4 737
«Тошкент шаҳар ИИББ баёноти нотўғри». ИИБ ходимлари томонидан қўлга олинган эркакнинг адвокати воқеа аслида қандай бўлганини маълум қилди
Ижтимоий тармоқларда Тошкентда бир фуқаронинг ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан қўлга олиниши тасвирланган видео тарқалган эди. Пойтахт ИИББ мазкур ҳолатга изоҳ бериб, қўлга олинган фуқаро МЧЖлардан бирининг раҳбари экани ва у мажбурий солиқ тўловларидан бўйин товлаганини билдирган. «Xabar.uz» нашрининг Corporate Lawyer адвокатлик бюроси адвокати Азамат Эгамбердиевга таяниб маълум қилишича, воқеа аслида Тошкент ИИББ эълон қилганидан фарқ қилади.
Унга кўра, видео юзасидан берилган изоҳ аниқ фактларга асосланмаган ва ҳақиқатга тўғри келмайди. Жумладан: «2 октябрь куни Миробод тумани ИИО ФМБ тезкор ходимлари томонидан прокуратура органларининг қарорига кўра масъулияти чекланган жамиятлардан бирининг раҳбари бўлмиш Сайидали М.нинг турар жойи аниқланган. Илгарироқ терговолди текширувлари давомида прокуратура ходимлари томонидан мазкур МЧЖ раҳбарияти мажбурий солиқ тўловларидан бўйин товлагани аниқланган», – дейилади Тошкент шаҳар ИИББ матбуот марказининг расмий хабарида. Бироқ 2 октябрь куни МЧЖга нисбатан тўпланган материаллар билан танишилганида департамент органлари томонидан Сайидали М.ни мажбурий келтириш тўғрисида қарор, унга юборилган чақирув қоғозлари, телеграмма ёки бирор бир телефонограмма мавжуд эмаслиги аниқланган. «Шундай экан, уни кўчада ҳеч қандай изоҳсиз, қўлига кишан таққан ҳолда машинага ‘босиб’ кетиш ўзбошимчаликдан бошқа нарса эмас», — дейди адвокат.
Бундан ташқари, Сайидали М. МЧЖда 2019 йил февраль ойига қадар директор лавозимида ишлаган бўлиб, айни пайтда умуман бошқа масъулияти чекланган жамиятига раҳбарлик қилиб келмоқда. «Сайидали М. ишдан кетгандан кейин ўша МЧЖда мажбурий солиқ тўловларидан бўйин товлаганлиги аниқланган бўлса, бунга унинг нима дахли бор? Демак,Тошкент шаҳар ИИББ матбуот маркази томонидан берилган расмий хабарнинг ушбу қисми ҳақиқатдан умуман йироқ», — дея таъкидлайди адвокат.
Шунингдек, адвокат Сайдали М.га нисбатан бошқа бир МЧЖ раҳбаридан дори воситаларининг олди-сотдиси келишуви бўйича қолган маблағни тўламагани борасида ариза келиб тушгани тўғрисидаги маълумотга ҳам эътироз билдирган.
Таъкидланишича, Сайидали М. 2019 йил февраль ойидан буён типография ва қадоқлаш маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва маҳсулот ишлаб чиқарувчиларга етказиб бериш фаолияти билан шуғулланиб келади. «Агар унга нисбатан ростан ҳам ариза келиб тушган бўлса, нега уни чақирув қоғози ёки телефон орқали ҳам чақирилмай куппа-кундузи, худди жиноятчини ушлагандай қўлига кишан урилиши керак? Ваҳоланки, унга нисбатан ариза тушганлигининг ўзи шубҳали», — дейди адвокат.
«Расмий изоҳдаги гўёки тезкор ходимлар ўзларини таништириб ва хизмат гувоҳномаларини кўрсатиб, Сайидали М.га туман прокуратурасига унга нисбатан келиб тушган ариза бўйича ҳолатни аниқлаш учун бориш кераклигини айтишгани, бироқ фуқаро қочишга уриниб, фаол қаршилик кўрсатгани, шунинг учун ходимлар қонунчиликка мувофиқ унинг қўлларига кишан солиб прокуратурага олиб боришга мажбур бўлишганига оид гаплар ҳам ёлғон ва ҳақиқатга тўғри келмайди. Видеотасвирда тасвирга олувчи шахс ‘нима учун?’ деган саволни камида 6-7 маротаба такрорлаган бўлиб, тезкор ходимлар ‘борганда биласиз’ деган жавобдан нариги ўтмаганини яққол кўринади. Яққол кўриниб турган ҳолатни инкор этиш — тезкор ходимларнинг айбини очидан очиқ яширишдан бошқа нарса эмас. Қолаверса, ўша пайтда фуқаронинг ёнида бўлган гувоҳлар тезкор ходимлар ўзларини таништириб, гувоҳномаларини кўрсатиб эмас, балки орқадан келиб, ‘таппа босишганини’ тасдиқлаши мумкин», — дея қайд этади адвокат.
Адвокатнинг алоҳида таъкидлашича, қўлига кишан урилган ҳолда мажбуран Миробод тумани прокуратурасига олиб келинган Сайидали М. у ерда тахминан 40 дақиқа ўша ҳолатда ушлаб турилган. Туман прокурори ўринбосари қабулига олиб кирилганидан кейингина ҳолатга аниқлик киритилган ва қўлларидан кишан ечилган.
Нашр воқелик бўйича қўшимча маълумот тўплаш мақсадида Бош прокуратура билан боғланган. Идора матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, ҳозирги кунда ҳолат юзасидан Миробод тумани департаменти ва туман ИИБ тезкор ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ишлари бошлаб юборилган. Натижаси бўйича қўшимча маълумот берилади. “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Италия суди Қуддус Исроил пойтахти эмаслиги ҳақида қарор чиқарди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Шавкат Мирзиёев Россия бош прокурори билан учрашув ўтказди
2026 йилда бўлажак мундиалнинг фаворитлари рейтинги тақдим этилди
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди