23:20 / 20.08.2021
4 988

Президент Асакадаги автомобиль заводи ҳеч қачон Ўзбекистон халқига фойда келтирмаганини айтди

Президент Асакадаги автомобиль заводи ҳеч қачон Ўзбекистон халқига фойда келтирмаганини айтди
Президент Шавкат Мирзиёев 20 август тадбиркорлар билан очиқ мулоқот чоғида Асакадаги General Motors автомобиль заводи фаолияти ҳақида гапирди, деб хабар берди «Gazeta.uz».

Ўз навбатида давлат раҳбари автомобиль заводи аввал 35 фоиз зарар билан ишлаганини, харажатларнинг 35-40 фоиз давлат ҳисобидан амалга оширилганини таъкидлади.

«Бирор марта маҳсулотини фойда билан ишлаб чиқармаган. Агар ҳозиргидек рақобат бўлиб, заводни кенг океанга қўйиб юборганимизда машина сони кўпаяр, ҳам арзон, ҳам рақобатбардош бўларди», — деди у.

Шавкат Мирзиёев бу завод учун барча имкониятлар, жумладан, солиқ имтиёзлари яратилганига қарамай, у ҳеч қачон Ўзбекистон халқига фойда келтирмаганини афсус билан тан олди.

«Экспортга юборган машинамизни ички бозорга нисбатан 30-40 фоиз арзонроқ қилиб сотар эдик. Чегарадан ўтказиб қўяр эдик-да, экспорт қиляпмиз деб, ғўддаяр эдик. У экспорт эмас, бало эди», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президентнинг таъкидлашича, энди рақобат муҳитини шакллантириш натижасида завод ўз фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиши керак бўлади.

«Андижон машина заводи 3-4 йилдан кейин бизга керак ҳам эмас. Нимага десангиз, мана Тошкент вилоятида, Наманганда очиляпти, Жиззахда ҳеч ким тасаввур қилмаган 2-3 та завод очяпмиз. Шунинг учун биз Андижон заводини кўрсатганимизда ҳам фақат расмини кўрсатар эдик, биноси чиройли эди. Ичи (ишлаб чиқариши назарда тутилмоқда — таҳр.), иқтисодиёти маъқул эмас эди», — деди давлат раҳбари.

Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг айтишича, бундан 5 йил олдин ким вилоятга келган бўлса, ҳокимиятда GM автомобиль заводидан бошқа кўрсатадиган ҳеч нарсаси йўқ эди. Вилоятда иш ўринларини яратишда фақат заводга умид қилинган, лекин ҳозирда минглаб одамларни иш билан таъминлай оладиган тадбиркорлар бор.

Маълумот учун, Ўзбекистондаги бир қанча компаниялар 2021–2023 йилларда енгил автомобиллар, пикаплар, юк машиналари, микроавтобуслар ва бошқа енгил автомобилларни ишлаб чиқариш ва йиғишни ўзлаштиришни мақсад қилган. Президент шунингдек, автомобиль ишлаб чиқарувчилар сонини кўпайтириш режаларини эълон қилди.

Хусусан, 2021–2022 йилларда Жиззахда 277 миллион долларлик автомобилсозлик соҳасида учта лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Бу АDМ Жиззахда енгил автомобиллар ишлаб чиқаришнинг иккинчи босқичи (ҳозирда Кia моделлари сотилмоқда), Volkswagen тижорат автомобилларини ишлаб чиқаришнинг иккинчи босқичи, шунингдек, микроавтобуслар, тижорат ва юк машиналарини йиғиш бўйича Auto Motors Asia лойиҳаси.

2018 йилда «Ўзавтосаноат» Американинг General Motors корпорациясидан қолган акцияларни сотиб олиб, Асакадаги GM Uzbekistan автомобиль заводининг ягона акциядорига айланди ва компанияни номини UzAuto Motors деб ўзгартирди. Компанияда ишлаб чиқариш 24 фоизга пасайишига қарамай 2021 йилнинг олти ойи якунларига кўра унинг соф фойдаси қарийб 70 фоиз – 902,6 миллиард сўмга (84,6 миллион доллар) ўсди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Авто » Президент Асакадаги автомобиль заводи ҳеч қачон Ўзбекистон халқига фойда келтирмаганини айтди