Ал Капоненинг 90 йиллик Cadillac машинаси миллион долларга сотувга қўйилди

  • 24 январь 2020, 22:30
  • 1 230
  • Авто
  • Ал Капоненинг 90 йиллик Cadillac машинаси миллион долларга сотувга қўйилди
    Фото: Motor
    АҚШ тарихидаги энг машҳур мафия етакчиси Ал Капоненинг автомобилларидан бири сотувга қўйилди. Бу ҳақда Motor'га асосан Дарё хабар бермоқда.
    Бу 1928 йилда ишлаб чиқарилган Cadillac Town Sedan бўлиб, атиги 1 787 километр юрган. У камида 1 миллион долларга баҳоланмоқда.

    Автомобиль ўз вақтида Чикагони тасарруф қилган криминал империя раҳбарига тегишли бўлгани сабабли қатор ўзига хос хусусиятларга эга. Жумладан, айлана бўйлаб қалинлиги бир дюйм (2,54 сантиметр) бўлган ўқ ўтмас ойналар ўрнатилган, ён ойналари эса мерганларга мўлжалланган икки дюймли туйнук ҳосил қилиш учун кўтарилиши мумкин. Шунингдек, таъқиб этаётган автомобилга ўқ узиш имкониятини яратиш учун машинанинг орқа ойнаси ҳам очилади.

    Барча эшиклар қўшимча пўлат бўлаклари билан қопланган. Шунингдек, Cadillac полиция сиренаси, мигалкаси, ҳатто бардачокда яширилган радио билан ҳам жиҳозланган. Эгаси машинани барча полиция автомобилларига хос бўлган рангга бўяган, шу сабабли гангстерларни полициячилардан деярли ажратиб бўлмаган.

    Мазкур Cadillac тарихдаги илк зирҳли автомобиллардан бири бўлиб, бу ҳужжатлар билан ҳам тасдиқланган. Ал Капоненинг кўплаб мол-мулкини мусодара қилаётганда ҳуқуқ-тартибот идоралари уни кўздан қочирган ва автомобиль деярли шу пайтгача гаражлар ёки АҚШдаги турли музейларда сақланганди.

    » » Ал Капоненинг 90 йиллик Cadillac машинаси миллион долларга сотувга қўйилди