
Миллий статистика қўмитаси томонидан эълон қилинган янги маълумотларга кўра, 2025 йилнинг январ–апрель ойларида Ўзбекистон хориждан умумий қиймати 213,7 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 12 071 дона енгил автомобил импорт қилган. Бу кўрсаткич, мамлакатда хорижий автоуловларга бўлган талаб изчил ошиб бораётганини яққол кўрсатади.
Импорт қилинган автомобильларнинг мутлақ кўпчилиги — тахминан 82 фоизи Хитойдан келтирилган. Хусусан, ушбу давлатдан 9 904 дона енгил автомобил олиб кирилган. Бу Хитой автомобил саноатининг Ўзбекистон бозоридаги улуши ошиб бораётганини тасдиқлайди.
Импорт манбалари бўйича тўлиқ статистика қуйидагича:
- Хитой – 9 904 дона
- Корея Республикаси – 1 714 дона
- Ҳиндистон – 168 дона
- Япония – 97 дона
- АҚШ – 41 дона
- Бошқа давлатлар – 147 дона
Бундай улкан импорт ҳажми, бир томондан, аҳолининг автоуловларга бўлган эҳтиёжини қондиришга хизмат қилаётган бўлса, иккинчи томондан, транспорт инфратузилмаси, логистика ва солиқ тизимида ҳам жиддий ўзгаришларни талаб этиши мумкин.
Айни пайтда, ушбу рақамлар мамлакатда автосаноат ва ички бозор рақобатбардошлиги юзасидан ҳам таҳлилларни қайта кўриб чиқиш заруратини туғдиради. Чунки импорт ҳажмининг кескин ошиши маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун ҳам катта синов бўлиб, улар сифат ва нарх сиёсатини қайта кўриб чиқишга мажбур бўлиши мумкин.
Хусусан, Хитой автомобилларининг арзонлиги, замонавий комплектацияси ва тезкор етказиб бериш имкониятлари уларни маҳаллий истеъмолчилар учун жозибадор қилаётган омиллардан ҳисобланади. Шу билан бирга, Корея ва Япония каби илғор автоиндустрияга эга давлатлардан келаётган автоуловлар ҳам юқори сифат ва узоқ хизмат муддати билан бозорда ўз ўрнини сақлаб қолмоқда.
Маълумотларга қараганда, 2025 йилнинг қолган ойларида ҳам автомобил импорти юқори суръатларда давом этиши кутилмоқда. Бу эса давлат органлари ва иқтисодчи мутахассислар учун ҳам транспорт сиёсати, солиқ имтиёзлари ва маҳаллий ишлаб чиқаришни рағбатлантиришга доир янгидан-янги ечимларни талаб этади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар