16:23 / 03.04.2020
3 092

Ўзбекистон АҚШдан у билан савдони чекловчи тақиқини олиб ташлашни сўради

Ўзбекистон АҚШдан у билан савдони чекловчи тақиқини олиб ташлашни сўради
Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси маълумотларига кўра, 27 март куни АҚШ расмий доиралари ва бизнес-уюшмалари Ўзбекистонда коронавирус пандемияси ва глобал инқирознинг иқтисодий соҳаларга таъсирини юмшатиш бўйича ҳукумат томонидан амалга оширилаётган чоралар муҳокамасига бағишланган видеоконференция ўтказилди, деб хабар бермоқда ТИВ матбуот хизмати.

Шунингдек, республиканинг жаҳон иқтисодиётига интеграциялашуви, шу жумладан, Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)га аъзо бўлиши, мамлакатда иқтисодий шаффофликни таъминлаш ва коррупцияни бартараф этиш масалалари ҳам муҳокама қилинган.

Хусусан, Ўзбекистон ҳукумати ЖСТга аъзо давлатлар билан музокараларда имтиёзларга эга бўлиш учун Ўзбекистонга ривожланаётган иқтисодиёт мақомини беришни, шунингдек, мамлакатни «Жексон-Вэник» тузатишларининг таъсирчан чоралари рўйхатидан чиқаришни сўраган.

Қайд этилишича, «Жексон-Вэник» тузатишлари ЖСТнинг савдода мумкин қадар қулайлик бериш режимини таъминлаш борасидаги фундаментал қоидаларига зиддир.

Видеоконференцияда бош вазир ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов, шунингдек, ИTСВ раҳбарияти, ТИВ ва унга қарашли вазирлик ва идоралар иштирок этган. АҚШ томонидан эса Савдо вазирлиги вакиллари, Савдо вакиллик идораси (USTR), АҚШ давлат департаменти, Америка—Ўзбекистон савдо палатаси ва унинг аъзолари бўлган Valmont, Procter&Gamble, CNH Industrial, ExxonMobil, Coca-Cola, General Motors компаниялари ва бошқалар иштирок этган.

Маълумот учун, «Жексон-Вэник» тузатишлари АҚШнинг 1974 йили қабул қилинган «Савдо тўғрисида»ги қонунига киритилган ўзгаришлардир. Қонунга тузатиш киритган муаллифлар — конгрессменлар Генри Жексон ва Чарльз Вэник фуқароларнинг эмиграциясига тўсқинлик қилаётган, инсон ҳуқуқларини поймол этувчи давлатларга нисбатан иқтисодий босимни таклиф қилган. Уларнинг фикрича, АҚШ шундай давлатлар билан муносабатларда савдо имтиёзлари, давлат ва унинг кафиллигидаги кредитларни ажратишни тақиқлаши лозим.

Айни пайтда бу қонуннинг таъсирчан чоралари рўйхатига Ўзбекистон, Қозоғистон, Озарбайжон, Туркманистон, Тожикистон ва Беларус киритилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистон АҚШдан у билан савдони чекловчи тақиқини олиб ташлашни сўради