14:58 / 18.03.2022
1 555

Ўзбекистонда тиббиёт ходимларининг ойлик маоши камида 10 фоизга оширилади

Ўзбекистонда тиббиёт ходимларининг ойлик маоши камида 10 фоизга оширилади
Тошкентдаги «Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида Шавкат Мирзиёевнинг соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан «Ўзбекистон тиббиёти — инсон қадри учун» мавзусидаги очиқ мулоқоти бўлиб ўтмоқда, деб хабар бермоқда «Дарё». Мулоқотда давлат раҳбари бюджет ходимларининг маоши ҳар йили ошириб борилаётганини қайд этиб ўтди.

«Бу йил ҳам бюджет ташкилотлари қаторида, тиббиёт ходимларининг ойлик иш ҳақини ҳам, камида 10 фоизга оширишни режа қилганмиз. Бунга қўшимча равишда, соҳа вакилларининг машаққатли меҳнатини янада рағбатлантириш мақсадида, жорий йил 1 июндан тиббиёт ходимларининг ойлик маоши малака тоифасига қараб, яна 15 фоизгача оширилади. Шунингдек, юқори технологик мураккаб операцияларни бажарган шифокорларга эса яна 25 фоиз миқдорида устама тўланади», — дейди президент.

Бундан ташқари, Тиббиёт ходимларини рағбатлантириш жамғармасига йилига 1,5 триллион сўм ажратилади.

Ушбу маблағлар ҳисобидан алоҳида натижага эришган, ҳалол ва виждонан ишлаётган шифокор ва ҳамшираларга 100 фоизгача ойлик устамалар ҳам белгиланади. Янги иш бошлаган фидоий ёш шифокорларга 1 миллион сўмгача махсус ойлик устама тўлаш тартиби жорий этилади.

Содда қилиб тушунтирадиган бўлсам, мисол учун, ҳозирги кунда олий тоифали шифокор 4 миллион сўм маош олса, энди иш ҳақининг ошиши ва янги устамалар ҳисобига, 8-9 миллион сўмгача маош олиши мумкин бўлади. Ҳамширалар эса, ҳозирги 1,5 миллион сўм ўрнига, тоифаси ва эришган натижаларига қараб, 3-4 миллион сўмгача ойлик олиши мумкин», — дея қўшимча қилади Шавкат Мирзиёев.

Бундан ташқари 2022 йил 1 майдан бошлаб:
  • барча тиббиёт ходимлари учун дастлабки ва даврий касбий тиббий кўрик бепул ўтказилади;
  • қон билан бевосита ишлаётган тиббиёт ходимлари гепатит «Б» касаллигига қарши бепул эмланади.

Бундан буён, тиббиёт ходимлари учун мазкур харажатлар тўлиқ бюджетдан қопланади ва бунга ҳар йили камида 100 миллиард сўм ажратилади.

Таъкидланишича, «Инсон қадрини улуғлаш ва шифокор меҳнатини қадрлаш» тамойили асосида, ҳар йили минг нафар бемор шифокорлар, айниқса, соҳада бир умр меҳнат қилган фахрийларга юқори технологик операциялар давлат ҳисобидан бепул ўтказилади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистонда тиббиёт ходимларининг ойлик маоши камида 10 фоизга оширилади