12:20 / 17.05.2021
2 984

Автомобилда йўловчи ташишни соддалаштириш мақсадида эксперимент ўтказилади


«Aвтомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолиятини тартибга солишни янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори (ПҚ–5108-сон, 07.05.2021 й.) қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2021 йил 15 майдан 2022 йил охиригача автомобилда йўловчи ташиш фаолиятини тартибга солишни соддалаштириш бўйича эксперимент ўтказилади. Бунда:
- йўловчиларни ҳайдовчидан ташқари тўрттадан ортиқ бўлмаган ўриндиқларга эга бўлган енгил автотранспортларда ташиш якка тартибдаги тадбиркорлар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатига киритилади;
- якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан йўловчиларни енгил автотранспортларда ташиш лицензия варақасига асосан амалга оширилади;
- лицензия варақаси 21 ёшга тўлган ва бошқарувида аризани бериш вақтида 10 йилдан ортиқ бўлмаган вақт давомида эксплуатация қилинаётган автомобиль мавжуд бўлган якка тартибдаги тадбиркорларга «Лицензия» ахборот тизими орқали берилади;
- автомобилда йўловчиларни ташиш билан шуғулланадиган якка тартибдаги тадбиркорлар «Aккредитация маркази» ДУКда аккредитациядан ўтган техник хизмат кўрсатиш станцияларида 6 ойда камида 1 маротаба транспорт воситасини техник кўрикдан ўтказиши шарт;
- якка тартибдаги ташувчилар лицензияга эга корхоналарда ҳамда йўловчи ташувчиларга мижозларни излаш бўйича интерактив хизматларни кўрсатувчи тадбиркорлар (агрегаторлар) томонидан ташкил қилинган махсус текширув пунктларида ойлик тиббий кўрикдан ўтиши шарт;
- якка тартибдаги ташувчиларга йўловчиларни автомобиль транспортида ташиш фаолияти доирасида ходимларни ишга ёллашга рухсат этилмайди;
- 2021 йил 1 сентябргача якка тартибдаги ташувчиларни давлат рўйхатидан ўтказганлик учун давлат божи ундирилмайди;
- якка тартибдаги ташувчилардан лицензия варақаси берилганлиги учун давлат божи йилига БҲМнинг бир баробари миқдорида ундирилади. Бунда давлат хизматларини кўрсатганлик учун йиғим ундирилмайди;
- якка тартибдаги ташувчилар қатъий белгиланган миқдорда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини 3 тоннагача юк кўтариш имкониятига эга автомобиль транспортида юкларни ташиш фаолияти билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркорлар учун белгиланган ставкада тўлайди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Авто » Автомобилда йўловчи ташишни соддалаштириш мақсадида эксперимент ўтказилади