23:23 / 24.10.2021
1 774

Сайловчиларнинг 80,8 фоизи президент сайловида овоз берди

Сайловчиларнинг 80,8 фоизи президент сайловида овоз берди
Фото: Марказий сайлов комиссияси
Марказий сайлов комиссияси президент сайловининг дастлабки натижаларини эълон қилди. МСК раиси Зайниддин Низомхўжаевнинг маълум қилишича, Ўзбекистон тарихидаги олтинчи президент сайловида 16 036 914 нафар сайловчи овоз берган.

“Бугун Ўзбекистон Республикаси президентлигига сайлов бўйича мамлакатимиздаги барча сайлов участкаларида соат 20.00 да овоз бериш якунланди. Ўзбекистон Республикасининг Европадаги айрим давлатлар ва Америка Қўшма Штатларидаги ваколатхоналари ҳузурида ташкил этилган сайлов участкаларида овоз бериш жараёнлари давом этмоқда.

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳозирга қадар мамлакатимиз бўйича сайловда иштирок этганлар 16 миллион 36 минг 914 нафарни ёки 80,8 фоизни ташкил этмоқда. Чет элларда овоз берган ватандошларимиз сони ҳақида эртага маълумот берамиз.

Фото: Марказий сайлов комиссияси
Сайлов кодексининг 96-моддасида, сайлов агар унда сайловчиларнинг камида 33 фоизи иштирок этган бўлса, ҳақиқий деб ҳисобланиши белгиланган. Демак, Сайлов кодексига асосан Ўзбекистон Республикаси президенти сайлови бўлиб ўтган ва ҳақиқий деб ҳисобланади”, дея таъкидлаган МСК раиси Зайниддин Низомхўжаев ОАВ вакиллари учун ташкил этилган матбуот анжуманида.

Аввалроқ МСК соат 9:00 гача 2 439 291 нафар (12,3 фоиз), 11:00 гача 6 669 552 нафар (33,6 фоиз), 13:00 гача 10 462 575 нафар (52,7 фоиз) 15:00гача 12 748 549 нафар (64,2 фоиз) 17:00гача 14 258 780 нафар (71,8 фоиз) сайловчи овоз берганини маълум қилганди.

Сайловчилар рўйхатига жами 19 миллион 859 минг 127 нафар сайловчи киритилган. Сайлов кодексининг 97-моддасига кўра, президент сайловининг якуний натижаси ҳақидаги Марказий сайлов комиссияси қарори сайловдан кейин ўн кундан кечиктирмай қабул қилинади ва МСК расмий веб-сайтида ва бошқа манбаларда эълон қилинади.

Ўзбекистон тарихидаги олтинчи президентлик сайловида кураш «Миллий тикланиш»дан партия етакчиси Алишер Қодиров, ЎзЛиДеПдан амалдаги президент Шавкат Мирзиёев, «Адолат» СДПдан партия раҳбари Баҳром Абдуҳалимов, Экопартиядан партия раиси Нарзулло Обломуродов ва ХДПдан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мақсуда Ворисова ўртасида кечди.

Агар номзодлардан бирортаси сайловда 50 фоиздан кўпроқ овоз йиға олмаса, сайловларнинг 2-босқичи ўтказилиши кўзда тутилган. Унда 1-босқичда энг кўп овоз тўплаган икки номзод курашни давом эттиради.

Ўзбекистонда президент сайловлари ҳар 5 йилда ўтказилади. 2016 йилда ўтказилган охирги президент сайловларида Шавкат Мирзиёев 88 фоиздан кўпроқ овоз билан ғалаба қозонганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Сайловчиларнинг 80,8 фоизи президент сайловида овоз берди