
Россия Украинага бостириб киришда бир қатор муваффақиятсизликлардан сўнг Ливиядан 1200 га яқин ёлланма аскарини олиб чиқиб кетди.
Financial Times газетасининг ёзишича, номи ошкор этилмаган Ливия расмийлари сўнгги ҳафталарда “Вагнер” ёлланма гуруҳига мансуб 200 нафар россиялик ва Москва томонидан ёлланган 1000 нафар суриялик Ливияни тарк этганини маълум қилган. Бироқ ҳисоботда айтилишича, мамлакатда ҳали ҳам 5000 россиялик ёлланма аскар қолмоқда.
Россия президенти Владимир Путин билан яқин алоқада бўлган Евгений Пригожин исмли олигарх томонидан бошқарилиб молиялаштирилган “Вагнер" гуруҳи сўнгги беш йил ичида бир қатор мамлакатларда, жумладан Сурияда ҳам фаол бўлиб, Башар Асадга ёрдам бериб келган.
Гуруҳ бу мамлакатлардаги амалиётлари давомида кўп сонли инсон ҳуқуқларини поймол қилган ва тинч аҳолига нисбатан ваҳшийликларни амалга оширган. Ливия ҳудудида портловчи миналар ўрнатган ва Сурияда қуролсиз одамларни калтаклаган, қийноққа солган ва ёқиб юборган.
Ливиядан ташқари, у Африканинг бошқа мамлакатларида, масалан, Марказий Африка Республикаси ва Малида ҳам фаол бўлиб турибди. Айрим ОАВ хабарларига кўра, яқинда қўшинларни олиб чиқиш чоғида 200 га яқин “Вагнер” жангчиси ҳам Марказий Африка Республикасини тарк этган.
Украинадаги рус ҳарбийлари сўнгги икки ой давомида муваффақиятсизликларни бошдан кечирди. Руслар пойтахт Киевни босиб олишга уринишларидан воз кечиб, ўз ҳаракатларини мамлакат жануби ва шарқига қаратишга мажбур бўлган вақтда Ливиядан ёлланма аскарларни олиб чиқишга қарор қилди.
"Вагнер" ёлланма аскарлари Россия кучларига Украинадаги операцияларида ёрдам бериш учун йўналтирилиши ва жойлаштирилиши кутилмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар