21:41 / 29.04.2022
1 550

Туркияда қадимий ерости шаҳар топилди

Туркияда қадимий ерости шаҳар топилди
Туркиянинг Мардин вилояти Мидят туманида қадимга ерости шаҳар топилди. Археологлар ерости маскан фавқулодда катта эканини таъкидламоқда, деб хабар беради Daily Sabah нашри.

Қудуқ, бункер, ибодатхона ҳамда узун йўлаклардан иборат улкан шаҳар милодий II-III асрларга тааллуқли бўлиши мумкин.

Ноёб хазина тасодиф туфайли топилди. Ҳудуддаги тарихий кўча ва уйларни тозалаш жараёнида олимлар ғор оғзига дуч келишди. Кейинроқ бу ерости шаҳарнинг кириши дарвозаси экани маълум бўлди. Археологлар деворий ёзувларни ўрганиш жараёнида Мидят шаҳри милоднинг бошларида Матиат деб аталганини аниқлашди.

TRT тайёрлаган видеолавҳада еростидаги шаҳарнинг умумий кўриниши акс этган.

Мардин музейи директори ва қазишма ишлари раҳбари Ғани Таркан илгари Онадўлида ҳам ерости шаҳарлар топилгани, аммо Матиат улканлиги билан алоҳида аҳамият касб этишини қайд этди.

«Матиат 1900 йил давомида хизмат қилган. Аввал-бошда бу маскан яшириниш жойи сифтида қурилган бўлса керак. II асрда насронийлик расмий мақомига эга бўлмагани маълум. Насронийликни қабул қилган оилалар ва қавмлар Рим таъқибидан қочиш учун ерости шаҳарларга яширинган. Мидятдаги ерости шаҳар ҳам шу мақсадда барпо этилган бўлса керак. Ўрганишларимизга кўра, бу ерда 60-70 минг киши жон сақлаши мумкин бўлган», ؘ– дейди қазишма ишлари раҳбари Ғани Таркан.

Маданият ва туризм вазирлиги томонидан олиб борилаётган археологик ўрганишларда сирли тарихий масканга оид янги тафсилотлар аниқланиши кутилмоқда.

Туркиянинг бошқа кўҳна шаҳарларида ҳам кўплаб ерости масканлар топилган. Масалан, Деринкую ерости шаҳарчасининг чуқурлиги 60 метрни ташкил этади. Милоддан аввалги II-I асрларда барпо этилган маскан 20 минг кишини бағрига сиғдирган. ЮНЕСКОнинг бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Каппадокия минтақасидаги ерости шаҳарларга ҳар йили миллионлаб сайёҳ боради.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Туркияда қадимий ерости шаҳар топилди