Chevrolet компанияси электр автомобиллари тарихида янги саҳифа очди. Улар ишлаб чиққан электромобил, яъни электр пикап, бир марталик заряд билан рекорд даражадаги — 1705 км масофани босиб ўтишга муваффақ бўлди. Бу эса расмий юриш масофаси — 793 кмдан қарийб икки баравар кўпроқдир.
Синов етти кун давом этган ва АҚШнинг Detroit шаҳри атрофидаги умумий фойдаланишдаги автомобил йўлларида ўтказилган. Автомобил 32−40 км/соат тезликда ҳаракатланган. Муҳандислар автомобилнинг юриш масофасини максимал даражада ошириш учун бир қатор модификациялар киритишган: шинадаги босим оширилган, захира ғилдирак олиб ташланган, кондиционер ва бошқа энергия сарфловчи қурилмалар ўчирилган, ҳаво қаршилигини камайтириш учун кузовга қоплама ўрнатилган.
Мазкур модел серияли ишлаб чиқарилаётган бўлса-да, GM муҳандислари синов учун уни индивидуал тарзда созлашган. Бу рекорд электромобилларнинг имкониятларини кўрсатишга қаратилган бўлиб, компания бу натижани Гиннес рекордлар китобига киритиш ниятида эмас.
Аввалги рекорд Lucid Air Grand Touring электромобилига тегишли бўлиб, у 1206 км юришга муваффақ бўлган эди. Chevrolet'нинг бу ютуғи эса электромобиллар бозорида янги давр бошланишидан далолат беради.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!