16:33 / 31.07.2021
2 287

Сенаторлар Ўзбекистонда мажбурий эмлашни назарда тутувчи қонунни маъқуллади


Фото: Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати
Олий Мажлис Сенатининг 17-ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун муҳокама қилинди. Бу ҳақда юқори палата матбуот хизмати хабар берди.

«Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги қонунда Ўзбекистон давлат бош санитария врачи санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирлар доирасида профилактик эмлашлар ўтказишни жорий этиши мумкинлиги назарда тутилган.

Шу билан бирга, «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги қонунда фуқаро ёки унинг қонуний вакили тиббий аралашувни рад этиш ёки унинг тўхтатилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга экани белгиланган (атрофдагилар учун хавфли касалликка чалинган шахсларга мазкур розиликсиз тиббий ёрдам кўрсатилиши бундан мустасно).

Бироқ ушбу қонунда юқумли касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлган тақдирда аҳолини профилактик эмлашдан ўтказиш жорий этилиши мумкинлиги юзасидан норма мавжуд эмас. Шунингдек, амалдаги қонунчиликда юқумли касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлган тақдирда профилактик эмлашдан бош тортган шахсларга нисбатан чеклов чоралари назарда тутилмаган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди ва қабул қилинган.

Қонунда қуйидагилар назарда тутилмоқда:
  • биринчидан, «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги қонуннинг 28-моддасида карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлган тақдирда Ўзбекистон давлат бош санитария врачининг қарори асосида аҳолини профилактик эмлашдан ўтказиш жорий этилиши мумкинлиги тўғрисида аниқ норма киритилмоқда;
  • иккинчидан, Меҳнат кодексининг 113-моддасида ходим юқумли касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлган тақдирда жорий этиладиган профилактик эмлашдан ўтишни рад этган тақдирда (соғлиғининг ҳолатига кўра қарши кўрсатма мавжуд бўлмаганда) иш берувчи уни ишга қўймасликка ҳақли эканлиги назарда тутилмоқда.
Қонуннинг қабул қилиниши натижасида коронавирус инфекциясининг янги тўлқинларининг олдини олиш учун аҳоли ўртасида оммавий вакцинацияни ташкил этишнинг қонуний асослари янада мустаҳкамланади ҳамда юқумли касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлган тақдирда профилактик эмлаш ўтказишни жорий этиш юзасидан амалдаги қонунчиликдаги мавжуд зиддиятлар бартараф этилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Сенаторлар Ўзбекистонда мажбурий эмлашни назарда тутувчи қонунни маъқуллади