11:48 / 14.11.2018
6 417

“GM Uzbekistan” АЖ тўртинчи чоракда 87 минг дона автомобиль ишлаб чиқаради

“GM Uzbekistan” АЖ тўртинчи чоракда 87 минг дона автомобиль ишлаб чиқаради
Давлатимиз раҳбари Андижон вилоятига ташрифи чоғида “GM Uzbekistan” АЖдаги иш жараёни билан танишиб, унинг фаолиятига танқидий баҳо берган эди.

Бу эса жамоани янгича ишлаш, дунё тажрибасидан фойдаланган ҳолда, иқтисодий самарадорликка эришишга ундади. Натижада Ривожланиш концепцияси ишлаб чиқилди.

Унга биноан, 2025 йилга қадар корхонада кадрлар сиёсатини тубдан ўзгартириш, технологик янгиланишларга асос солиш, янги моделларни жорий этиш каби ўнлаб масалалар юзасидан аниқ режалар тузилди.

Концепция ҳозирданоқ ўзининг ижобий самарасини бера бошлагани эътиборга молик. Буни қуйидаги рақамлардан ҳам билиш мумкин. Мисол учун, йилнинг биринчи чорагида маҳсулот ишлаб чиқариш кўлами 40 минг донани ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич учинчи чоракда 50 мингтага етди. Тўртинчи чоракда эса 87 минг дона автомобиль ишлаб чиқарилиши режалаштирилган. Заводда бу қадар юксак кўрсаткич илк маротаба кузатилаётганини ҳисобга олсак, Ривожланиш концепцияси иқтисодиётимиз учун ҳам, мижозлар талаб-истаклари учун ҳам муҳим аҳамиятга эга эканлигига амин бўламиз.

Автомашина ишлаб чиқариш жараёни мураккаб босқичларни ўз ичига олади ва бир дона автомобилни тайёрлаш учун 5 мингдан 10 минг донагача бўлган деталь ҳамда эҳтиёт қисмлардан фойдаланилади. Уларни етказиб бериш мақсадида 100 дан ортиқ ишлаб чиқарувчи корхоналар билан ҳамкорлик қилинмоқда. Шундай бўлишига қарамай, деталларнинг 30 — 40 фоизи импорт ҳисобига олиб келинади. Бу эса корхонада маҳаллийлаштириш кўламини кенгайтириш, шу орқали маҳсулот таннархини арзонлаштиришга эришишни тақозо қилмоқда.

Ушбу масала юзасидан корхонада маҳаллий тадбиркорлар билан доимий учрашувлар ташкил этилиб, уларнинг истиқболли лойиҳалари ўрганиляпти. Ҳар бир тадбир мобайнида 100 дан ортиқ ишлаб чиқарувчиларнинг 70 га яқин лойиҳалари ўрганишга қабул қилинаётганлиги бу борадаги масалаларнинг ижобий ечими сари интилишлар давом этаётганидан далолатдир.

— Мақсадимиз даврий автомашиналар эмас, балки юқори технологик сифатга эга бўлган автомобиллар тайёрлашдан иборат, — дейди корхонанинг ишлаб чиқариш бўйича бошқарувчи директори Акромжон Тўхтабоев. — Зеро, маҳсулотимизга бўлган талаб кун сайин ортиб борар экан, биз ҳам янгиланишлар устида изланишимиз, харидорлар хоҳишини инобатга олган ҳолда, янги моделларни тақдим этишимиз керак. Ана шу мақсадда бошланган янги лойиҳалар мижозларга маъқул бўлишидан умидвормиз.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Авто » “GM Uzbekistan” АЖ тўртинчи чоракда 87 минг дона автомобиль ишлаб чиқаради