date
views 967

Volkswagen Ўзбекистонда ўз автомобилини ишлаб чиқарадиган бўлди

Volkswagen Ўзбекистонда ўз автомобилини ишлаб чиқарадиган бўлди
Германиянинг машҳур автомобил бренди — Volkswagen яқин келажакда Ўзбекистонда автомобил ишлаб чиқаришни бошлайди. Бу ҳақда компаниянинг савдо ва маркетинг бўйича масъул раҳбари Мартин Сандер шахсан LinkedIn тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.

Янги лойиҳа UzAuto ва Alyans Auto ҳамкорлигида амалга оширилади. Мазкур корхона аввал Jizzakh Auto номи билан фаолият юритган ва бугунги кунда Ўзбекистонда Volkswagen, Škoda ва Jetta брендларининг расмий дистрибютори ҳисобланади.

Ишлаб чиқариш SKD форматида — яъни, йирик бутловчи қисмлар асосида йиғиш технологиясида амалга оширилади. Бу услуб нафақат тезкор ишлаб чиқариш имконини беради, балки сифати юқори бўлган автомобилларни қисқа муддатда бозорга олиб чиқишни ҳам таъминлайди.

Мартин Сандер таъкидлашича, Volkswagen портфелида 8 турдаги замонавий ва харидорлар талабига жавоб берадиган седан ҳамда йўлтанламас автомобиллар мавжуд. “Бу айнан ўзбекистонлик истеъмолчилар излаётган техникалар,” — дейди у.

Лойиҳа доирасидаги бутловчи қисмлар асосан Volkswagen’нинг Хитойдаги ишлаб чиқариш марказидан етказиб берилади. Бу, ўз навбатида, логистика харажатларини камайтириш ва экологик изни (углерод изини) минималлаштиришга хизмат қилади.

Автомобилларни оммавий йиғиш жараёни 2025 йилнинг тўртинчи чорагида бошланиши режалаштирилган. Ўзбекистон автомобил бозорида ушбу янги босқич нафақат рақобатни кучайтиради, балки харидорлар учун янги имкониятлар эшигини ҳам очиши кутилмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Авто » Volkswagen Ўзбекистонда ўз автомобилини ишлаб чиқарадиган бўлди