг Ўзбекистон билан яқиндан танишиш мақсадидаги сафари Самарқанддан бошланади. Шоҳи Зинда мажмуасида бўлган Сара Уилер мақбаралардаги маржон-яшил ранглар жилосини тасвирлаб, ўқувчини меъморий иншоотлар деразаларидан тушаётган қуёш нурининг ғишт қопламаларда товланишидан завқланишга таклиф қилади.

Хусусан, мақолада шундай келтирилади: “Қусам ибн Aббос мақбарасидан чиқар экансиз, Шоҳи Зинда мажмуасининг узун йўлаги кўз ўнгингизда намоён бўлади. Темурийлар меъморчилиги дунёда бетакрордир. У ўз гўзаллиги билан сизни мафтун этмай қолмайди. Самарқандда, шунингдек, Aмир Темурнинг нефрит тошли, гумбазсимон фризлар билан ўралган ва нақшлар туширилган мақбараси ҳам бор”.

Британиялик муаллиф Регистонни улуғворлик касб этган мадрасалар майдони, унинг шимоли-шарқида жойлашган Бибихоним мақбарасини эса ранглар мўъжизаси, деб эътироф этади.

Шундан сўнг сайёҳ Бухорога боргани, у ерда шаҳар манзараси ва Сомонийлар мақбараси билан танишгани ҳақида тасвирлайди. Унинг айтишича, тонг саҳарда мақбара ғиштлари аниқ акс этиб, оқиш рангда жилоланади.

“Мақбарадан унча узоқ бўлмаган масофада ҳайратланарли Минораи Калон жойлашган. Бухоро узоқ йиллар давомида Марказий Осиёнинг илм-фан, диний ва маданий маркази бўлиб келган”, дейди журналист.

Хива британиялик сайёҳнинг Ўзбекистон бўйлаб сафари йўналишида сўнгги манзил бўлди.

“Ичан қалъа” мажмуасининг баланд деворлари ботаётган қуёш нурида оч-сарғиш рангда намоён бўлади. Бу ерда одамлар кечки маҳал юлдузларга тўла осмон остидаги мадрасалар оралаб сайр қилади”, дея ўз таассуротлари билан ўртоқлашади С. Уилер.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » “Ёрқин нур тараладиган диёр”