date

Ўзбекистон иккиламчи автомобил бозорида нархлар пасайиши кузатилди

Ўзбекистон иккиламчи автомобил бозорида нархлар пасайиши кузатилди
Ўзбекистон иккинчи қўл автомобиллар бозорида нархлар пасайиши кузатилди, деб uz.kursiv.media хабар берди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти 2025 йил май ойи учун бозор таҳлил натижаларини эълон қилди.

Таҳлилга кўра, май ойида кўплаб автомобиллар нархи апрел ойига нисбатан арзонлашган. Бу жараён бозор шароити ва истеъмолчилар талабининг ўзгариши билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Маҳаллий оммабоп автомобиллардан «Onix», «Lacetti», «Cobalt», «Nexia», «Spark» ва «Damas» моделлари нархи пасайган. Масалан, кўп фойдаланилган «Onix» ўртача 800 доллар (тақрибан 10 млн 50 минг сўм) га арзонлашган. «Damas» эса ҳолатига қараб 50–200 доллар (650 минг – 2 млн 600 минг сўм) гача арзонлашган.

Люкс сегментдаги «Equinox», «Malibu» ва «Tracker» автомобилларида ҳам нарх тушиши қайд этилган. «Malibu» ўртача 1450 доллар (18 млн 200 минг сўм) га арзонлашган. Шунга қарамай, айрим ҳолларда «Equinox» ва «Tracker» каби моделлар нархи кам миқдорда ошган.

Электромобиллар сегментида аралаш тенденциялар кузатилди. Масалан, BYD «Song Plus EV Champion» ўртача 150 доллар (1 млн 900 минг сўм) арзонлашган. Бироқ BYD «Han» ва «Yuan Up» моделлари 400 доллардан 2000 долларгача (5 млн 200 минг сўм – 26 млн сўм) ошган.

Хорижий авто машиналар орасида энг катта нарх тушиши Kia «Carnival» (3500 доллар — 45,5 млн сўм) ва «Sorento» (2100 доллар — 27,3 млн сўм) моделларида кузатилди. Бироқ «Elantra» ва «Sorento» каби кам фойдаланилган моделлар бироз қимматлашган. Таҳлил olx.uz сайтидаги 31 мингга яқин эълонлар асосида амалга оширилди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Авто » Ўзбекистон иккиламчи автомобил бозорида нархлар пасайиши кузатилди