Ўзбекистон қонунчилигида 2022 йил 1 апрелдан бир қатор ўзгариш ва янгиликлар кучга киради. Қуйида мамлакатда кучга кирадиган асосий ўзгаришлар тақдим этилди.
Ногиронлик нафақаси ва пенсиясининг энг кам миқдори оширилади
Меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ногиронлик нафақаси ҳамда иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда — 440 минг сўмдан 622 минг сўмгача оширилади.
Ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парвариши билан банд бўлган боланинг қонуний вакилига ҳар ойда 500 минг сўм миқдорида парваришлаш нафақаси жорий этилади.
Кексалар учун бир қатор имтиёзлар берилади
Ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшайдиган кексалар ҳар йили бир маротаба санаторийларда бепул соғломлаштирилади.
Шароити оғир ва кам таъминланган кексаларга рецептга асосан 3 ойлик эҳтиёж асосида дорилар, тиббий ва махсус протез-ортопедия мосламалари олиб берилади ҳамда жарроҳлик амалиётларининг харажатлари қопланади.
Оғир ташхисли касал ҳамда ногирон кексаларга шифокорлар рецептларига мувофиқ, 3 ойлик эҳтиёждан келиб чиқиб дори воситаларининг 50 фоизигача суммаси компенсация қилинади.
Кексаларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари учун абонемент харажатлари қопланади. Давлат театрлари ва музейларига кексалар учун чипта нархлари тўлиқ қоплаб берилади.
Айрим боғчаларга болаларни 2 ёшдан қабул қилишга рухсат берилади
Тўлиқ қувват билан ишламаётган давлат боғчаларига 2 ёшдан 3 ёшгача болаларни пуллик хизмат кўрсатиш шаклида қабул қилишга рухсат берилади.
Хусусий боғча ва мактабларга фарзандларини юбораётган ота-оналар даромад солиғидан озод қилинади
Нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларга фарзандларини юбораётган ота-оналарнинг ойига 3 миллион сўмгача бўлган тўловлари даромад солиғидан озод этилади. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида 1—4-синф ўқувчилари бепул овқат (нонушта ёки тушлик) билан таъминланади.
Дарахтларни ноқонуний кесганларни фото ва видеога олиб юборганлар мукофотланади
Дарахтларни ноқонуний тарзда кесиш ҳолатлари тасвирланган фото ва видеоларни биринчи бўлиб юборган шахсларга БҲМнинг бир баравари — 270 минг сўм миқдорида пул мукофоти тўлаб берилади. Ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берганларнинг маълумотлари ошкор қилинмайди.
UzAuto Motors автомобили фақат харид қилиш бўйича шартнома тузган шахс номига расмийлаштирилади
Ушбу компания томонидан автомототранспортни харид қилиш бўйича шартнома тузган шахсга автоматик равишда расмийлаштириладиган ҳисоб-маълумотни Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти йўл ҳаракати хизматига фақат электрон шаклда тақдим этиш амалиёти жорий қилинади.
Тошкентда ўлим ҳақида тиббий гувоҳнома бериш тартиби бекор қилинади
Тиббиёт муассасаси ходими ўлим ҳолати тасдиқлангандан сўнг, вафот этган шахс ҳақидаги маълумотларни ФҲДЁ бўлимига автоматлаштирилган ахборот тизими орқали юборади. ФҲДЁ ахборот тизими орқали автоматик равишда ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувини қайд этади ва маълумотни тиббиёт муассасаси ва Пенсия жамғармасига электрон шаклда юборади.
Инвесторлар, IT-компаниялар таъсисчилари ва ахборот технологиялари соҳасидаги мутахассислар, шунингдек, уларнинг оила аъзолари учун IT-Visa жорий этилади
IT-Visa жисмоний шахсларга 3 йилгача амал қилиш муддати билан берилади. IT-Visa эгалари визанинг амал қилиш муддати давомида Ўзбекистонга эркин кириб-чиқишлари, Ўзбекистоннинг исталган ҳудудида қайта рўйхатдан ўтиш мажбуриятисиз қолишлари, Ўзбекистон фуқаролари учун назарда тутилган шартларда таълим ва тиббий хизматлардан фойдаланишлари мумкин.
Жисмоний шахсларнинг акциялардан оладиган дивидендлари даромад солиғидан озод қилинади
2022 йил 1 апрелдан 2024 йил 31 декабргача:
- Ўзбекистон резиденти ва норезиденти бўлган жисмоний шахсларнинг акциялардан олган дивидендлари даромад солиғидан озод қилинади;
- норезидент юридик шахсларнинг акциялар бўйича дивидендлари учун фойда солиғининг 5 фоиз ставкаси татбиқ этилади;
- резидент ва норезидент жисмоний ва юридик шахсларнинг хўжалик жамиятлари облигациялари бўйича даромадлари даромад солиғи ва фойда солиғидан озод қилинади.
Бир қатор соҳалардаги тадбиркорлар учун ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз этиб белгиланди
Қуйидаги соҳаларда фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари учун 2022 йил 1 апрелдан 2025 йил 1 январгача ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз этиб белгиланди:
- чакана савдо ва умумий овқатланиш;
- меҳмонхона (жойлаштириш) хизматлари;
- автотранспортда йўловчи ва юк ташиш;
- транспорт воситаларини таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш;
- компьютер хизматлари;
- маиший техникани таъмирлаш;
- агро ва ветеринария хизматларини кўрсатиш;
- кўнгилочар масканларда хизматлар кўрсатиш.
Бу имтиёз тадбиркорлик субъектлари томонидан, агар уларнинг юқоридаги фаолият турларини амалга оширишдан олган даромадлари жорий ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромаднинг камида 60 фоизини ташкил этса қўлланилади. “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Хонанда Рухшона уйланмаган йигитга турмушга чиққани ҳақида сўзлаб берди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
Диний қўмита Умра зиёратини ташкил қилиш учун 12 та турфирмага лицензия берди
Чехия юзлаб мактаблардаги портлаш таҳдидларида россиялик жосусларни айблади