08:00 / 09.01.2021
4 536

Ўзбекистон автомобил саноатида янги машиналар ишлаб чиқарилиши режалаштириляпти

Ўзбекистон автомобил саноатида янги машиналар ишлаб чиқарилиши режалаштириляпти
Фото: REUTERS/William DeShazer
Яқин йилларда хорижий компаниялар билан ҳамкорликда турли русумдаги автомобиллар ишлаб чиқарилиши кутиляпти. Бу ҳақда 2021-2023 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурида маълум қилинди.

Дастурга кўра, кейинги йилларда қуйидаги хорижий ҳамкорлар билан биргаликда турли русумли автомобиллар ишлаб чиқарилиши белгиланган:

Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида 2021-2022 йиллар давомида «АДМ Жиззах» МЧЖ томонидан 100 минг дона «Лада», «КИА», «Рено» русумли автомобилларни ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Лойиҳа Жанубий Корея билан ҳамкорликда амалга оширилади ва уни Кореянинг ташқи иқтисодий фаолияти банки молиялаштиради. Лойиҳага киритилаётган инвестиция қиймати 60,9 миллион доллар.

Жиззах шаҳридаги «Авто Моторс Азия» МЧЖ негизида, Хитойнинг «China Dong Feng Motor Industry Imp. & Exp. CO. Ltd» ва «Nebei Changan Automile CO. Ltd» билан ҳамкорликда, 2021-2022 йиллар оралиғида кроссоверлар, юк автомобиллари ва микроавтобуслар ишлаб чиқаришни ташкил этиш режалаштирилган. Лойиҳанинг умумий қиймати 10,5 миллион доллар.

Австриянинг «PARSALPINE MANAGEMENT GMBN» компанияси билан ҳамкорликда 2020-2021 йилларда «Навоий-Моторс» ХКда автомобил (пикап, кичик юк машинаси, минивен, йўл танламас, электромобил) ва трактор ишлаб чиқариш ташкил этилади. Лойиҳа қиймати 12 миллион доллар.

Туркиянинг «Manas Savunma AS»си билан ҳамкорликда Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида 2021 йилда «Манас авто-саноат» МЧЖда юк автомобиллари ишлаб чиқариш ташкил этилади (йилига 3 минг дона). Лойиҳанинг қиймати 8 миллион доллар.

БААнинг «Mustafa Rent A Car L.L.C» компанияси билан ҳамкорликда, Наманган вилоятининг Чуст туманида, «Наманган чанган моторс» МЧЖда йилига 1,8 мингта автомобил ишлаб чиқариш ва йиғиш ташкил этилади.

Хитойнинг «Beijing Automotive Group» компанияси билан ҳамкорликда Сурхондарё вилоятининг Денов тумани «Аббос-Эко Агро» МЧЖда йилига 10 минг дона енгил автомобил, минивен ва кичик юк автомобиллари ишлаб чиқариш режа қилинган.

2019 йил 18 июл куни қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси автомобил саноатини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарорида 2019 — 2023 йилларда енгил автомобиллар ишлаб чиқариш ҳажмини 350 минг донагача , юк автомобиллари ва автобуслар ишлаб чиқариш ҳажмини 10 минг донагача, автомобилларнинг йиллик экспорт ҳажмини 100 минг донагача етказиш режа қилинганди.

Аввалроқ, «Жиззах» эркин иқтисодий зонаси ҳудудида Франциянинг «Peugeot Citroen Automotive»заводи билан ҳамкорликда Peugeot Expert ва Peugeot Boxer русумидаги экспортбоп тижорат автомобиллари ишлаб чиқариш кўзда тутилган эди, аммо ишлар режадагидай бажарилмади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Авто » Ўзбекистон автомобил саноатида янги машиналар ишлаб чиқарилиши режалаштириляпти